s
USD: Rub: Eur:
2024-10-21 832

Давлат хизматига ишга киришда фуқаролардан соҳага оид бўлган кўп келиб тушадиган мурожаатлар тўғрисида.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги  давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини ривожлантириш ҳамда ходимларни бошқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган давлат фуқаролик хизмати ишлари бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар сиёсати давлат фуқаролик хизмати органларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишнинг умумий қоидаларини белгилаб беради. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги ЎРҚ-788-сон Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом ҳамда давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

 

2022 йилнинг 8 августида  Давлат фуқаролик  хизмати тўғрисидаги қонун тасдиқланди.Ушбу қонуннинг  мақсади Давлат фуқаролик хизмати сохасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун  Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.

 

 Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ва Сенати аъзоларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати девонлари ходимларининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг, судьяларнинг ва суд тизими ходимларининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви аъзоларининг, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат божхона хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати органларида хизматни ўтаётган давлат хизматчилари, шу жумладан ҳарбий хизматчилар ва давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонунинг 8-моддасида белгилаб ўтилганидек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи хисобланади.

 Қонуннинг 27-моддасида белгилаб ўтилганидек Давлат фуқаролик хизматига кириш танлов асосида номзодни давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинлаш орқали амалга оширилади, бундан давлат фуқаролик хизмати лавозимларини қонунчиликда назарда тутилган бошқача тартиб бўйича эгаллаш мустасно.

Қонуннинг 28-моддасида белгилаб ўтилганидек Давлат фуқаролик хизматига давлат тилини биладиган, давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш учун тегишли малака талабларига ва бошқа талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

 Давлат фуқаролик хизматчисининг лавозимини эгаллаш учун танловлар   очиқлик,муқобиллик,тенглик ва меритократия тамойиллари асосида амалга оширилади.Бунда энг қобилиятли шахсларгина ўзларининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар эгаллаб турган лавозимига лойиқ ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизматида маҳаллийчилик, патронаж ва непотизм ҳолатларига йўл қўйилмайди.

Маҳаллийчилик – деганда нимани назарда тутиш керак давлат фуқаролик хизмати лавозимлари малака талабларини ҳисобга олмасдан шахсни фақатгина қариндошлиги ёки бир жамоа ёҳуд ҳудуддан эканлиги сабабли давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаши.

Патронаж ёки ҳомийлик деб айтилса хам хеч муболаға бўлмайди – давлат фуқаролик хизматида шахснинг қобилиятига қараб эмас, балки юқори турувчи мансабдор шахслар билан танишлиги ёки яқинлигига қараб лавозимга қўйиш, ён босиш, қулай меҳнат шароитларини яратиб берилиши.

Непотизм – давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг яқин қариндошлари, дўстлари ёки танишларини давлат ва жамият манфаатларига зид равишда асоссиз қўллаши, уларга нохолис бўлган имтиёзлар бериш мақсадида ҳокимиятдан фойдаланиши ёки таъсир ўтказиши.

 

  

Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун

танлов ўтказиш тартиби бўйича тушунтириш берсангиз?

 

Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларининг бошқарув ва ёрдамчи гуруҳларига тааллуқли вакант лавозимларни эгаллаш танлов асосида амалга оширилади.

Танловда қуйидаги асосий тушунчалар мавжуд:

Вакант лавозим – Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган, давлат органининг тузилмасида назарда тутилган эгалланмаган лавозим.

 

 

                         Танлов турлари 

 

Вакант лавозимларини эгаллаш агентликнинг портали орқали ўтказиладиган ички ва ташқи танловлар асосида амалга оширилади.

Ички танловларда бир давлат органи тизимида фаолият кўрсатаётган давлат фуқаролик хизматчилари, ташқи танловларда эса тегишли малака талабига жавоб берадиган барча номзодлар иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

 Ички танловлар вакант лавозим вужудга келган кундан бошлаб беш иш куни ичида эълон қилинади.

Ички танловлар натижасида танлов ғолиби аниқланмаган ёки вакант лавозим вужудга келган кундан бошлаб беш иш куни ичида ички танлов эълон қилинмаган тақдирда, ушбу вакант лавозим бўйича ташқи танлов эълон қилинади.

