s
USD: Rub: Eur:
2023-11-13 561

СУ ҒУРТА МУЛКИЙ МАНФААТ ВА ХОТИРЖАМЛИК ГАРОВИ СИФАТИДА: МАВЖУД МУАММОЛАР ВА САМАРАЛИ ЕЧИМЛАР

Мулк ва мулкий муносабатлар, хусусий мулк даҳилсизлиги юзасидан кўп адабиётлар ўқиганмиз. Ўзбек миллати қадим-қадимдан "уйим-жойим" дея, ўтрор турмуш тарзига ўрганган. Айни пайтда муаллиф томонидан аҳоли уй-жойларини турли хатар ва қалтисликлардан кўриладиган зарардарни қоплаш масаласи долзарблигини жамоатчилик эътиборига ҳавола этишга ҳаракат қилинган.

 

Жамиятдаги ҳар бир мавжуд муаммо тарихан йўл қўйилган қайсидир хатонинг натижаси сифатида вужудга келади. Айни шу тарихий хато чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд имкониятлар ёрдамида ҳал қилинмаса, бу нафақат умумий, балки шахсий манфаатларга ҳам  ўз таъсирини ўтказади. Хўш, бугун Ўзбекистонда хусусий мулк, жумладан уй-жойи суғуртасининг зарурати ва аҳамиятини фуқароларимиз қанчалик англаб етяпти? Бунинг учун бироз тарихга назар солишимиз керак.

XIX асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиёда уч хонлик ўртасидаги тўхтовсиз урушлар, келишмовчиликлар хонликлардаги иқтисодий, ижтимоий-сиёсий вазиятни танг ахволга олиб келди, ушбу ҳудудаги маданий ҳаётни издан чиқарди ва ўлкадаги бундай зиддиятли ҳолат Чор Россия босқини амалга оширилишига қулай шароит яратди. Чор Россия босқинига қадар ва босқинидан кейин ҳам ўлкада мавжуд бўлган иқтисодий-ижтимоий муносабатлар ўша давр тадқиқотчилари томонидан етарлича ўрганилмаган, ёритилмаган. Шу ўринда жадидчи бобомиз Абдурауф Фитрат ўзининг  "Шарқ сиёсати" асарида " Шарқ ўзининг тарихи, сиёсати, ҳунари, инсофи, адолати, ахлоқи ва хидмату эътиборлари билан унча юксалмиш, у қадар тараққий этмиш эдиким, тасаввури ҳам бизнинг мияларимизға сиғмайдур" каби билдирган фикрлари тарихимиз, узоқ ўтмишимизда аҳоли фаровонлиги йўлида қатор долзарб масалалар, жумладан турли офатлар, тасодифлар оқибатида кўрилган зарарни қоплаш механизмлари ҳам ўз ечимини топганлигига шубҳа йўқ.

XX асрнинг бошларида рўй берган давлат тўнтариши ва унинг оқибатида
Ж. Руссонинг "Мулк ҳуқуқи барча ёмонликлар манбаси" ёки Прудоннинг "Мулк-бу ўғирликдир" каби ғоялари асосида қурилган сиёсий-иқтисодий устқурмани ҳокимият тепасига келиши Туркистонда хусусий мулк ва унга ҳурмат билан қараш каби ақидаларни чиппакка чиқарди. Салкам  бир аср мобайнида давлат мулкига асосланган иқтисодий тизим ҳукмрон бўлиб, инсон ва шахс манфаатлари негизини ташкил этувчи кенг маънодаги демократия ва эркинлик ғоясига "нуқта" қўйилди. "Механик" усулда ёки зўрлик ва куч билан мулкни ўз мулкдорларидан тортиб олиш ва давлат мулки якка ҳокимлигини ўрнатилиши, феодал ишлаб чиқариш усули устуворлик касб этган.[1] Шундек қилиб давлат мулки якка ҳокимлигига асосланган сиёсий тузум аҳоли бошига тушиши мумкин бўлган турли табий офатлар, турли бахтсиз ҳодисалар, жумалдан тошқин ёки қурғоқчилик, зилзила ёки бошқа офатлардан жабрланганларни ҳимоя қилиш давлат мулки соҳиби давлат институтлари зиммасига юклатилди. Бошқача айтганда собиқ иттифоқ даврида мамлакат ичкарисидаги барча қалтисликлардан ҳимоя қилиш фақат «Госстрах» деб аталмиш давлат суғурта органлари томонидан амалга оширилди.

