s
Ана шундай муҳим ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг фаолитяига ноқонуний аралашишларга кескин барҳам берилди.
Амалиётда солиқ идоралари томонидан ўтказиладиган режали ва режадан ташқари ҳамда муқобил текширувларга барҳам берилди.
Жумладан, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этилдилар.
Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиши кўзда тутилди.
Хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилди.
тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этилдилар.
тадбиркорлик субъектларининг экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб валюта назорати органлари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали ташқи савдо контрактлари назорати ва мониторингини сақлаб қолиш шарти билан бекор қилинди.
Шунингдек, экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат илгари худди шундай товар учун айнан сертификат олган аризачига бир иш куни мобайнида берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти жорий этилди ва бугунги кунга қадар ўз фаолиятини изчил давом эттириб келмоқда.
Президентимизнинг 05.10.2016 йилдаги ПФ-4848-сонли «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат эиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ киритилган муҳим ўзгаришлардан бири, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг фақат суд органлари томонидан қўлланилиши бўлди.
Бу дегани, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини маъмурий тартибда, рўйхатга олувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан тўхтатиш ва тугатиш тартибига барҳам берилди.
Бугунги кунда вилоятнинг ўзида кичик бизнес субъектлари ва йирик корхоналар сони кўпайгандан кўпайиб бормоқда.
Тадбиркорлик субъектларининг деярли барчаси солиқ ва статистика ҳисоботлари топширишни, божхона декларацияларини расмийлаштиришни эски усулдаги қоғоз тўлдириш йўли билан эмас, балки бевосита–электрон шаклда амалга ошириб келмоқда.
Бугунги кунга келиб, муҳтарам Президентимизнинг бевосита бошчилигида оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда бериб борилаётган ҳуқуқий соҳадаги ўзгаришлар, ҳуқуқ-тарғибот ишларининг жадаллашуви натижасида тадбиркорлар ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланаётган ва молиявий санкция қўллаш сўралаётган тадбиркорлик субъектининг айбини қонуний усусллар билан тўпланган далиллар ёрдамида исботлаб бериш мажбурияти илгари назорат қилувчи идоралар ва уларнинг мансабдор шахсларига юклатилган бўлса, эндиликда бу ваколат судларга берилди, яъни молиявий санкция қўлланилаётган тадбиркорлик субъекти бевосита очиқ суд мажлисида, тарафлар иштирокида, одиллик, тенглик ва тортишувчилик тамойиллари асосида қонун доирасида ҳимоя қилинган ҳолда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 283-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом Низомнинг 24-бандида Экспорт контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати товарлар бўйича «экспорт», «реэкспорт» ёки кейинги қайта ишлаш учун «эркин омбор» божхона режимига расмийлаштирилган санадан, хизматлар (ишлар) бўйича бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги керак.
Бунда товарларнинг шартнома ижросида акс этиши божхона юк декларациясининг битим хусусияти бандига мувофиқ амалга оширилади.
Амалиётда кўрилган мисолларга юзланамиз.
Аризачи Хоразм вилоят солиқ бошқармаси Урганч туманлараро иқтисодий судига ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар - «ZAKIROV» хусусий корхонасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 283-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 27-бандига асосан 535.071.698 сўм миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган.
Суд, ишда иштирок этувчи аризачининг вакилларини тушунтиришларини тинглаб ҳамда ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра аризани қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топган.
Иш ҳужжатларидан ва суд муҳокамасидан аниқланишича, жавобгар «ZAKIROV» хусусий корхонаси томонидан суд мажлиси кунига қадар ИДН рақами 200833707304559320220200001 бўлган ташқи савдо контракти бўйича муддати ўтган дебиторлик қарздорликлар бартараф этилган.
Низомнинг 28-банди ўнинчи қисмида аризада кўрсатилган ташқи савдо контрактлари бўйича тўлиқ миқдорда валюта маблағларининг тушиши ёки товарларнинг республикага олиб кирилиши ҳамда «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилиши, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши таъминланган тақдирда, жарима қўллаш масаласи судда кўриб чиқилаётган пайтда — аризани қаноатлантириш қисқартирилиши таъминланган қарздорлик миқдорига мутаносиб равишда рад этилиши белгиланган.
Иқтисодий процессуал кодексининг
68-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Юридик шахслар ва фуқароларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш (бундан буён матнда ҳуқуқий таъсир чоралари деб юритилади) тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти назорат қилувчи орган зиммасига юклатилади.
Шунга асосан, суд аризани қаноатлантиришни рад этишни, ишни кўриш билан боғлиқ давлат божи тўловидан тарафлар озод қилинганлигини инобатга олишни, почта харажатини жавобгар зиммасига юклашни лозим топган.
Суд амалиётида бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Урганч туманлараро иқтисодий судида кўрилган молиявий жарималарни қўллаш тоифасидаги ишларни ўтган 2024 йилга нисбатан солиштирадиган бўлсак, 2024 йил мобайнида Вазирлар Маҳакамасининг 283-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бўйича тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисида солиқ органларидан жами 248 та ариза келиб тушган бўлиб, шундан 193 таси қаноатлантирилган, 55 таси рад этилган.
2025 йилнинг 1-чораги мобайнида мазкур тоифадаги молиявий жарима қўллаш юзасидан деярли аризалар келиб тушмаган.
Бундан ташқари, мазкур тоифадаги ишлар асосан сайёр суд мажлисларида тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда очиқ сайёр суд мажлисларида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда кўриб чиқилмоқда.
Ишларнинг сайёр суд мажлисларида кўрилиши кенг аҳоли ўртасида, меҳнат жамоаларида, асосан тадбиркорлик субъектлари ўртасида қонунчиликдаги сўнги янгиликларни кенг тарғиб қилиш имконини яратади.
Бундан ташқари, аҳолини ва ёшларнинг ҳуқуқий онгининг ўсишига, ҳалқимиз орасида ҳуқуқий маданиятнинг янада юксалишига туртки бўлмоқда.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 1-чорагидаги кўрилган ишларни ўтган йилнинг шу мос даврига нисбатан таққослайдиган бўлсак, ўтган йилнинг шу даврида 13.800 та даъво ариза ва аризалар келиб тушган. Шундан 13.199 та иш кўриб чиқилган.
Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, аввало Олий суд раҳбарлигида олиб борилаётган тинимсиз меҳнат ва тавсиялар ҳамда вилоят суди томонидан белгиланган медиа режалар асосида ҳуқуқ-тарғиботнинг кучайганлиги, сайёр судларнинг Халқимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятининг ўсиши судларга бўлган ишончнинг ошаётганлигидан далолат беради.
Зеро, тадбиркор юрт таянчи, тадбиркорлик эса жамиятимиз равнақи, тараққиётимиз ва турмушимиз фаровонлигининг муҳим омилидир.
Урганч туманлараро иқтисодий
судининг судьяси Н.Аллаберганова