Битта вакант лавозим учун бир мартадан ортиқ ички танлов ўтказишга йўл қўйилмайди.

Порталдаги вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида шаклланади.

Вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар Порталга жойлаштирилган сана мазкур лавозимни эгаллаш бўйича танлов эълон қилинган кун деб ҳисобланади.

 Танлов қуйидаги босқичлар асосида ташкил этилади:

биринчи босқич – танлов ўтказилиши тўғрисида эълон бериш;

иккинчи босқич – номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва саралаш;

учинчи босқич – номзодларнинг билимини тест синовидан ўтказиш;

тўртинчи босқич – номзодлар билан суҳбат ўтказиш.

 Танловда иштирок этиш бўйича ҳужжатлар фақат Портал орқали электрон тарзда қабул қилинади. Номзодлардан ҳужжатлар ва уларнинг нусхаларини қоғоз шаклида талаб қилиш ман этилади. Номзодга бир вақтнинг ўзида бештагача очиқ вакантларга  ариза жўнатиш имконияти берилган. 

 

 

 

 

 

 

Давлат органлари ва ташкилотларидаги очиқ вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар билан қандай танишса бўлади ва электрон ариза жўнатиш тартиби қандай?

      

Бунинг учун номзод  ягона идентификация тизими OneID  id.egov.uz  «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимидан рўйхатдан ўтган бўлиши лозим,  Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайти vacancy.argos.uz  портали ёки телеграм ижтимой тармоғидаги vacancy.argos.uz  сахифасидаги   «Вакансиялар» рукни орқали давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталига кириб, барча очиқ вакансиялар тўғрисидаги  маълумотлар билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Яна бир имконият, агар фуқаро ногирон бўлса  Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталида шахсий кабинетига  кириб ногиронлиги бор шахслар учун тугмасини белгилаб ўтса бунда номзод ногиронлиги бор шахслар учун танловгв қўйилган вакант лавозимлар билан танишади.Номзодга очиқ вакансияларни танлашда  мезонлар асосида танлаш имконияти яратилган. Очиқ лавозимларни танлашда  малакавий талабларга,маълумоти бўйича мутахассисликига,мехнат фаолияти,лавозим соҳаси, лавозим даражаси, лавозим тури, малака даражаси, ҳудуд ҳамда иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларга эътибор қаратиши керак!

Очиқ вакансияга аризалар Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали vacancy.argos.uz да шахсий кабинетнинг «Вакансия» рукнидан керакли очиқ вакансияни танлаб «Ҳужжатларни юбориш» тугмаси орқали юборилади.

           Номзод тизимга кириш логин ёки паролни унутган бўлса ёки нозод  тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ шаклланмаган ва хатолик топилса маълумотлар қандай ўзгартирилади?

Номзод  OneID фойдаланувчи логин ёки паролни унутган бўлса, уларни электрон почта ёки мобил телефон рақами ёрдамида тиклаб олади.

 Эслатиб ўтамиз агар номзод  Ягона идентификация тизимида  OneID  id.egov.uz дан руйхатдан ўтиш жараёнидаги телефон рақами ва электрон почта (@mail.) манзилини  эслаб билмаса ёки ўзгартирган бўлса OneID  id.egov.uz  Ягона идентификация тизимининг 1242 телефон рақами, телеграм  каналида @idegovuzbek ёки  iduzsupport@egov.uz бот ёки      71-202-30-12 телефон рақами орқали қайта тиклаш имкониятига эга бўлади.

Номзод ўзи  тўғрисидаги маълумотларни  my.mehnat.uz ягона миллий меҳнат тизими ёки my.argos.uz давлат фуқаролик ҳизматининг ягона электрон ахборот порталидаги  “Маълумотларни янгилаш” тугмаси орқали ўзгартириши мумкин.

my.argos.uz Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими дастурий-аппарат комплекси,  давлат хизматчилари учун яратилган интерактив хизматлар  портали орқали шахснинг меҳнат фаолияти, маълумоти, сертификатлар, қариндошлар,  vacancy.argos.uz платформасидан фойдаланган бўлса тест босқичидаги натижалар, шунингдек, интизомий жазолар, рағбатлантиришлар, объективка ва тана вазни индекси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади. Янгиланган маълумотлар тўғрилигига номзод шахсан жавобгардир.

