s
Шартнома муносабатларида белгиланган шартларини бажариш ҳар иккала тарафнинг ҳам бир хилдаги мажбуриятидир. Шартнома мажбуриятини бажармаслик эса, бир тарафнинг иқтисодий зарар қуриши, иккинчи тарафнинг жавобгар бўлишига сабаб булади.
“Д.” масъулияти чекланган жамияти ва “Ж.” масъулияти чекланган жамиятлари ўртасида 2022 йил 11 январь куни 45-М-сонли маҳсулот етказиб бериш шартнома тузилган. Мазкур шартномга кўра, “Д.” масъулияти чекланган жамияти томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилган бўлсада, “Ж.” масъулияти чекланган жамияти томонидан ушбу шартномалар мажбуриятлари тўлиқ бажарилмасдан келинган.
Жумладан, Мазкур шартномаларнинг 4.2-бандига кўра, томонлар ўртасида сотилган товарлар учун тўловлар қуйидагича амалга оширилади жумладан а) буюртма қилинган ҳар бир партия учун тўлов счёт-фактура берилган кундан бошлаб 3 банк куни ичида "Сотувчи"нинг ҳисоб-китоб ҳисобварағига 25% олдиндан тўлаш орқали, қабул қилинган товар миқдорининг қолган 75% учун кечиктирилган тўлов 30 календар кунни ташкил етади. б) Товарнинг буюртма қилинган партияси миқдорининг 15% олдиндан тўланиши бундан мустасно эмас. Қабул қилинган товар миқдорининг қолган 85% учун кечиктирилган тўлов 10 календар кунни ташкил қилади.
Шунга асосан, “Д.” масъулияти чекланган жамият томонидан шартнома бўйича етказиб берилган маҳсулотдан жами 29 116 794,75 сўмнинг 843 749,40 сўм қисми тўлаб берилган қолган 28 273 045,35 сўм асосий қарз “Ж.” масъулияти чекланган жамият томонидан тўланмаган ва ҳисоб-китоб қилинмасдан қолган.
“Д.” масъулияти чекланган жамият томонидан “Ж.” масъулияти чекланган жамиятга шартнома бўйича қарздорликни тўлаб бериш юзасидан талабномалар юборилган бўлсада, ушбу талабномалар жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.
Шунга кўра, даъвогар “Д.” масъулияти чекланган жамияти Боғот туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар “Ж.” масъулияти чекланган жамиятидан 28 273 045,35 сўм асосий қарз ҳамда 14 136 522,68 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суд даъво аризасида баён этилган важлар ва унга илова қилинган ҳужжатларни, шунинг тарафларнинг судда тақдим қилган далиллари ва тушунтиришларини тинглаб иш ҳолатларини батафсил ўрганиб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси тегишли моддалари ва ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли Қарори таяниб, суд даъво аризасини қисман қаноатлантирди.
Суд қарорига асосан жавобгар “Ж.” масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар “Д.” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 28 273 045,35 сўм асосий қарз, 4 240 956,80 сўм пеня, олдиндан тўланган давлат божи ва сўм почта харажати ундириб берилди.
Шартномавий муносабатларга шартнома шартларига беписандлик билан қариши натижасида “Ж.” масъулияти чекланган жамияти асосий қарздан ташқари, шартнома шартларини бажаришни кечиктирганлиги учун пеня тўлашга хам мажбур бўлди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шартномавий муносабатлар белгиланган мажбуриятларни тўлиқ бажаришни талаб қилади. унга амалга қилмаган тараф доимо ютқазади.
Дилшод Шарипов, Боғот туманлараро иқтисодий судининг судьяси