s
USD: Rub: Eur:
2024-08-23 532

Иқтисодий судларнинг қарорлари устидан тафтиш инстанциясига шикоят юбориш мумкин

Мамлакатимизда тадбиркорликни, айниқса, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, уларнинг фаолиятида келиб чиқаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Энг аввало, тадбиркорга бўлган эътибор, унинг тараққий этиши учун имконият Бош қомусимиз бўлган янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топди. Жумладан, Бош қомусимизнинг 67-моддасида “Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги” мустаҳкамлаб қўйилган. 

Бу эса тадбиркор учун ўта муҳим аҳамиятга эга, уларнинг эркин ва ҳалол рақобат муҳитида фаолият юритиши учун устувор ўрин тутадиган катта воқеа бўлди, десак, муболаға бўлмайди. 

Тадбиркорлик субъектларининг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш борасида судлар томонидан ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.  

Ислоҳотларнинг бугунги давоми сифатида «Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганлигини келтирсак бўлади. 

Унга мувофиқ иқтисодий ишларни кўриб чиқишда апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинди. Эндиликда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилди. 

Апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг қонуний кучга кирган хал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори устидан Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. 

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади. 

Ишни тафтиш тартибида кўрадиган суд тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича: ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга; ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга; қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга; ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга; ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга; айрим суд ҳужжатларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга; ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли. 

Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари тақсимланиши кўрсатилади. 

Хороазм вилоят судларининг иқтисодий ишлар бўйича суд амалиётида 2024 йилнинг биринчи ярмида 12.625 та ишларга нисбатан 452 та ёки 3,5 фоиз ишлар апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят (протест) асосида кўриб чиқилган.

Апелляция инстанцясида 326 та иш кўрилиб, шундан, 11 та ҳал қилув қарори ўзгартирилган, 50 та суд ҳужжати бекор қилинган. Шундан 42 та та ёки 12,9 фоиз ҳал қилув қарорлари ва 19 та ёки 5,8 фоиз суд ажримларини ташкил қилади.

Кассация инстанцясида 35 та иш кўрилиб, шундан, 1 та ёки 2,8 фоиз ҳал қилув қарори ўзгартирилган, 6 та ёки 17,1 фоиз ҳал қилув қарори бекор қилинган. Тафтиш инстанцясида 91 та иш кўрилиб, шундан, 6 та ёки 6,6 фоиз ҳал қилув қарори бекор қилинган.

Айтиш жоизки, бу каби қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши мамлакатда тадбиркорлик субъектларининг сони ортишига, янги иш ўринларининг яратилишига, ички бозорларнинг экспортбоп маҳсулотлар билан тўлдирилишига, ялпи ички маҳсулотда тадбиркорлар улушининг кўпайишига олиб келади. Бу эса мамлакат иқтисодий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади.

 

 

Умида Худойберганова, Хоразм вилоят судининг иш юритувчиси.

Мавзуга оид