s
“Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт”. Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 109-моддасида мана шу сўзлар муҳрлаб қўйилган. Бундан ташқари Кодекснинг 110-моддасида вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланиши кўрсатиб ўтилган.
Биз ўзбекларда ота-онага ҳурмат кўрсатиш, қариганида ғамхўрлик қилиш ўзига хос қадриятларимиздан ҳисобланади. Ота-она ўзи сўрамаса ҳам қарилик чоғида уларга меҳрибонлик қилиш, эҳтиром кўрсатиш динимизда ҳам кўп бора таъкидланган. Аммо шундай бўлишига қарамасдан айрим фарзандлар катта бўлган чоғларида елкасидаги ота-онага бўлган масъулиятларини унутиб қўйишади. Шовот туманлараро судининг очиқ суд мажлисида ана шундай фарзандларининг беэътиборлиги, қариган чоғида моддий таъминотсиз қолдиришгани учун ота шикоят аризаси билан мурожаат қилди.
Фарзандига меҳр бермасдан меҳр талаб қилаётган ота
Қизиғи, даъвогар М.Т.Икромович аёли билан 20 йиллик турмушдан кейин қонуний ажрашган. Фарзандлари М.М.Тажимова, М.Ҳ.Тажимович, М.Ў.Тажимович ва И.Н.Тажимовна она қарамоғида қолган. Даъвогар ота эса ўзига тегишли уйда битта ўзи яшаган.
Даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, фарзандларини вояга етгунига қадар тарбиялаб, ҳар томонлама таъминлаб келганлигини, лекин ҳозирги кунга келиб ўзи нафақага чиққанида ва касал ҳолида фарзандлари ўзининг ҳолидан умуман хабар олмай қўйганларини, ҳеч қандай ёрдам бермаётганликларини, ўзининг оладиган нафақа пули ўзига етмаётганлигини, моддий томондан қийналиб келаётганлигини, моддий таъминотга муҳтожлигини билдириб, фарзандларидан ўзининг фойдасига алимент ундиришни сўраган.
Олдинги суд мажлисида жавобгар фарзандлардан бири М.Ў.Тажимович даъвони тан олиб, ўзи расмий ҳеч қаерда ишламаслигини, устачилик билан шуғулланишини, отаси М.Т.Икромовичнинг моддий таъминоти учун алимент тўлашга рози эканлигини билдириб, ишни қонуний ҳал қилишни сўраган.
Бошқа бир жавобгар фарзанди И.Н.Тажимовна эса даъвони тан олмасдан, олаётган ойлик маоши ўзига етмаслигини, отаси М.Т.Икромовичнинг моддий таъминоти учун алимент тўлашга рози эмаслигини билдириб, ишни қонуний ҳал қилишни сўраган.
Суд юқоридаги иш ҳолатлари ва қайд қилинган қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг меҳнатга лаёқатсизлигини, моддий ёрдамга муҳтожлигини, тарафларнинг моддий аҳволини, меҳнатга лаёқатли эканлигини инобатга олиб даъвони қисман қаноатлантиришни ва жавобгарлардан судга мурожаат қилган кундан бошлаб уларнинг хар биридан таъминот учун алимент ундиришни лозим топади.
Муаммо қонуний асосда ҳал этилди. Аммо шундай вазиятлар борки, уни ҳеч қандай қонунлар билан тартибга солиш мушкул. Бу кўнгил оғриқлари, фарзандларнинг қалбидаги руҳий жароҳатлари. Буни фақатгина меҳр билангина тузатиш мумкин. Агар ота ўз вақтида фарзандларига меҳрибон ота бўлганида балки бу каби судма-суд саргардон юрмасмиди?! Фарзандлари ақлини таниган пайтда ота-онасининг ажрашиши болаларга оғир руҳий зарба бўлгани аниқ. Бундан ташқари фарзандлар нега отани эмас, она билан кетишни танлаган, ахир катта фарзандлар бу пайтда 18 ёшдан ошган, мустақил қарор қабул қилиш лаёқатига эга бўлишган. Фарзандларнинг бемеҳрлигини мана шу сабаблардан излаш керакдир балки. Аммо нима бўлганда ҳам қонун олдида барча баробар. 18 ёшгача тарбия қилгани учун ота бугун ўз фарзандларидан қонуний ҳақини талаб қилди. Иш отанинг фойдасига ҳал бўлди. Аммо фарзандлар меҳрини ҳеч бир суд орқали сотиб олиб бўлмайди. Мана шундай ҳолатларга тушмаслик учун фарзандларимизга ёшлигидан чиройли тарбия берайлик, уларга ғамхўрлик қилиб, меҳрга тўйдирарлик. Токи фарзандларимизга қилган яхшиликларимиз қариган чоғимизда ўзимизга минг баробар бўлиб қайтсин.
Руслан АТАЕВ, Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди судяси