s
USD: Rub: Eur:
2026-02-25 443

ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШ ЖИНОЯТИ ВА УНИНГ УМУМИЙ-ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Бугунги глобаллашув жараёнида диний экстремизм ва терроризм инсоният хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётган мураккаб ижтимоий-ҳуқуқий муаммолардан бири ҳисобланади. Мазкур ҳодисалар нафақат жамият барқарорлиги ва давлат хавфсизлигига, балки шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига ҳам зарар етказади. Шу сабабли кўплаб давлатлар, жумладан Ўзбекистон, диний экстремизм ва терроризмни тарғиб қилишни мустақил жиноят сифатида криминализация қилган. Мазкур мақолада диний экстремизм ва терроризмни тарғиб қилиш жиноятининг назарий-ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидаги нормалар таҳлили, жиноят таркиби элементлари, суд амалиёти ҳамда умумий-ҳуқуқий оқибатлари кенг ёритилади. Глобаллашув ва ахборот технологиялари ривожи шароитида экстремистик ғояларнинг интернет орқали тез тарқалиши миллий хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда.

 Диний экстремизм ва терроризм. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳужжатларида терроризм аҳоли ўртасида қўрқув уйғотиш, давлат органлари қарорларига таъсир кўрсатиш ёки сиёсий мақсадларга эришиш учун зўравонлик қўллаш билан боғлиқ ҳаракат сифатида тавсифланади. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида қабул қилинган ҳужжатларда экстремизм конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга, ҳудудий яхлитликни бузишга ёки миллатлараро, ирқий ва диний адоватни қўзғатишга қаратилган фаолият сифатида баҳоланади. Диний экстремизм — дин шиори остида қонуний давлат тузумига қарши ғояларни илгари суриш ва тарқатишдир.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси экстремизм ва терроризм билан боғлиқ қилмишлар учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилайди. Баъзи диний ташкилотлар ёки асосан айрим диндорларнинг жамият қонун-қоидаларига мос келмайдиган мафкураси ва фаолият. диний ғояларни сиёсий мақсадларда қўллаш; жамиятда адоват ва нафратни қўзғатиш, конституцион тартибни бузишга чақириш, зўравонликни оқлаш ёки қўллаб-қувватлаш.

Терроризм — Терроризмнинг бош мақсади қонуний ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишдан иборат. сиёсий, диний ёки бошқа мақсадларда бири аҳолини давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини шакллантириш. Сиёсий рақибларни, мухолифларни йўқотиш ёки қўрқитиш, аҳоли ўртасида ваҳима ва тартибсизликлар келтириб чиқариш мақсадидаги зўравонлик ҳаракатлари (таъқиб қилиш, бузиш, гаровга олиш), қотиллик, портлатиш ва бошқалар). Терроризм якка тартибдаги ва гуруҳли терроризм тоифаларга бўлинади. Сиёсатшуносликда давлат терроризми тушунчаси ҳам қўлланади. Терроризм муайян сиёсий мақсадлар устига қурилган зўравонликка асосланган кучдир. Уларнинг мақсади ўз режаларини амалга ошириш жараёнида, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, аҳолининг кенг қатламларини қўрқув ва ваҳима остида ушлаб туриш.

Диний экстремистик гуруҳларнинг бош мақсади бўйича – "халифалик" ёки "ислом амирлиги" тузиш шиори остида ҳокимиятни эгаллашдир. Ушбу мақсадга эришиш йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтишмайди. Уларнинг асосий фаолият услублари экстремистик руҳдаги адабиётлар, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, яширин гуруҳлар тузиш, ўз аъзоларини давлат тузилмаларига киритишга интилиш, мавжуд ижтимоий – сиёсий воқеликни кескин қоралаш, давлат ва диний идора вакилликларини обрўсизлантириш ҳамда шу билан бирга террористик ҳаракатларни ўтказишдан иборат. Терроризм эса аҳолини қўрқитиш, давлат органларига босим ўтказиш ёки сиёсий мақсадга эришиш учун зўравонлик усулларидан фойдаланиш билан тавсифланади. Жиноят содир этилишининг сабаб ва омиллари. диний саводсизлик; ижтимоий-иқтисодий муаммолар; ёшларнинг радикал ғояларга мойиллиги; интернет орқали радикал тарғибот; мафкуравий бўшлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, ҳар ким виждон эркинлигига эга. Бироқ ушбу эркинлик бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, жамият хавфсизлиги ва давлат манфаатларига зарар етказмаслиги шарт. Жиноят кодексида террорчилик, экстремистик материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, диний-экстремистик ташкилотларда иштирок этиш, миллатлараро ва диний адоват қўзғатиш каби жиноятлар назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар асосан 155, 155¹, 155², 155³, 156, 244¹, 244², 244³ моддаларда назарда тутилган. Булар террорчилик, экстремистик материалларни тарқатиш, ташкилотларга аъзолик ва фаолиятни молиялаштириш каби ҳаракатларни қамраб олади. 

Мисол тариқасида, 1999 йилда Хонқа туманида туғилган фуқаро Ш.Т муқаддам Россия Федерациясининг турли шаҳарларида ишлаб келиши ва интернет бутун жаҳон ахборот тармоғининг турли сайтлари, ижтимоий тармоқ ва мессенджерларига жойлаштирилган анъанавий ислом негизларига путур етказувчи, фанатик қарашлари исломнинг тинчликсевар тамойилларига мос келмайдиган, диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва ушбу ғояларни тарғиб қилувчи “Абдуллох Бухорий” ва бошқаларнинг аудио-видео маърузаларини мунтазам равишда кўриб-тинглаб келиши натижасида динга ақидапарастларча берилиб, ўта экстремистик руҳдаги диний мафкуранинг муросасиз тарафдори ҳамда фанатик қарашлари исломнинг тинчликсевар тамойилларига мос келмайдиган кимсага айланиб қолган ҳолда, 2022 йил апрель ойида Ш.Т гўёки ўзига тўғри деб билган юқорида номлари келтирилган шахсларнинг ақидапарастлик ғоялари натижасида ўзининг фойдаланувида бўлган телефон рақамига расмийлаштирилган интернет бутунжаҳон ахборот тармоғининг телеграм мессенджеридаги “Необичный Парен” номли профили орқали “Имом Бухорий” номли канални ташкил қилиб, ушбу каналга “Абдуллох Бухорий” ва бошқаларнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи аудио-видео маърузаларини жойлаштириш йўли билан ушбу каналнинг аъзолари ва бошқаларга юбориш йўли билан тарқатиб келганлиги аниқланиб, жиноят ишлари бўйича жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг 2023 йил 09 октябрдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2441-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 4 (тўрт) йил 6 (олти) ой озодликни чеклаш жазосига судланган.

         Хулоса қилиб айтганда, диний экстремизм ва терроризм тарғиботи бу шунчаки фикр билдириш эркинлигигина эмас, балки инсониятга қарши қаратилган жиноят эканлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасида қонун устуворлиги таъминланган бўлиб, ҳар қандай радикал ҳаракатга ҳуқуқий баҳо берилади. Бугунги ривожланган давлатда кўпчилик аҳоли вакиллари бутунжаҳон интернет тармоғидан кенг фойдаланиб келаётганлигини ҳисобга олиб, ҳеч қачон шубҳали диний мазмундаги материалларни тарқатмасликлари, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларга аъзо бўлишда ҳушёр бўлишлари лозим.

Зеро битта эътиборсиз "репост" фуқаролар ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Огоҳлик ҳар бир фуқаронинг нафақат маънавий, балки қонуний бурчидир. Ушбу жиноятнинг олдини олиш ҳозирда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки жамият, таълим тизими ва фуқароларнинг ҳамкорлигини талаб қилади. Шу билан бирга, жиноят содир этган шахсларга нисбатан қатъий жиноят-ҳуқуқий чоралар қўлланилиши давлат хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир. Диний экстремизм ва террорчилик нафақат жиноят-ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлувчи хавфли ҳодиса, балки давлат хавфсизлиги, жамият барқарорлиги ва инсон ҳуқуқларига комплекс таҳдид ҳисобланади.

 

 

Иномжон Усманов, Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг раиси                           

Мавзуга оид