s
USD: Rub: Eur:
2023-08-18 374

ЯНГИ ТАХРИРДАГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИ НИМАЛАР ЎЗГАРДИ

Сўнгги йилларда жамиятимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб боряпти. Иқтисодиётимизга янги тармоқ ва йўналишлар кириб келди. Янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Иш берувчилар сони кескин ошди, меҳнат муносабатларига нисбатан янгича ёндашувлар юзага келди. Ҳатто жисмоний шахсларга ҳам иш берувчи мақоми берилди.

Меҳнат соҳасидаги қонунчиликнинг мақсади — ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини, улар билан бевосита боғлиқ бўлган якка меҳнат ва ижтимоий муносабатларда мувозанат ва мувофиқликни таъминлаш асосида тартибга солишдан иборат. Ушбу фаолият билан боғлиқ барча муносабатларни Меҳнат кодекси тартибга солади.

Шу маънода, давлатимиз рахбари томонидан 2022 йил 28 октябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, жорий йилнинг 30 апрель санасидан янги тахрирдаги Меҳнат кодекси кучга кирди.

Мазкур янги тахрирдаги Кодексда ўз ечимини кутаётган долзарб вазифалар ечимини топишда муҳим дастуруламал бўлди.

Халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланган янги таҳрирдаги Конституциямизга ҳам фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилишга қаратилган янги нормалар киритилди. Жумладан, Меҳнат шартномасида ходимни камситадиган шартлар бўлишига йўл қўйилмаслиги, меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тақиқланиши, ишдан бўшатиш нафақаси
200 фоизгача тўланиши, дам олиш куни байрам кунига тўғри келса кейинги кунга кўчирилиши, иш берувчининг ходимдан меҳнат шартномасида шартлашилмаган ишни талаб қилиш тақиқланиши, ходим ҳар хил малака талаб этиладиган ишларни бажарганда унга юқори малака бўйича ҳақ тўланиши, йиллик асосий таътил муддати
21 календарь кун этиб белгиланиши, ходимларга иш ҳақи қисман сақланадиган қўшимча таътиллар берилиши, аёлларга ҳомилани антенатал (туғруққача) парваришлаш учун қўшимча бўш кунлар берилиши, 3 ёшгача боласи бор аёлларни ишдан бўшатиш асослари кенгайтирилиши, айрим тоифадаги ходимлар учун синов муддати
3 ойдан 6 ойгача узайтирилиши, ходимни бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юбориш тартиби, иш берувчининг бошқа жойга кўчиши меҳнат шартномасини ўзгартиришга асос бўлиши, ишга қабул қилинаётган 18 ёшга тўлмаган шахсларга дастлабки синов белгиланмаслиги,меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши, ҳомиладорлик ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши шулар жумласидан.

Қолаверса, янги таҳрирдаги Бош қонунимизнинг 45-моддасида ёлланиб ишловчиларга дам олиш ҳуқуқи иш вақтининг давомийлигини, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларини, ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини белгилаш орқали таъминланиши каби янги норма киритилган. Бу ҳам ёлланиб ишлаётган кўплаб фуқароларимизни ўйлантираётган масаланинг Конституция даражасидаги ечими бўлди.

Яна бир муҳим масала. Бош қонунимизнинг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилди.

Бу ҳам янги Меҳнат кодекси нормаларига бевосита уйғунлиги билан аҳамиятли.

Янги кодексда иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳам янада аниқлик киритилди.

Жумладан, 24-моддада иш берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга экани белгилаб берилди. Яъни бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ҳамда бекор қилиш, жамоа музокаралари ташаббуси билан чиқиш ва жамоа шартномаларини тузиш. Ходимларни улар томонидан ҳам иш берувчига бевосита етказилган, ҳам бошқа шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш натижасида иш берувчида юзага келган тўғридан-тўғри ҳақиқий зарар учун моддий жавобгарликка тортиш, ички ҳужжатларни қабул қилиш белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги Меҳнат кодекси ходимлар меҳнат ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш билан бирга, иш танлаш, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланишда давлат кафолатини таъминлаш имконини беради. Қолаверса, иш берувчиларнинг кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва самарали меҳнат жараёнини ташкил этиш соҳасидаги ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлашга, ижтимоий шерикликни рағбатлантириш ва ривожлантиришга хизмат қилади.

 

 

Руслан Атаев, фуқаролик ишлари бўйича Боғот

туманлаларо судининг судьяси                                                  

 

Мавзуга оид