s
Жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Бу бурч ва ҳуқуқларимиз дунёнинг барча мамлакатларида мавжуд бўлганидек, Республикамизнинг асосий қонуни бўлмиш Конституциямизда белгилаб берилган. Ҳар қандай давлатнинг бош қонуни Конституция ҳисобланади. Конституция сўзи луғавий жиҳатдан «Низом», «Қоидалар тўплами» деган маʼноларни англатади. Лекин мазмун-моҳиятига кўра, ушбу ҳужжат мамлакат, унинг фуқаролари ҳаётида жуда муҳим ва ката аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Мамлакатимиз Бош Қомусида жамият ва давлат, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тузилиш ҳамда фаолиятининг асосий принциплари, уларнинг ваколатлари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлари белгилаб берилган. Амалдаги барча қонунлар ва бошқа ҳужжатлар Конституция негизида ва унга мувофиқ тарзда қабул қилинади.
Таъкидлаш керакки, конституция 1992 йил 8 декабрда 12-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 11-сессиясида қабул қилинган бўлиб янги таҳрири 2023йил 30 апрелда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган. Конституциямиз мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 6 бўлим, 27 боб 155 моддадан иборат бўлиб, унда мамлакатимизнинг ҳуқуқий, демократик жиҳатдан ривожлантиришнинг асосий принциплари белгиланган. Конституциямиз халқаро ташкилотлар ва экспертлар томонидан эътироф этилганлиги эса давлатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини оширмоқда ва мустаҳкамламоқда. Бир сўз билан айтганда, Конституция «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш»нинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Бош Қомусимиз миллатимиз руҳига, ҳаёт тарзи ва урф-одатларига мос келадиган имон-эътиқод, инсоф, диёнат, меҳр-оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатларни ўз ичига олган десак асло муболаға бўлмайди. Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган ҳуқуқий ҳужжатдир. Яратилаётган бошқа қонунлар конституциявий меъёрларга асосланади, меъёрий ҳужжатлар ҳам шу асосда ишлаб чиқилади. Қонунларимизда жамият ва давлат, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тузилиши ҳамда фаолиятининг асосий принциплари, уларнинг ваколатлари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлар белгилаб берилганлиги билан ҳам янада аҳамиятлидир. Бахтимиз қомуси бўлган Конституциямиз миллатидан қатъий назар барча ўзбек халқи, фуқаросининг бутун бир имконияти ва мажбуриятларини ўзида акс эттирган бўлиб, ҳали узоқ йиллар давомида янги Ўзбекистоннинг бахтли ва келажаги буюк авлодлари учун ҳаммуносиб хизмат қилади.
Гўзал Эшчанова, Боғот туманлараро иқтисодий суди архив мудири