 

Танловда иштирок этиш учун номзодларни саралаш ким                   томонидан амалга оширилади?

Танловда иштирок этиш учун номзодларни саралаш танлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Танлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиш муддати тугаган кундан эътиборан беш иш куни ичида номзодларнинг вакант лавозим учун белгиланган малака талабларига мослигини ўрганиб чиқади ва ушбу муддат ичида ишчи орган томонидан ўрганиш натижаси бўйича номзодларнинг порталдаги шахсий кабинетларига хабар юборади. . Номзодлар танлов босқичлари натижалари ва ўтказилиши бўйича маълумотларни порталдаги шахсий кабинети орқали кузатиб бориши шарт. Номзоднинг малака талаблари,меҳнат фаолияти иш стажи,мутахассиилиги касбга оид сифатлари муносиб деб топилса тест синовида  иштирок этади. Тест синови ўтказиладиган  сана,вақти ва манзили тўғрисидаги хабар билан «Менинг аризаларим» рукнидан ариза юборилган вакансияни танлаб, «Ариза ҳолати»  орқали танишади. Номзод тест синовидан ижобий натижага эга бўлса, суҳбат жараёнларида иштироқ этади.  Тест синови ва суҳбат бўлиб ўтадиган  хабарни шахсий профилда кузатиб борилади.

 Тест синовларини ўтказиш  тартиби, тест саволлари таркиби,  саволлар мутахассисликка боғлиқ бўладими шулар тўғрисида маълумот берсангиз?

 

        Тест синовлари номзодларнинг билим ва малакасини баҳолаш мақсадида Агентликнинг Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимидаги “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” – махсус тест тизими орқали  давлат тилида ўтказилади. Тест синови ўтказиладиган  сана,вақти ва манзили тўғрисидаги хабар билан «Менинг аризаларим» рукнидан ариза юборилган вакансияни танлаб, «Ариза ҳолати»  орқали танишилади. Бунда номзод томонидан 56 балл тўпланган тақдирда автоматик равишда унинг порталдаги шахсий кабинетига танловнинг суҳбат босқичига ўтганлиги ҳақидаги хабар келади ва улар 90 кун давомида танловларнинг тест синови босқичида иштирок этишлари шарт бўлмайди. Тест синови ва суҳбат бўлиб ўтадиган  хабар шахсий профилда кузатиб борилади

Тест саволлари Агентлик буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ишлаб чиқилиб, доимий равишда янгилаб борилади.

Тест саволлари очиқ танловлар янгиланган newvacancy.argos.uz порталига жойлаштириб борилади. Порталнинг бош менюсидан "Тест саволлари" бўлимига кириш  орқали  ёки телеграм сахифасининг davlatxizmatchisi_uz ва Test.argos.uz давлат хизматчилари билимини синовдан ўтказиш модулида тест саволлари мунтазам равишда берилиб борилади. Тест саволлари мутахассислик йўналишига боғлиқ эмас.

Тест саволлари тўплами қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:

— миллий қонунчилик;

— давлат тили;

— ахборот коммуникация технологиялари;

— мантиқ, яъни IQ.

40 та саволни ишлаш учун 60 дақиқа вақт ажратилади.

❗️ Эслатиб ўтамиз, тест саволлари доимий равишда янгиланиб, қўшимча саволлар билан тўлдириб борилади. Тест синовларини ижобий топшира олмаган номзодлар белгиланган тартибда эълон қилинган янги танловда қатнашиши мумкин.

 

 

Суҳбат ўтказиш қандай тартибда амалга оширилади?

 

Суҳбат номзоднинг интеллектуал салоҳияти, маънавий фазилатлари ҳамда касбий маҳоратини баҳолаш мақсадида ўтказилади.

