s
Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб шароит яратиш ва жамиятда эгаллаган ўрнини мустаҳкамлаш мамлакатимизда устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бугунги кунда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ва мақсадли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат ва жамиятнинг бу йўналишдаги қатъий интилиши натижасида сўнгги йилларда муҳим ижобий ўзгаришларга эришилди, маиший муҳитда барқарорлик мустаҳкамланди, аҳоли ўртасида аёлларга нисбатан ҳурмат ва меҳр-оқибат туйғулари кучайди. Энг муҳими, ҳар қандай тазйиқ ёки зўравонликка йўл қўймаслик ва қилмиш учун муқаррар жазо тамойили амалда самарали таъминланмоқда.
Шу билан бирга, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳали ҳам етарлича кўп. Қонунларнинг қатъий ишлаши, аҳоли онгида зўравонликнинг нафақат ахлоқий жиҳатдан қораланиши, балки қонуний жавобгарликка сабаб бўлишини англатишга қаратилган маърифий ишлар аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Қонунчиликда “зўравонлик” тушунчасининг аниқ ҳуқуқий таърифи берилиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари белгилаб қўйилгани бу борадаги муҳим қадамлардан биридир. Аёллар бепул ҳуқуқий ёрдам олиши, психологик қўллаб-қувватлашдан фойдаланиши, ҳимоя ордери талаб қилиши ёки моддий- маънавий зарар учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги қонун билан кафолатланган.
Давлатимиз қонунчилигида оилавий (маиший) зўравонлик ва шаҳвоний шилқимлик ҳолатларига нисбатан жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қатор меъёрлар қабул қилинди. 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2 ва 41-1-моддалари, шунингдек Жиноят кодексининг 126-1-моддаси бевосита зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликни жиноят сифатида баҳолашни белгилаб берди. Бундай нормаларнинг амалиётга жорий этилиши жамиятда инсон қадри устувор эканини, хотин-қизлар хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири сифатида эътироф этилаётганини англатади. Шунингдек, Олий суд Пленуми томонидан қабул қилинган қарорлар орқали суд-тергов амалиётида ягона ҳуқуқий ёндашувни шакллантириш борасида муҳим ишлар олиб борилмоқда.
Маълумотлар таҳлили шундан далолат берадики, 2025 йилнинг биринчи ярмида Хоразм вилоятида оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ 288 та маъмурий иш кўриб тамомланган бўлиб, улар 316 нафар шахсга тааллуқли бўлган. Уларнинг салмоқли қисмига нисбатан жазо тайинлангани, айрим ишларда эса ишлар ҳаракатдан тугатилгани қайд этилган. Ишларнинг таҳлили шундан дарак берадики, зўравонликнинг асосий сабаблари сифатида ўзаро келишмовчилик, спиртли ичимлик истеъмоли, моддий етишмовчилик, учинчи шахсларнинг аралашуви каби омиллар устунлик қилмоқда. Айниқса, маст ҳолатда содир этилаётган зўравонликлар ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатдан жиддий таҳдид сифатида баҳоланмоқда.
Жиноят ишлари бўйича ҳам вазият ечим талаб этадиган даражада долзарб. Жорий йилнинг биринчи ярмида оилавий зўравонликка оид 7 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг аксарияти бўйича жазо тайинланган. Бу ҳолат зўравонликнинг оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатади. Маъмурий тартибда кўрилган шаҳвоний шилқимлик ҳолатлари бўйича ҳам 47 та иш юритилгани, уларнинг кўп қисми бўйича қонунга мувофиқ жазо тайинлангани жамиятда бу каби ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасиз муносабат шаклланаётганидан далолат беради.
Ўзбекистонда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими тобора такомиллаштирилмоқда. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, маҳалла тизими, ишонч телефонлари, “ҳимоя ордери” институти, хотин-қизлар дафтари каби механизмлар орқали аёллар ва болалар манфаатлари давлат томонидан ҳар томонлама ҳимоя қилинмоқда. Бу эса жамиятда инсон қадрини улуғлаш, оилавий муҳитни барқарорлаштириш ва айниқса аёллар ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Азал-азалдан ўзбек халқининг маънавий ҳаётида аёлга нисбатан ҳурмат, унинг оила ва жамиятдаги ўрнига бўлган эътибор улуғ қадр топган. Бугунги кунда ҳам ана шу қадриятлар давом этмоқда ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги ҳар бир қадам нафақат ҳуқуқий тизимни, балки оила институтини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Шу сабабли, бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги, профилактик ишлар самарадорлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланиши тараққиётнинг муҳим шартларидан бири бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асослар ва ташкилий чора-тадбирлар тизими яратилган. Жабрланувчиларга ҳуқуқий, психологик, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун давлат ва жамоат ташкилотлари ўз ваколатлари ва вазифаларини аниқ белгилаган. Бу эса хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали таъминлашда ишончли ҳуқуқий кафолатлар мавжудлигидан далолат беради.
Ўзбек жамиятида азал-азалдан аёлга эҳтиром кўрсатилган. Ҳар бир оилада оналаримиз ва опа-сингилларимиз доимий эъзозланган. Шу сабабли тазйиқ ва зўравонликка қарши курашдаги ҳар бир муваффақиятимиз жамиятда оила институтини мустаҳкамлашга, ёш авлодни аёлга хурмат руҳида ўстиришга хизмат қилади. Шунинг учун бу соҳадаги ишлар изчил давом эттирилиши, жамоатчилик билан биргаликда профилактика ва маърифий тадбирлар кучайтирилишиҳамда жавобгарликнинг муқаррар эканлиги таъминланиши муҳимдир.
Ж.Собиров, Хоразм вилоят суди девонхона мудири