Ҳурматли Президентимиз "..бугун инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Ер юзида иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва бошқа табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар катта хатарларга" айланаётганлигини таъкидлаб, янги 2023 йилни "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"деб номлаш юзасидаги ташаббуслари, айни пайтда 2023 йил 11 сентябрь куни имзоланган ПФ-158-сонли «Ўзбекистон — 2030» стратегияси тўғрисидаги фармонлари ижроси маъсуллар олдига қатор вазифаларни юклайди. [2]

Зилзилалар, сув тошқинлари (цунами), тоғлар кўчиши сингари табиатнинг энг даҳшатли офати натижасида тириклик дунёси, биринчи галда одамлар турар жойлари, жамоатчилик ва давлатнинг мол-мулки ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларига етказилиши эҳтимоли бўлган ақлга сиғмайдиган зарарни прогнозлаштириш муаммосига ечим топиш жаҳон олимларининг диққат марказида муқим турибди. Масалан, 1866 йилда Тошкентда содир бўлган зилзилада кўрилган зарар миқдори номаълум, бироқ орадан 100 йил ўтгандан кейин 1966 йил 26 апрелда рўй берган Тошкент зилзиласи оқибатида иқтисодиёт, жумладан аҳоли уй-жойлари 300 млн АҚШ доллари (ҳозирги баҳода 10 млрд АҚШ доллари, яъни ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг бир йиллик ЯИМнинг 10/1 қисми ) миқдорида зарар кўрган. “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги Қонуннинг муқаддимасида “Ўзбекистон Республикаси мулкдорга қарашли бўлган мол-мулкни сақлаш ва кўпайтириб бориш учун барча зарур шароитларни яратиб бериш” ҳақида умумий қоида бор. Мисол учун 141 моддадан иборат “Уй-жой кодекси”нинг биронта нормасида уй-жойларни турли хатар ва қалтисликлардан ҳимоя қилиш масалалари ёритилмаганлиги соҳада мавжуд муаммоларни ечимини топишда тўсиқ бўлмоқда. Яъни, мавжуд қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга катта эҳтиёж туғилмоқда.

 

 

Ушбу маълумотлардан ҳам кўришимиз мумкинки, Ўрта Осиё ҳудудида, хусусан Ўзбекистонда доимий табиий офат хавфи мавжуд. Бундай ҳолатда мол-мулкни суғурталаш енг тўғри ечимдир. Албатта, охирги йилларда Президент бошчилигида аҳолини таббий офатлардан ҳимоя қилиш борасида самарали чоралар амалга оширилмоқда. Ёдингизда бўлса, Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “...бугун инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Ер юзида иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва бошқа табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар катта хатарларга айланаётганлиги”ни таъкидлаб ўтгандилар.[3] Қолаверса, 2023 йилни "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"деб номланиши аҳоли қадри-қимматини, ҳатто мол-мулкини турли хатарлардан ҳимоя қилувчи субъектларга ҳам қатор вазифа ва масъулиятни юклайди.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Ўзбекинвест” ЭИСК АЖнинг республикада фавқулодда вазиятлар (табиий, техноген ҳусусиятли ҳамда ёнғинлар)ни олдини олиш, профилактик тадбирларни ташкил этиш, жумладан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг суғурта маданиятини ошириш бўйича 2023-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорликдаги амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. "Узбекинвест" ЭИСК" АЖ томонидан ушбу амалий чора-тадбирлар ижроси доирасида аҳоли уй-жойларини турли хатар ва қалтисликлардан, шу жумладан фақатгина ёнғиндан суғурталашга қаратилган “Хавфсиз хонадон” суғурта маҳсулоти электрон ҳамда қоғоз кўринишида ишлаб чиқилиб, аҳоли хонадонларига тавсия этилмоқда.

2023 йилнинг 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфига нисбатан миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда самарали амалга оширишни ташкил этиш тўғрисида”ги 362 сонли қарори қабул қилиниши ва ушбу қарорнинг тегишли иловалари билан “2023-2030 йилларда табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳаракатлар режаси”, шунингдек “2023 -2030 йилларда табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш буйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳаракатлар режасини амалга ошириш буйича “Йўл харитаси” тасдиқланганлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва "Узбекинвест" ЭИСК" АЖ ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлигикнинг ўрнатилиши ўта долзарб эканлигини тасдиқлайди.

