s
USD: Rub: Eur:
2025-12-02 387

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш — жамият барқарорлиги ва инсоний қадр-қимматни таъминлашнинг муҳим шарти

Бугунги кунда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб инсон ҳуқуқлари муаммоларидан бири ҳисобланади. Зўравонликning турли шакллари нафақат аёлнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига, балки унинг оилавий муҳити, иқтисодий мустақиллиги ва жамиятдаги фаоллигига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам бу муаммони ҳал этиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. Зўравонлик қонунчиликда аёлнинг жисмоний, руҳий, иқтисодий ёки жинсий дахлсизлигига тажовуз қилиш, унинг эркинлигини чеклаш ёки шахсий манфаатларига зарар етказиш сифатида таснифланади. Бугунги шароитда у жисмоний зўравонлик, руҳий тазйиқ, молиявий чекловлар, мажбурий муносабатлар ва кибер-таҳдидлар кўринишида намоён бўлаётгани жамият учун алоҳида хавотир уйғотмоқда.

Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва жабрланганларга ҳимоя кўрсатиш йўналишида муҳим ҳуқуқий қадамлар қўйилган. 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ушбу соҳадаги асосий ҳуқуқий база бўлиб, у зўравонлик тушунчасини аниқ белгилайди ва жабрланувчиларни ҳимоя қилиш механизмларини белгилаб беради. Аёлларни ҳимоя қилишда ҳимоя ордерлари институти муҳим аҳамият касб этади. Унинг ёрдамида зўравонлик содир этган шахсга нисбатан тезкор тарзда чеклов қўйилиб, жабрланувчининг хавфсизлиги таъминланади. Шу билан бирга, маҳалла тизими, профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар фаоллари аниқланган ҳолатлар бўйича тезкор чора кўриб, профилактика ишларини олиб боради.

Жабрланган аёллар учун реабилитация марказлари томонидан психологик, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатилиши уларнинг ҳаётга қайтишида муҳим омил ҳисобланади. Психологик қўллаб-қувватлаш аёлнинг руҳий изтиробларини камайтириш, ўз кучига бўлган ишончини тиклаш ва нормал ҳаёт тарзига қайтишига кўмак беради. Зўравонлик оқибатлари жисмоний жароҳат каби кўзга кўринмаслиги мумкин, аммо руҳий изтироблар кўп ҳолатларда анча чуқур ва даволашни талаб қилади.

Зўравонликнинг олдини олишда жамиятнинг ўрни беқиёс. Оилада хурмат, бағрикенглик ва ўзаро тушуниш муҳитини яратиш ҳар қандай зўравонликнинг энг самарали профилактикасидир. Ёшлар ўртасида соғлом муносабатлар маданиятини шакллантириш, ҳуқуқий билимларни ошириш ва гендер тенглигини тарғиб қилиш келгуси авлодларда бундай холатларнинг камайишига хизмат қилади. Оммавий ахборот воситалари томонидан зўравонликка муросасиз муносабатни шакллантириш, ижтимоий видеолар, кўрсатувлар ва таҳлилий чиқишлар орқали жамоатчилик орасида онгли муносабатни кучайтириш ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик — жамият барқарорлигига, оила мустаҳкамлигига ва шахснинг конституциявий ҳуқуқларига таҳдид солувчи жиддий ижтимоий-ҳуқуқий муаммодир. Унинг жисмоний, руҳий, иқтисодий ва кибер шакллари аёлларнинг ҳаёт сифатини сезиларли даражада пасайтиради, ижтимоий фаолликни чеклайди ва руҳий саломатликка салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу масалага кенг қамровли ёндашув зарур: қонунчиликни самарали қўллаш, профилактика ишларини кучайтириш, реабилитация марказлари фаолиятини такомиллаштириш, ОАВ ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Аёллар хавфсизлигини таъминлаш — фақат айрим идораларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи ва жамият олдидаги масъулиятидир. Жамият аёлларга неча баравар кўпроқ ҳурмат ва муҳофаза кўрсата олса, унинг барқарорлиги ва тараққиёти шунча мустаҳкам бўлади.

 

Элёрбек Бобажонов, Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг тергов  судъяси

 

Мавзуга оид