s
USD: Rub: Eur:
2023-08-18 759

Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак. ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 99-моддасида белгилаб қўйилган бўлиб, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. лекин ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.

Шунга кўра, Маржона Бахрамбек қизи судга суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиб, 2022 йил 18 январда туғилган Умар Сардорбек ўғли таъминоти учун Сардорбек Эргашевичдан алимент ундиришни сўраган.

Суднинг 2022 йил 01 августдаги суд буйруғи билан қарздор Сардорбек Эргашевичдан ундирувчи Маржона Бахрамбек қизи фойдасига 2022 йил 18 январда туғилган Умар Сардорбек ўғли исмли фарзандининг таъминоти учун унинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.

Ушбу суд буйруғи қарздор Сардорбек Эргашевичнинг билдирган эътирози сабабли суднинг 2022 йил 12 августдаги ажрими билан бекор қилинган.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 181-моддасига кўра қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради.

Шунга кўра, Маржона Бахрамбек қизи 2022 йилнинг сентябрь ойида  судга даъво ариза билан мурожаат этиб, турмуш ўртоғи Сардорбек Эргашевич билан ўзаро келишмовчиликлар сабаб алоҳида яшаётганлигини, вояга етмаган фарзанди ўзининг тарбиясида эканлигини, Сардорбек Эргашевич эса фарзанди таъминотида иштирок этмаслигини билдириб, 2022 йил 18 январда туғилган Умар Сардорбек ўғли исмли фарзандининг таъминоти учун алимент ундиришни сўраган.

Суднинг 2022 йил 22 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар Сардорбек Эргашевичдан даъвогар Маржона Бахрамбек қизи фойдасига 2022 йил 18 январда туғилган Умар Сардорбек ўғли исмли фарзандининг таъминоти учун унинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент 2022 йил 01 августдан бошлаб ундирилиши белгиланган.

 

Элёр Рўзимов, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг раиси

 

 

 

 

Мавзуга оид