Суҳбат интервью ёки тақдимот  каби усуллар асосида амалга оширилади. Суҳбат Танлов комиссияси томонидан ўтказилади. Суҳбатда Танлов комиссияси аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Агар танлов комиссияси аъзоси суҳбатдан ўтаётган шахснинг яқин қариндоши бўлса ёки суҳбат натижасидан бевосита манфаатдор бўлса ёҳуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, аъзо ўзини ўзи рад этиши шарт. Қонунчилик ҳужжатларида лавозимга тайинлашда номзодни тегишли вазирлик ёки идора билан келишиш белгиланган лавозимлар бўйича Танлов комиссияси таркибига масъул вакили киритилган вазирлик ёки идора Ишчи орган томонидан суҳбат ўтказиладиган кундан камида 3 иш куни олдин хабардор қилиниши шарт. Суҳбатнинг интервью усулида ҳар бир номзодга бешта савол тасодифий танлаш автоматик генерация орқали берилади. Асосий саволлардан сўнг Танлов комиссияси аъзолари ва экспертлар ҳар бир номзоднинг ишчанлик қобилияти, шахсий кўникмалари ва иш тажрибасини аниқлаштириш мақсадида кўпи билан бешта қўшимча савол бериши мумкин.

Суҳбатнинг тақдимот усулида ишчи орган  томонидан суҳбат ўтказиш кунидан уч кун олдин номзодларнинг шахсий кабинетига тақдимот (топшириқ) мавзулари юборилади.

Суҳбат давомида номзод берилган мавзулардан бири бўйича тақдимот қилиб беради. Тақдимотдан сўнг Танлов комиссияси аъзолари ва экспертлар ҳар бир номзоднинг ишчанлик қобилияти, шахсий кўникмалари ва иш тажрибасини аниқлаштириш мақсадида кўпи билан бешта қўшимча савол бериши мумкин. Танлов комиссияси аъзолари ва экспертлар ҳар бир номзод билан ўтказилган кундан бир кун ичида Порталдаги шахсий кабинети орқали онлайн тарзда номзодларни тўртта йўналишда (билим савияси, стратегик фикрлаши, умумий дунёқараши, вакант лавозим учун мослиги) 100 баллик тизим асосида баҳолайди.

 Суҳбат якунлари бўйича Танлов комиссияси аъзолари ҳамда экспертлар томонидан номзодга қўйилган балларни автоматик равишда умумлаштирилади ва ушбу балл якуний балл деб ҳисобланади.

Суҳбат натижасига кўра энг юқори балл тўплаган номзод танлов ғолиби деб топилиб, Танлов комиссияси баённомаси билан тасдиқланади. Агентлик суҳбатда кузатувчи сифатида иштирок этиш учун ўз вакилини ҳамда номзодларни баҳолаш учун экспертларни юбориш ҳуқуқига эга.

Суҳбат ўтказиш жараёнида ушбу Низом қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, аниқланган камчилик ва қоидабузарликларни бартараф қилиш ёхуд танлов комиссиясининг қарорини бекор қилиш бўйича Агентлик томонидан тақдимнома киритилади. Номзодлар танлов комиссияси қароридан норози бўлган тақдирда қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн кунлик муддатда танлов натижалари бўйича комиссия қарори устидан юқори турувчи органга, Агентликка ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.Танлов ғолиби аниқланган кундан эътиборан беш иш куни ичида давлат органи ва ташкилотининг раҳбари танлов ғолиби билан меҳнат шартномасини тузади.Ишчи орган томонидан бир кунлик муддатда танлов комиссиясининг баённомаси ва танлов ғолиби билан тузилган меҳнат шартномаси порталга жойлаштирилади.

 

Хорижий олий таълим муассасасини тамомлаганим ҳақидаги диплом вакансиялар порталидаги шахсий кабинетида кўринмаяпти. Бундай ҳолатда нима қилишим лозим?

 Сизнинг хорижий давлат олий таълим муассасасида ўқиганлигингиз тўғрисидаги диплом Ўзбекистон Республикаси Олий таълим фан ва инновациялар Вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни бахолаш агентлиги томонидан нострификациядан ўтказилиши лозим. Нострификация қилинган диплом тўғрисидаги гувоҳнома рақами ўрнатилган тартибда базага киритилади. Сизнинг диплом рақамингиз киритилган тақдирда порталдаги шахсий кабинетингиздаги маълумотингиз тўғрисидаги саҳифада автоматик равишда хорижий олий таълим муассасасини тамомлаганингиз тўғрисидаги маълумот кўринади.

Номзод тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ шаклланмаган ёки хатолик топилса маълумотлар қандай ўзгартирилади?

