s
Урганч туманида яшовчи фуқаро Х.Тажибаев адлия бўлимига ёзма равишда мурожаат қилиб, унда Кадастр агентлиги туман бўлимининг 23.01.2023-йилдаги Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 681-моддаси билан қўлланилган жаримадан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Шунга асосан, бўлим томонидан Кадастр агентлиги туман бўлимида юритилган маъмурий иш ҳужжатлари олиниб ўрганилганда, амалдаги қонунчиликка зид равишда фуқаро Х.Тажибаевга уй-жойга нисбатан ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмасада, ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз муддатида расмийлаштирмаган деб, асоссиз маъмурий жазо қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги аниқланди.
Хусусан, собиқ Охунбобоев номли ширкат хўжалиги аъзолари вакиллар йиғилишининг 2004-йил 6-декабр кунги баёнининг қарор қисмида Х.Тажибаевга янги турар жой қуриш учун 0,06 га. ер участкаси ажратиб берилган, ўз навбатида ушбу ер участкасида турар жой қурилган.
Шундан сўнг, фуқаро Х.Тажибаев томонидан 2020-йил 10-июн куни ушбу кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат хизматлари маркази орқали берилган
19677951-рақамли аризаси Давлат кадастрлари палатаси Урганч туман филиали томонидан шу куннинг ўзида кўриб чиқилиб, кадастр йиғма жилдининг йўқлиги, ҳуқуқларнинг вужудга келишини белгиламайдиган ҳужжатлар тақдим этилган деб аризаси асосли рад этилган.
Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 29-декабрдаги
1060-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 21, 22, 23-бандларига асосан, ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг рўйхатдан ўтказилишига асос бўлган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиб, ушбу рўйхатда собиқ ширкат хўжалиги аъзолари вакиллар йиғилишининг уй-жой қуриш учун эр участкаси ажратиш билан боғлиқ баёнлари назарда тутилмаган.
Бироқ, Кадастр агентлиги туман бўлими томонидан ушбу ҳолатлар чуқур ўрганилмасдан, фуқаро Х.Тажибаевга ер участкаси ажратиш тўғрисидаги собиқ Охунбобоев номли ширкат хўжалиги аъзолари вакиллар йиғилишининг 2004-йил 6-декабр кунги 12/1-сон баёни кўчмас мулкига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлувчи ҳужжат ҳисобланмасада, асоссиз ушбу ҳужжат ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказилишига асос бўлувчи ҳужжат деб қаралиб, кўчмас мулкига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ўз вақтида мурожаат этмаган деб хулоса қилинган ва 2023-йил 23-январ куни фуқаро Х.Тажибаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 29-декабрдаги 1060-сон қарори талаблари бузилганлиги тўғрисида ХВ-0002886-сонли маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган ва шу асосда Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 681-моддаси билан 3 000 000 сўм миқдорида жарима жазо чораси қўллаш бўйича ноқонуний қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 271-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмаслиги, бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги белгиланган.
Мурожаатни ўрганиш натижаси бўйича бўлим томонидан вилоят Давлат кадастрлари агентлиги бошлиғи номига тақдимнома киритлиб, Урганч туман бўлимининг 23.01.2023-йилдаги фуқаро Х.Тажибаевга нисбатан ҚХОР 2324100276600-сонли маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори бекор қилинди.
Урганч туман адлия бўлими
бошлиғи С.Явкачев