s
USD: Rub: Eur:
2023-10-25 483

Мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим йўналиши

 

Янгиланган Ўзбекистоннинг янги Бош қомуси мамлакат ҳаётининг барча жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган асосий ҳуқуқий ҳужжат сифатида эътироф этилаётгани ҳаммамиз учун фахрланарли ҳолатдир. Унинг ҳар бир бўлими, боби, моддаси жаҳоншумул аҳамиятга молик демократик қоидалар, тартиб-таомиллар билан бойитилган. Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги алоҳида муҳим аҳамият касб этади. Иқтисодиёт ҳар  қандай давлат ва жамиятнинг ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган моддий  асосидир. Жамиятнинг бошқа институтлари усиз ривожлана олмайди. Ушбу ҳаётий омил янгиланаётган Конституциянинг энг муҳим жиҳатини ташкил этаётгани тамомила мантиқий ҳолдир. Чиндан ҳам шундай: иқтисодиёти барқарор мамлакатнинг турмуши тўкин, халқи фаровон, кучи-қудрати бисёр бўлади.                 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 3-бўлим XII боби “Жамиятнинг иқтисодий негизлари” деб номланди.

Бош қомусимизнинг 65-моддасига кўра фуқаролар фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилувчи Ўзбекистон иқтисодиёти негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.

Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Мазкур Конституциявий нормага мувофиқ, хусусий мулк дахлсиз ҳисобланиб, мулкдор ўзининг мол-мулкидан қонунда белгиланган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда албатта суднинг қонуний қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас, деб ҳисобланган.

Қомусимизнинг 66-моддасига асосан, мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги кераклиги белгиланмоқда. Шу билан бирга, 67-моддасига мувофиқ, давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди.

Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.  Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.  Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади. Бу эса, ўз навбатида келгусида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг ва қулай инвестициявий муҳитни таъминлашнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимиз улкан тадбиркорлик ҳаракатининг ҳақ-ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кейинги йилларда янада кучайгани ва шиддаткор тус олгани, бу эса Конституциямизда қайд қилинган ҳуқуқий меъёрларни ҳаётга янада изчил татбиқ этиш гарови бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни халқ, давлат ва жамият манфаатларини ишончли муҳофаза борасида изчил фаолият кўрсатаётган суд тизимида ҳам яққол кўриш мумкин.

Юқорида таъкидланганидек, Конституциямиз мамлакат тараққиёти, халқимиз турмуш тўкинлиги кафолати сифатида эътироф қилинаётган тадбиркорлик ҳаракатини янада ишончли ҳуқуқий воситалар асосида қўллаб қувватлайди, ҳимоя қилади ва бош қомусимизда белгиланганидек, бутун мамлакат бўйлаб қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити кафолатланади. Ўзбекистонимиз жаҳон таниган, тан олган, халқи тўкин-сочин турмуш кечирадиган қудратли мамлакат мақомини янада мустаҳкам эгаллашида юртимиз асосий қонунининг ўрни, роли ва аҳамияти беқиёс эканлигини мамнуният билан тилга олишимиз керак.

 

     Дилшод Шарипов Боғот туманлараро иқтисодий суди раиси                                                                      

 

Мавзуга оид