s
Кейинги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.
Судлар фаолиятини рақамлаштириш энг аввало 2017 йил 30 августдаги
ПҚ-3250-сонли қарор билан тасдиқланган “2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш” Дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.
Шунингдек, 2020 йил 4 сентябардаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришда дастурул амал бўлди.
Ушбу қарор билан судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар тури кенгайтирилди:
Жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари кенгайтирилиб, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилиши таъминланди, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилди;
- судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинуви кенгайтирилди;
- махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланди;
- суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имконияти кенгайтирилиб, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имконияти яратилди.
Ушбу саъй-ҳаракатларнинг амалга оширилиши натижасида судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви бўйича уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинганлиги сабабли ахборотларни қоғоз шаклда олиш амалиётидан қисман бўлса-да, воз кечилди.
Эндиликда, суд ишларини юритишда қоғоз шаклдан бутунлай воз кечишни замоннинг ўзи тақозо қилмоқда.
Бу борада куникеча суд соҳасидаги ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида муҳтарам Президентимизнинг раҳбарлигида “Суд тизими фаолиятини янада яхшилаш, очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари” юзасидан ўтказилган йиғилишда судни одиллиги ва халқчиллигини таъминлашда ушбу тизимда рақамлаштиришни жорий этиш бўйича тегишли кўрсатмаларни бериб ўтди.
Судлар фаолиятида интерактив хизматларни сунъий интеллект ёрдамида кўрсатиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси ишлаб чиқиш айни муддао ҳисобланади.
Чунки, ҳозирги глобаллашув ва сунъий интеллект ривожланаётган даврда судлар фаолияти ҳам бундан ортда қолмасдан, суд ишларини юритишда сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш зарур.
Бу эса, келгусида судлар фаолияти самарадорлигини оширишга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратишга хизмат қилади. Бунда судлар фаолиятини рақамлаштириш даражасини ошириш, яъни айнан ривожланаётган сунъий интеллектдан фойдаланиб, суд ишларини кўриб чиқишда кўплаб янгиликларни жорий этиш мумкин бўлади.
Қилинаётган ислоҳотлар судлар фаолиятида инсон омилисиз ишларни амалга оширишга хизмат қилибгина қолмасдан, фуқароларнинг ҳуқуқларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилишга, адолатни қарор топтиришга, аҳолининг судга бўлган ишончини оширишга ва албатта бу билан суд тизимида коррупциявий ҳолатларни олдини олишга хизмат қилади.
Баходир Худайберганович Давлатов Хоразм вилоят судининг судьяси