s
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишда юридик фактларни белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Хўш, юридик фактни белгилаш деганда нимани тушуниш мумкин?
Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 293-моддасида суд томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган қуйидаги фактларни аниқлаш тартиби белгиланган:
– болани фарзандликка олиш, шахсни бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш;
– шахсни муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш;
– шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш;
– шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш;
– вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация қилиш);
– мол-мулк ёки ашёни эгасиз деб топиш;
– тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш;
– йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишларни алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиш.
Бундан ташқари ушбу кодекснинг 295-моддасига мувофиқ суд фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни ҳам аниқлайди. Агар қонунчиликда уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам белгилаши мумкин.
Маълумот тариқасида айтадиган бўлсак, Хоразм вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2024 йил давомида 17 минг 503та фуқаролик иши кўриб чиқилган бўлса, уларнинг 571 таси айнан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар сирасига киради.
Хусусан, оталикни тан олиш 21 та, боланинг у ёки бу онадан туғилганлигини аниқлаш бўйича 7 та, шахс бировнинг қарамоғида эканлигини аниқлаш билан боғлиқ 10 та, ўлимни қайд этилгани фактига оид 59 та шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни аниқлаш бўйича 114 та аризалар кўриб чиқилиб, ҳал этилган.
Оила кодексининг 205-моддасига кўра, мамлакатимизда болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурийдир. Бу болалар туғилган жойи ёхуд ота-онасидан бири доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида бир ой ичида амалга оширилиши лозим.
Шу ўринда ҳаётий бир мисолга эътибор қаратамиз. 61 ёшли Нигора Кучкорова туғилганлик гувоҳномасини олиш учун Урганч шаҳар ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган. Аммо ФҲДЁ бўлими туғилганлик гувоҳномаси беришга асослар мавжуд эмаслигини кўрсатиб, аризачининг мурожаатини рад этган.
Қонунчиликда аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирда суд ушбу фактларни аниқлаши шартлиги қайд этилган. Ана шу ҳуқуқий асосга таянган Урганч шаҳар адлия бўлими Н.Кучкорованинг манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси киритган.
Судда аниқланишича, Оллоберган Наврузов билан Ойбиби Ибрагимовалар 1957 йилдан бошлаб қонуний никоҳдан ўтмасдан туриб яшаб келган ва 1993 йил 16 сентябрда улар ўртасида қонуний никоҳ шартномаси расмийлаштирилган. Улар биргаликда яшаган вақтида Нигора, Нодира ва Шухрат исмли фарзандлари туғилган. Аммо уларнинг эътиборсизлиги сабабли тўнғич фарзанд бўлган Нигорага туғилганлик гувоҳномаси олинмаган.
Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 2022 йил 15 октябрдаги маълумотномасида Нигора Кучкорованинг туғилгани билан боғлиқ архив ҳужжатлари сақланмагани кўрсатилган. Урганч шаҳар Фуқаролик ва миграция бўлимининг маълумотномасида ҳам унинг шахсига оид ҳужжатлар йўқлиги қайд этилган. Бундан ташқари Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ҳам архивларда Н.Кучкорованинг туғилганлик ҳақидаги ҳужжат мавжуд эмаслигини маълум қилган.
Н.Кучкорованинг синглиси Нодира ва укаси Шухратнинг туғилганлик ҳақидаги далолатномаларида Оллоберган Наврузов ота, Ойбиби Ибрагимова она сифатида қайд этилган. Шу боис суд уларнинг бир онадан туғилганига аниқлик киритиш учун суд-биологик экспертизаси тайинлади. Натижада уларнинг бир ота-онадан туғилган фарзандлар экани ўз исботини топди.
Суд туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмасдан яшаб келган 61 ёшли Н.Кучкоровага нисбатан туғилганлик фактини белгилади ва у шу асосда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштирди.Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, судда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши баробарида қонунчиликда ўз ифодасини топган инсонпарварлик тамойилларининг амалдаги намунаси ҳисобланади.
Жамоладдин Курязов, Хоразм вилоят суди судьяси