s
USD: Rub: Eur:
2021-05-14 445

ИНСОН АЗИЗ – ХОТИРА МУҚАДДАС!

Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Ушбу кунларда ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган ва турли соҳаларда ишлаб фидойилик кўрсатган инсонлар руҳини шод этиб эслаш ҳам фарз ҳам қарздир. 

Шу мақсадда бугун Ҳазорасп туманидаги “Шовот” маҳалласида 1941-1045 йилларда урушга кетиб, қайтиб келмаган, урушдан қайтиб келиб, ҳозирда орамизда бўлмаган инсонларга бағишланган “Қалбимизда мангу яшайсиз” Хотира тадбири бўлиб ўтди. 

Хотира тадбирига маҳалла фаоллари, вафот этганларнинг оила-аъзолари ва ёшлар таклиф этилди.

Тадбирда сўзга чиққан Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, бу аёвсиз жангу-жадалда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар, фронт ортида меҳнат қилиб жонкуярлик кўрсатганлар хотирасини асло унутилмаслигини, инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ бўлиб, ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардан эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг ўтганлар хотирасига сукут сақланди ва Қуръон тиловат қилинди.

-Бугун маҳалламизда ўтказилган ушбу тадбир барчада катта таассурот қолдирди. Чунки, маҳалламиздаги  Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, қайтиб келмаганлар, келгач вафот этганлар ва турли соҳаларда фидойилик кўрсатиб вафот этган 46 нафар марҳумлар ёдга олинди. Албатта ўтганларни ёдга олиш ва борларини эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир,-дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сора Ражабова.

Дарҳақиқат, Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотирлаш – халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, асрлар мобайнида Ватан учун курашда ва фаровонлиги йшлида ҳалок бўлганлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир.

 

Жамила УСМАНОВА,

Ҳазорасп туман ҳокими Матбуот котиби.

 

Мавзуга оид