s
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, суд идорасига иши тушган ҳар бир инсон ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишониши керак.
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Соҳага оид жадаллашган саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг ташаббуси ва алоҳида назорати доирасида кечаётгани барчамизни қувонтирмоқда.
Юртимизда шиддатли тус олган ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бераётир. Кейинги етти йилда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган марралар ҳақида сўз юритсак, уларни санаб адоғига етолмаймиз. Халқ манфаати йўлида олиб борилаётган ишлар одамларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини оширмоқда.
Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, қонунлар устуворлиги ғоясини ҳаётга татбиқ этишни таъминловчи асосий механизм бўлмиш мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва такомиллаштириш Ўзбекистонда давлат томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг тамал тоши ҳисобланади.
Ўтган қисқа даврда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган тарихий ўзгаришларга қўл урилди. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгилангани эътиборга молик.
Хусусан, Бош қомусимизнинг 136-моддасида “Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди”, деб белгилаб қўйилди.
Шу жиҳатдан, соҳада амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бераётир.
Президентимизнинг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам ушбу йўналишдаги ислоҳотларимизни тубдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжатда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Ҳаракатлар дастурида суд тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган асосий устувор йўналишлар, мақсад ва вазифалар сифатида “Хабеас корпус” институтини амалиётга янада кенгроқ жорий этиш, судьялар ихтисослашувини янада кенгайтириш, суд ишларини кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш, судьялар мустақиллигини таъминлашнинг янги механизмларини яратиш, суд ҳокимиятининг нуфузи, мавқеи ва обрўсини янада юксалтириш чораларини кўриш ва бошқа муҳим масалалар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари, муддатлари ва масъул органлар аниқ белгилаб берилди.
Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш борасида масъул давлат органлари томонидан тегишли таклиф ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланмоқда. Шу нуқтаи назардан айтганда, мазкур фармон суд-ҳуқуқ жараёнларини янада такомиллаштириш ва халқаро стандартларни интеграциялашга қаратилган ислоҳотларнинг сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, суд қарорларининг қонунийлиги, самарадорлиги, судлар фаолияти ошкоралиги ҳамда судьялар мустақиллигини оширишга хизмат қилади. Бу эса адолатли ва башорат қилинадиган одил судловни таъминлашга замин яратади, фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд-ҳуқуқ тизимига ишончини оширади.
Бир сўз билан айтганда, халқаро стандартларга жавоб берадиган суд-ҳуқуқ тизимининг ривожланиши фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Хоразм вилоят маъмурий суди
судьяси Т.Ибрагимов