s
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунки транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш нафақат ҳайдовчининг, балки йўлда ҳаракатланаётган ўнлаб инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф туғдиради. Шу боис мамлакатимиз қонунчилигида маст ҳолда транспорт бошқарганлик учун жавобгарлик чоралари қатъий белгиланган.
Аммо баъзан айрим фуқаролар қонун талабларидан хулоса чиқармасдан, бир хатони қайта такрорлайди. Хоразм вилоятида кўрилган навбатдаги жиноят иши ҳам ана шундай ҳолатлардан бири бўлди.
Қувонч Б. (исм-фамилия ўзгартирилган) муқаддам судланмаган, оиласи ва маҳалласида обрўли инсонлардан бири сифатида танилган эди. Бироқ унинг йўл ҳаракати қоидаларига нисбатан бепарволиги охир-оқибат жиноий жавобгарликка сабаб бўлди.
2026 йилнинг январида у Қўшкўпир тумани ҳудудида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомашина бошқариб кетаётган вақтида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилди. Текширувлар унинг маст ҳолатда эканлигини тасдиқлади.
Ушбу ҳолат бўйича суд қарори билан ҳайдовчига нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Қонун унга ўз хатосидан хулоса чиқариш имкониятини берган эди.
Бироқ орадан уч ой ўтар-ўтмас, Қувонч Б. яна рул ортига ўтирди.
2026 йил 12 апрель куни у яна худди шу автомашинада Қўшкўпир тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида ҳаракатланаётган вақтда йўл-патруль хизмати инспектори томонидан тўхтатилди. Ҳужжатлар текширилганида ҳайдовчининг яна алкогол таъсирида транспорт бошқараётгани маълум бўлди.
Алкотестер текшируви ҳам ҳайдовчининг маст ҳолатда эканлигини тасдиқлади.
Энг муҳими, мазкур ҳуқуқбузарлик аввалги маъмурий жазодан кейин бир йил ўтмасдан содир этилгани сабабли, қилмиш жиноят таркибини ҳосил қилди.
Тергов жараёнида Қувонч Б. ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. У қилмишидан пушаймон эканлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини ҳам унинг ижобий хислатларини инобатга олиш ҳақида илтимоснома киритди.
Бироқ суд иш материалларини ҳар томонлама таҳлил қилди. Судланувчининг айби нафақат унинг иқрор кўрсатмалари, балки йўл-патруль хизмати ҳужжатлари, алкотестер хулосаси, маъмурий иш материаллари ва бошқа далиллар билан ҳам тўлиқ тасдиқланди.
Суд ҳайдовчининг аввал ҳам худди шундай қоидабузарлик учун жазоланганига қарамасдан, яна маст ҳолда рулга ўтирганини унинг қилмишига ҳуқуқий баҳо беришда муҳим ҳолат сифатида эътироф этди.
Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди ҳукми билан Қувонч Б. транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил 6 ой муддатга маҳрум қилиниб, 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Суд залининг ўзидаёқ у қамоққа олинди.
Ҳукмдан норози бўлган ҳимоя томони апелляция шикояти киритиб, судланувчининг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, ижобий тавсифланиши ва оилавий аҳволини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.
Бироқ Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни қайта кўриб чиқар экан, биринчи инстанция суди томонидан барча енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олинганини қайд этди. Суд ҳатто айбга иқрорлик келишуви мавжудлиги сабабли қонунда назарда тутилган жазодан ҳам енгилроқ жазо тайинланганини таъкидлади.
Шунинг учун апелляция шикояти қаноатлантирилмади ва биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Бу ишнинг аҳамияти шундаки, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оддий қоидабузарлик эмас, балки инсон ҳаётига хавф туғдирувчи ҳаракат ҳисобланади. Қонун биринчи марта хатога йўл қўйган шахсга огоҳлантириш ва жазо орқали хулоса чиқариш имкониятини беради. Аммо ушбу имкониятдан тўғри фойдаланилмаса, жавобгарлик муқаррар равишда оғирлашади.
Зеро, йўлларда хавфсизликни таъминлаш ҳар бир ҳайдовчининг шахсий масъулиятидир. Рул ортида қабул қилинган бир лаҳзалик нотўғри қарор баъзан инсон тақдирини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Суд қарорининг тарбиявий аҳамияти ҳам айнан шунда — қонун талабларини менсимаслик оқибатсиз қолмаслигини жамиятга яна бир бор эслатишдир.
Зафар Якубов, Хоразм вилоят судининг судьяси