s
Дастлабки тергов органи ҳужжатларига кўра Ч.Мадраҳимова болаларни диний таълим жараёнида қийнаш, уларга тан жароҳати етказиб келган.
Бироқ жиноят ишини суд мажлисида кўриш жараёнида болаларга диний таълим бериш жараёнида қийнаш, уларга тан жароҳати етказиш ҳолатлари рўй бермаган. Қолаверса, Ч.Мадраҳимованинг уйида ўзи ва ота-онасининг хоҳишига кўра, диний таълим олган болалар – унга яқин қариндош ёки
қўни-қўшни саналмиш хонадонларда камол топаётган фарзандлардир. Бундай яқинлик уларга нисбатан куч ишлатиш ва зўравонлик ҳоллатларини истисно қилади. Суд мажлисида Ч.Мадраҳимованинг жиноий қилмишга мойиллигини инкор этувчи бошқа ҳолатлар ҳам аниқланди. Айбланувчи араб ёзувини мукаммал ўзлаштиргани, ўқиш ва ёзишни ёшлигида ўргангани, кейинчалик мустақил равишда ўз билимини оширгани, “Қуръон қироати” бўйича “ҳифз” йўналишида ўтказилган қироатхонлар баҳсининг вилоят босқичида қатнашиб, биринчи ўринни эгаллагани, республика босқичида ҳам иштирок қилгани ва
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг дипломи билан тақдирлангани айбга доир шубҳа-гумонларнинг аксарини чиппакка чиқарди. Судланувчининг ўзи эса тергов органи томонидан қўйилган айбга умуман иқрор эмаслигини билдирди. Амалга оширилган суд текширувлари айбга доир даъволарнинг аксари етарлича асослаб берилмагани аён бўлди. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 27-моддасига мувофиқ, “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади.
Суд дастлабки тергов органи томонидан калтаклангани даъво қилинган жабрланувчилар ва уларнинг қонуний вакилларининг Ч.Мадраҳимова томонидан уларга нисбатан ҳеч қандай жароҳат етказилмагани ёки бошқача тарзда зарар етказилмагани, шу сабабли уни ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги боис унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришга доир сўровини ҳамда жиноят ишида мавжуд ҳолатларни муҳокама қилиб, судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далилларга суянди ва пировардида Ч.Мадраҳимованинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас деган хулосага келиб, судланувчи Ч.Мадраҳимовага нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг реабилитацияга тааллуқли 83-моддаси 1-бандига асосан, оқлов ҳукми чиқарилди. Шу муносабат билан унга нисбатан муқаддам қўлланилган “уй қамоғи” эҳтиёт чораси бекор қилинди. Ч.Мадраҳимова суд залидан озодликка чиқарилди ҳамда унга етказилган мулкий зиённи қоплаш, маънавий ва бошқа зарар оқибатларини бартараф этиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Ушбу ҳукм куни кеча апелляция судида ҳам кўриб чиқилди ва ўзгаришсиз қолдирилди. Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, Ч.Мадраҳимова яшаш хонадонида саккиз нафар вояга етмаган шахсга махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериб келганлиги учун унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан қўзғатилган маъмурий иш тергов-судьяси томонидан мазмунан кўриб чиқилди. Суд томонидан Ч.Мадраҳимовага у айбланаётган модда санкциясида назарда тутилган жарима жазоси тайинланди. Шу тариқа қонун устуворлиги ва адолат тантанаси яна бир бор таъминланди. Бу жараёнда айрим муҳокамалар, мутасадди шахслар учун сабоқ бўларли ҳолатлар ҳам рўй берди, яъни инсон тақдири ўйинчоқ эмаслиги, бу борадаги нохолис ва ноўрин хатти-ҳаракатлар замонаси аллақачон ортда қолгани каби ҳақиқатлар яққол ўз тасдиғини топди.
Жиноят ишлари бўйича
Урганч шаҳар судининг
судьяси Б.Якубов