s
USD: Rub: Eur:
2025-12-02 287

Конституциянинг мазмун-моҳияти

Янгиланган Конституция мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.

Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланди. Бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.

Бинобарин, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади.

Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича нормалар белгиланди.

Хусусан, Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади. Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланди.

Аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти сифатида Конституцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланди.

Шу муносабат билан, давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади, деган норма белгиланди. Шаҳарларнинг бош режаларини жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказилиши шартлиги қайд этилди.

Ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш кафолатланди.

Жумладан,

– давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;
– давлат ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради;

– давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун шарт-шароитлар яратади;
– давлат ёшларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади;

– давлат ва жамият ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оммавий ахборот воситаларига оид белгиланган муҳим қоидалар:

– давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди;

– давлат оммавий ахборот воситаларининг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди;

– оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади;
– оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.

 

Элёр Рўзимов, Хоразм вилоят судининг судьяси

 

Мавзуга оид