s
Маълумки, ҳуқуқни қўллаш амалиётида жисмоний ва юридик шахсларнинг вақтини, харажатларини тежаш ва қоғозбозликнинг олдини олиш мақсадида низоларни тарафларнинг ярашувига асосан ҳал қилишга қаратилган ҳуқуқ институтлари, хусусан медиация институти ва ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш кенг қўлланилмоқда.
Инсон яралибдики, можаро ва ихтилоф бўлади, зиддиятлар вужудга келади. Моҳиятан бу ҳаёт кечириш учун курашнинг ички ва ташқи шаклларидан бири ҳисобланади. Аммо уни бартараф этиш чораларини топишга ҳам интилишлар бўлган. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар жараёнида айни масалага ҳам алоҳида урғу берилмоқда. Медиация ва медиаторлик ушбу жараённинг ҳосиласидир. Одамлар бузилган ҳуқуқлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш ва кўнгилсиз ҳолатларни бартараф этиш учун тегишли органларга мурожаат қилади. Шундай вазиятларда низоларни судгача олиб бормасдан ҳал этишнинг усулларидан бири сифатида медиациянинг татбиқ этилиши айни муддаодир.
Шу ўринда кўпчиликни бир савол қизиқтириши мумкин – медиация нима?
Медиация — бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули, медиатор эса — медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс ҳисобланади.
Медиация лотинча “mediare” сўзидан олинган бўлиб, воситачилик қилмоқ, ўртада турмоқ, орага кирмоқ (тушмоқ) деган маънони англатади. Шенингдек, низолашувчи тарафлар ўртасидаги можаро ёки ихтилофга имкон қадар фойдали ечим топишдан бўлак манфаатни кўзламайдиган учинчи, холис тараф иштирокидаги музокара тушунчасини ҳам қамраб олади. Шу боис халқаро муомалада медиация “воситачилик”, “яраштириш мақсадида аралашув” тарзида қўлланади ва юридик адабиётларда медиация ва воситачилик тушунчалари бир хил маънога эга.
Мазкур соҳадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 2018 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 2018 йил 28 июнда Сенат томонидан маъқулланган, 2018 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган бўлиб, ушбу қонун 34 моддадан иборат.
Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади. Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар қўлланилиши мумкин. Медиация низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳам ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин. Медиацияда иштирок этганлик факти айбни тан олиш далили бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас. Медиация институтини қўллашнинг кафолати сифатида қонунда назарда тутилган ҳолларда, ваколатли давлат органи ишнинг муҳокамасини қолдириб, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун муддат тайинлаши мумкин ва медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади. Медиация тартиб-таомили амалга оширилаётганда даъво муддатининг ўтиши тўхтатиб турилади. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда белгиланади. Бунда медиатор ва тарафлар медиация тартиб-таомили ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда тугалланиши учун барча мумкин бўлган чораларни кўриши керак. Зарур бўлган тақдирда, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати тарафларнинг ўзаро розилиги билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.Медиация тарафлар томонидан медиатив келишув тузилганлиги, низо хусусида ўзаро мақбул бўлган қарорга эришиш имконияти йўқлиги, мавжуд ихтилофлар бўйича келишувга эришмай туриб медиацияни тугатиш тўғрисида тарафларнинг келишуви тузилганлиги (медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида ёзма келишув мавжуд бўлган тақдирда), шунингдек бирор-бир тарафнинг медиацияни давом эттиришдан воз кечишни маълум қилганлиги ҳамда медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари ўтганлиги муносабати билан тугатилиши мумкин.Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади. Давлат органи ёки бошқа орган томонидан қайси шахснинг манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этилган бўлса, ўша шахс мазкур давлат органининг ёки бошқа органнинг иштирокисиз медиатив келишув тузишга ҳақли. Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.
Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат этишга ҳақли.
Айни пайтда амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 июндаги ПҚ-4754-сонли “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Чунки, жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларида катта даъво суммалари билан боғлиқ низолар тез-тез учраб туради ва табиийки, ушбу даъволар суд мажлисида кўриб чиқилиши учун тўланиши лозим бўлган давлат божи ва бошқа тўловлар ҳам катта миқдорни ташкил қилади. Қолаверса, медиация институтининг қўлланилиши жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларини қоғозбозлик ва ортиқча оворагарчиликдан озод қилади. Хулоса қилиб айтганда, медиация институтини ҳуқуқни қўллаш амалиётига кенг жорий қилишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектларига низоларни судгача кўриб чиқиш тартибини белгилаб, низоларни ўзларига маъқул шахслар (медиатор) иштирокида ва манфаатли шартлар асосида тарафларга қулай вақтда ва жойда ҳал этиш имконини беради.
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси Исаков Зафарбек