s
USD: Rub: Eur:
2026-03-25 647

Фарзанд тақдирига бефарқлик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади

Жамиятда ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи нафақат маънавий, балки ҳуқуқий мажбурият ҳам ҳисобланади. Афсуски, айрим ҳолларда бу муқаддас бурчни бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлаётгани ташвишли ҳолатдир.

Яқинда Хоразм вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан кўриб чиқилган иш ҳам айнан шу каби долзарб муаммолардан бирини очиб берди.

Суд материалларига кўра, Қўшкўпир туманида яшовчи фуқаро О.М. ўзининг икки нафар вояга етмаган фарзандини моддий таъминлаш бўйича қонунан юклатилган мажбуриятларни мунтазам равишда бажармасдан келган.

Фуқаролик ишлари бўйича суд қарорига мувофиқ, у ҳар ой ўз даромадининг муайян қисмини алимент сифатида тўлаб бориши лозим эди. Бироқ, давлат ижрочилари томонидан бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай, у 2024 йил 1 сентябрдан 2026 йил 1 февралга қадар бўлган даврда 29 053 717 сўм алимент маблағларини тўлашдан бўйин товлаб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан биринчи инстанция суди томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 2-қисми билан 1 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, шунингдек ЖКнинг 60-моддаси тартибида узил-кесил 1 йил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ҳамда жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланган. Шу билан бирга, судланувчидан жабрланувчи фойдасига 29 053 717 сўм алимент қарздорлиги ундириш белгиланган.

Судланувчи ўз навбатида апелляция шикояти бериб, оилавий ва моддий аҳволи оғирлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Бироқ, апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ишни ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳукм қонуний ва асосли эканлигини таъкидлади. Энг муҳими, судланувчи томонидан алимент қарздорлиги қопланганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далил тақдим этилмагани инобатга олинди.

Ҳақиқатдан ҳам алимент тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бугунги кунда жамиятда жиддий ижтимоий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бу нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий масала ҳамдир. Чунки бундай ҳолатларда энг кўп жабр кўрадиганлар — вояга етмаган болалардир.

Фарзанднинг муносиб тарбия ва таълим олиши, унинг соғлом ўсиши учун зарур шароитларни яратиш — ота-онанинг муқаддас бурчи. Бу бурчни бажармаслик эса жамиятда турли ижтимоий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Хулоса ўрнида мазкур суд иши яна бир бор шуни кўрсатадики, қонун олдида барча тенг ва ҳар бир шахс ўз мажбуриятларини бажариши шарт. Айниқса, фарзанд тақдирига бефарқлик қилиш оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келади. Шу боис, ҳар бир ота-она ўз масъулиятини чуқур ҳис этиб, фарзандлари олдидаги бурчини виждонан адо этиши жамият барқарорлиги ва келажаги учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Ойбек Маҳмудов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

 

Мавзуга оид