s
USD: Rub: Eur:
2023-06-01 821

Давлат хизматлари кўрсатилишида фуқароларнинг аризаларига эътиборсиз бўлган ваколатли ташкилот ходимлари жавобгарликка тортилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 13-апрелдаги
ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан, Адлия вазирлигига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мониторинг, назорат ва таҳлил қилиши, давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилиши нуқтаи назаридан текширишларни амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Шунга асосан, Давлат хизматлари маркази ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Урганч туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимига тегишлилиги бўйича юборилган аризаларни кўриб чиқилиши аҳволи ўрганилганда, аризаларни кўриб чиқилишида белгиланган муддатларларга риоя қилинмаганлиги аниқланди.

Хусусан, фуқаро Б.Кўпаловнинг 2023-йил 11-январ кунги турар жойи биносини ташқи кўринишини ўзгартириш тўғрисидаги давлат хизматлари орқали берилган аризасига Урганч туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими томонидан 2023-йил 1-феврал куни, яъни 9 иш кунига кечиктирилган ҳолда хулоса тақдим қилинганлиги маълум бўлди.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 20-апрелдаги 200-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган “Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий Регламенти”нинг 15-бандида, Ваколатли орган сўровнома тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш келишилганлиги ҳақида хулоса беради ёки рад этишнинг аниқ сабабларини ва қонунчилик ҳужжатлари нормаларини кўрсатган ҳолда келишишни рад этиши кўрсатилган.

Худди шундай, Урганч туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими томонидан объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструксия қилиш учун рухсатнома олиш бўйича 48 та, объектни лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш тўғрисидаги 8 та, қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш бўйича 33 та, ер участкани хусусийлаштириш тўғрисидаги 15 та аризаларни кўриб чиқишда қонунчиликда белгиланган муддатда кўриб чиқилмасдан, асоссиз кечиктирилганлиги аниқланди.

Ўтказилган ўрганиш натижасига кўра, адлия бўлими томонидан туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими мутахассисига нисбатан давлат хизматлари кўрсатиш чоғида мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда муддатларини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2155-моддаси 2-қисми маъмурий баённома расмийлаштирилди ва кўриб чиқиш учун адлия бошқармасига юборилди, шунингдек аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи номига тақдимнома киритилди.

 

Урганч туман адлия бўлими        бошлиғи С.Явкачев

Мавзуга оид