 

Номзод  тўғрисидаги маълумотларни  my.mehnat.uz ягона миллий меҳнат тизими ёки my.argos.uz давлат фуқаролик ҳизматининг ягона электрон ахборот порталидаги  “Маълумотларни янгилаш” тугмаси орқали ўзгартириш мумкин.

 

Хозирги кунда Олий таълим муассасида ўқиётган яъни тугалланмаган олий маълумотга эга бўлган номзодларни  ишга кириш учун ариза жўнатиш тартиби тўғрисида  маълумот берсангиз ?

Бунақа холатда номзод ўзига тегишли бўлган  маълумотларни резюме шаклида, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайти vacancy.argos.uz порталида шахсий кабинетига кириб,   обективка файлини танлаб, резюмени юбориш тугмаси орқали  жойлайди ва тугулланмаган олий маълумоти тўғрисида  объективкасида кўрсатиб ўтиши керак ва номзод танловга қўйилаган вакант лавозим малакавий талабларига эътибор қаратиши лозим бўлади.

 

Очиқ вакансияга хужжат юборган  номзодларнинг барчаси тест синовида  қатнашадиларми, тест ва  суҳбат ўтказиладиган санасини қаердан билса бўлади Номзод аризаси қайси  холатларда рад этилади ва ариза жўнатиш чегараланганми?

 

Номзоднинг маълумоти, мутахассисилиги, иш стажи, малакавий талабларга мос келмаса  номзодга рад жавоби берилади.

         Номзод томонидан электрон тарзда юборилган ариза  ташкилот томонидан тузилган таркибий танлов  комиссия томонидан хужжат қабул қилиш якунланганидан кейин беш кун мобайинида  ўрганиб чиқилади ва сараланади. Танлов комиссиясининг таркиби давлат органи раҳбари томонидан тасдиқланади. Танлов ўтказилаётган давлат органининг кадрлар бўлинмаси танлов комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

Номзодлар танлов босқичлари ҳақида хабардор бўлишлари учун порталдаги шахсий кабинетларини доимий кузатиб боришлари лозим. Шунингдек, номзодларга қулайлик яратиш мақсадида Агентлик томонидан Телеграм тармоғида @xabarnoma_robot махсус боти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ушбу бот орқали ҳам аризангиз ҳолатини кузатиб боришингиз мумкин.

Агар номзод тест ёки сухбат ўтказиш белгиланган вақтда мамлакатимиз бошқа вилояти ёки шаҳрида бўлса, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг худудий ва шаҳар филиалларига бориб танловда қатнашиб билади!

HR платформаси буйича тушунтириш берсангиз ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонига мувофиқ давлат органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни “hrm.argos.uz” электрон платформасида юритиш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг 492-сон “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорга асосан 2023 йил
1 ноябрдан бошлаб республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, яъни давлат органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид барча маълумотлар ва ҳужжатлар “hrm.argos.uz” электрон платформасида шакллантирилади ва юритилади.

Сўнги пайтларда фуқаролар томонидан келиб тушётган мурожаатлар, таклиф ва ташаббусларни ўрганар эканмиз, давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалда жорий қилиниши натижасида электрон хукумат ва рақамлаштиришда аҳолига ихчам ва қулай шароитлар яратилганлигини кўришимиз мумкин. Айниқса электрон ва автоматлаштирилган тизим афзалликлари фуқароларимизнинг мурожаатларини тез ва осон ҳал қилишда, уларга иш излашларида, ишга  жойлашишда аниқ механизм  яратилганлигидан далолат беради.

 

Ҳурматли юртдошлар агар сизда вакант иш ўрнига ариза топшириш юзасидан ёки ишга жойлашиш билан боғлиқ қўшимча саволлар пайдо бўлса, мурожаатларингизга тезкор жавоб олиш учун 1136  Call марказига,вилоят филиалининг 62-223-02-15 телефон рақамига, ҳамда @murojaat_argos_bot телеграм ботига мурожаат қилишигиз мумкин.

️Мурожаатлар ҳафтанинг душанба кунидан жума кунигача (байрам кунларидан ташқари) соат 09:00 дан 13:00 гача ва 14:00 дан 18:00 гача қабул қилинади

 

 

Президент ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Хоразм вилояти филиали инспектори:                     Атамуратов.Р.А.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид