s
Тарихдан маълумки инсоният ўзини қабиласи, кейинчалик оиласи ва яқинларини озиқ-овқат билан таъминлаш учун дастлабки бажарадиган иши яъни бугунги кундаги замонавий тил билан айтганда касби албатта овчилик бўлган. Замон ривожланиши билан бу касб ҳозир дунёнинг аксар ҳудудларида фақатгина ҳобби тарзида сақланиб қолган. Лекин бу ҳоббининг ўз масъулияти, маданияти бор. Хўш, қандай қилиб табиатга зарар етказмаган ҳолда овдан завқланиш мумкин? Овчиликнинг қонун-қоидалари қанақа?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил
9 февраль кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг Табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 80-сонли Қарори билан табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидалари тасдиқланди. Унга кўра балиқ овлаш деганда табиий сув ҳавзаларида эркинликда урчиб кўпаядиган балиқларни овлаш, қидириш ва яшаш муҳитидан ажратиб олиш тушунилади деб таъриф берилган.
Балиқ овлаш жараёнида - ёйма тўрлар (накидка);
Икки томонлама маҳкамланадиган 10 тадан ортиқ илгакли воситалар (перемет);
Махсус тамғаланмаган ва ваколатли орган томонидан ҳисобга олинмаган ҳар қандай тўрлар;
Чангакли овлаш воситалари (астрага);
Электр қармоқ;
Маҳкамланадиган тузоқсимон тўрлар (вентер, мордушка) ва бошқа балиқ овлашнинг браконьерлик қуролларидан фойдаланиш тақиқланган.
Шунингдек, портловчи, кимёвий воситаларни қўллаш;
Электр токидан фойдаланиш;
Сувни қуритиш ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган бошқа турдаги усуллар орқали балиқ овлаш усуллари тақиқланади.
Яна энг асосий қоидалардан биттаси, балиқларнинг урчиш даврида, яъни Амударё ва Сирдарёда 11 мартдан — 31 майгача, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги табиий сув ҳавзаларида 26 апрелдан — 10 июнгача ва бошқа барча табиий сув ҳавзаларида
16 апрелдан — 31 майгача бўлган муддатда балиқ овлаш тақиқланади.
Мазкур қоидаларга амал қилмаган ҳолда “Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш” - Маъмурий жавобгарлик кодекси 90-моддасининг 1-қисмига асосан жавобгарликка тортилиб, унга кўра фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агарда шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилишига йўл қўйилса, Маъмурий жавобгарлик тўрисидаги кодекснинг 90-моддасининг 2-қисмига мувофиқ —шу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан қирқ бараваригача, мансабдор шахсларга эса — қирқ бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агарда, тегишли рухсати бўлмай туриб ёки тақиқланган жойларда ёхуд тақиқланган муддатларда, тақиқланган қуроллардан ёки усуллардан фойдаланган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш амалга оширилганда эса, МЖтК 90-моддасининг 4-қисмига мувофиқ - шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.
Шу ўринда судда кўрилган мазкур тоифадаги иш ҳақида тўхталамиз. Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судида овчилик қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий иш кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, фуқаролар Нодир Қодиров(исм-фамилиялар шартли), Адҳам Хўжақулов ва Зафарбек Мирсодиқов 2024 йил 16 декабрь куни Янгибозор маҳалласи ҳудудида овчилик учун белгиланган қоидаларга амал қилмасдан овга чиққан. Тезкор тадбир давомида улар тегишли рухсатномаларсиз ов қилаётганлиги аниқланган.
Суд мажлисида барча иштирокчилар ўз кўрсатмаларини берди. Натижада Н.Қодировнинг овчилик учун зарур рухсатномалари мавжудлиги тасдиқланди ва маъмурий ишнинг унга оид қисми ҳаракатдан тугатилди.
Бироқ А.Хўжақулов ҳамда З.Мирсодиқовнинг ҳуқуқбузарлиги далиллар билан исботланди. Суд уларни МЖтКнинг
90-моддаси 4-қисмида белгиланган ҳаракатларни содир қилган деб топиб, МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, ҳар бирига 1 миллион 875 минг сўмдан жарима тайинлади.
Икром Ражабов, жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг тергов судьяси