s
Барчамизга маълумки, давлат божи бошқа мажбурий тўловлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этади.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлаш билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни, Фуқаролик процессуал кодексининг 13-боби, Олий суд Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 14-сон Қарори билан тартибга солинади.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига асосан фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилинганда давлат божи тўланиши лозим ва Қонун билан ушбу тўлов миқдорлари белгиланган.
Давлат божи ариза, даъво аризаси (шикоят) берилгунга қадар тўланади. Фақат қонунда белгиланган ҳоллардагина давлат божи тўланмаган ҳолда даъво аризасини қабул қилиб, фуқаролик иши қўзғатилишига йўл қўйилади.
Улар қуйидагилар:
Қонунга кўра тўловчи давлат божи тўлашдан озод қилинган бўлса;
Давлат божи тўлаш кечиктирилган бўлса;
Давлат божи бўлиб-бўлиб тўланадиган (миқдор камайтирилганда қисман) ҳолларда.
Шунингбилан бир қаторда барча судга мурожаат қилувчиларнинг ҳам давлат божини тўлашга моддий имконияти бўлмаслиги мумкин.
Зеро, Конституциямизнинг 55-моддасига асосан ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Бундай ҳолатда қонунчиликда судларга мурожаат қилишда суд харажатларини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириштартиби белгиланган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 127-моддасига кўра, суд ҳаражаатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 133-моддасига мувофиқ суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб, улардан бирининг ёки иккаласининг давлат даромадига ундириладиган суд давлат божини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкинлиги;
193-моддасига кўра, судья ушбу Кодексда назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган аризани, агар аризага тегишли илтимосномалар илова қилинган, бундай илтимосномаларни ҳал қилиш қонун билан судьянинг ваколатларига берилган ҳамда бу илтимосномалар қаноатлантирилган бўлса, иш юритишга қабул қилишга ва иш қўзғатишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Амалдаги тартибга асосан жисмоний ва юридик шахсдан давлат фойдасига ундириладиган суд харажатларини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки миқдорини камайтириш масаласини ҳал қилишда, суд уларнинг бу харажатларни қисман ёки бир йўла тўлашга қурби етмаслиги ҳолатларини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақидаги далилларни (масалан, иш ҳақи (даромади), банкда маблағлари мавжудлиги, унинг эгалигида бўлган мулклар ҳақидаги маълумот, вояга етмаган фарзандлари, бошқа боқимандалари борлиги ва ҳ.к. тўғрисидаги маълумотларни) текширади.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига кўра, пул маблағлари мавжуд бўлмаган ва бу хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тақдирда, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга суднинг ажримига кўра давлат божини кечиктириб тўлашга рухсат берилиши мумкин. Банк тасдиғида судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан уч кун олдинги сана қайд этилган бўлиши керак.
Қонунда давлат божи тўлашни қанча муддатга кечиктириб туриш лозимлиги ёки мумкинлиги айнан белгиланмаган. Лекин, суд амалиёти ва қонунчилик мазмунига кўра, давлат божини тўлаш одатда иш мазмунан кўрилиб, ҳал этилгунгача бўлган муддатга кечиктирилиши мумкин. Чунки, суд ишни мазмунан ҳал этиш юзасидан қарор қабул қилишда давлат божини тегишли тарафдан ундириш масаласини муҳокама қилиши ва ҳал этиши лозим.
Бироқ, қонунчиликда суд харажатларининг миқдорини камайтириш мумкинлиги назарда тутилган бўлсада, бунинг аниқ тартиби белгиланмаган.
Бу эса амалиётда турли хил қарашлар шаклланишига олиб келади.
Шу боис,суд харажатларининг миқдорини камайтириш тартиби, асослари ва мезонлари қонунчиликда аниқ белгиланиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Бир сўз билан айтганда, давлат божи тўлашни кечиктириш, давлат божини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятиберилиши ҳар қандай судга мурожаат қилувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш кафолатларининг таъминланишига ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.
Атабек Маткаримов, Хоразм вилоят суди раисининг ўринбосари