Бугун мамлакатимизда аҳолисини уй-жой билан таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, аҳоли моддий фаровонлиги ортиши бараварида жойларда, хусусан, қишлоқларимизда янги замонавий уй-жойларнинг барпо этилиши йилдан йилга ортиб бормоқда. Кадастр агентлигининг маълумотларига кўра 2022 йилнинг 14 декабрь ҳолатига 6 млн. дан зиёд якка тартибдаги уйлар, деярли 1,5 млн. кўп қаватли уйларда квартиралар давлат рўйхатига олинган. Ўз навбатида, табиий офатлар, бахтсиз ҳодисалар, ёнғинлар ва техноген ходисалар натижасида зарар кўрган уй-жойларни тиклаш харажатлари миллиардлаб сўмни ташкил этмоқда. Айни шу харажатлар давлат бюджетига қўшимча юк бўлаётганлиги уларни бартараф этишга муқобил молиявий манбаларни жалб қилиш заруратини келтириб чиқармоқда. Муқобил манба эса аҳоли уй-жойларини суғурталаш тизимини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариш, деб ҳисоблаймиз. [4]

Шу ўринда айтиш жоизки, тарихда бундай тажриба XX аср бошларида амалга оширилган янги иқтисодий сиёсат (НЭП)да қўлланилган бўлса, ҳозирда қатор ривожланган мамлакатлар ҳамда Янги Зелландия, Руминия, Туркия ва яқин қўшнимиз Қирғизистон давлатларида аҳоли уй-жойларини мажбурий суғурталаш институтидан кенг фойдаланилиш яхши йўлга қўйилган. Бунинг натижасида қайд этилган давлатларда аҳоли мулкини турли хатар ва қалтисликлардан суғурталаш қамрови 19 фоиздан 50 фоизгача ва баъзи мамлакатларда унданда юқори кўрсаткичларни ташкил этиб, ушбу мамлакатларда бошига кулфат тушган аҳоли ва унинг мол-мулки бозор тамойилларига мос равишда ижтимоий ҳимояланадиган бўлди, давлат бюджетига юк бўлиш эҳтимолини сезиларли камайтирди, иқтисодиёт учун зарур бўлган инвестицион ресурслар жамғарилишига имкон яратилди. Шунинг учун ҳам иқтисодчилар кенг маънода “Суғурта-ижтимоий стаблизатор, иқтисодий амортизатор” эканлигини бот бот такрорлайдилар.

Яна бир масала, бугун Ўзбекистонда рўй бераётган тизимли ўзгаришлар ва истиқболли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар шароитида уй-жой суғуртасини янги босқичга кўтармасдан, миллий суғурта тизимини самарали ривожлантириб бўлмайди. Таъкидлаш жоизки, суғурта — бу ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатларига, 7 млн.дан зиёд уй-жой эгаларини ишончли суғурта ҳимояси билан таъминлаш, давлат бюджети маблағларини тежашга ҳам хизмат қилади.

Кадастр агентлигининг жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари сони ва уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида 14.12.2022 йил ҳолатига оид маълумотни қуйида келтирамиз:

 

Ушбу рақамларнинг таҳлили ва хулосасидан кўриниб турибдики, кўпчилик фуқаролар ҳали-хануз ўзларига тегишли уй-жойларини суғурталаш масаласида бир тўҳтамга келган эмаслар.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бугун фуқароларимизнинг бу соҳадаги ҳуқуқий маданияти ва иқтисодий саводхонлигини янада ошириш, институционал масалаларни ҳал этиш, норматив-ҳуқуқий хужжатларни такомиллаштириш, уларнинг ўзларига тегишли бўлган уй-жойларини суғурталаш масаласида мавжуд оқсоқликларни бартараф этишни талаб этмоқда. Бу омиллар эса республикамизда суғурта бозорининг янада илдамроқ ривожланишига, энг асосийси аҳоли ва унинг мулкини турли хатар ва қалтисликлардан кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қопланишига имкон яратади. Таклифимиз шуки, маҳаллий ҳокимият, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик ушбу масалага  ҳушёрлик билан ёндашса, бундан аҳоли ҳам, давлат ҳам ютган бўлар эди.

 

САМИДИЛЛО МАХМУДОВ

“Ўзбекинвест” ЭИСК АЖ бўлим бошлиғи

 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилда     Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси.

  1. Абдурауф Фитрат "Шарқ сиёсати" асари. (1919 й.)
  2. “Страхование имущества от бедствий в Республике Узбекистан: Обзор и рекомендации”. Январь 2020ю The World Bank. 29-38б.
  3. Сайтлар: http://kadastr.uz/; http://lex.uz/; https://mehnat.uz

 

[1] "Тошкент" Энсиклопедияси. 2009 йил.

[2] (https://data.egov.uz/uzb/organizations/90)

[3] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилда     Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси

[4] “Страхование имущества от бедствий в Республике Узбекистан: Обзор и рекомендации”. Январь 2020ю The World Bank. 29-38б.

Мавзуга оид