s
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги пф-140-сон фармони билан судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда моддий-техник таъминотни яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Ушбу фармонда белгиланган вазифалар нафақат судларда иш юритиш самарадорлигини ошириш, балки одил судловга эришишда жаҳон стандартларига мос янги босқични бошлаб бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Зеро, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш суд тизимининг очиқлиги, шаффофлиги ва фуқаролар учун янада қулайлигини таъминлайди.
Ҳар қандай соҳани рақамлаштириш орқали янги имкониятлар жорий этиш мумкин бўлади. Жумладан, “Рақамли суд” концепцияси доирасида ҳам қатор янгиликлар амалга оширилади:
Фуқаролар ариза бермасдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ва харажатлар ҳисобланади;
Мурожаатлар тўлиқ электрон шаклда юборилади;
Суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имконияти яратилади;
Тарафлар барча материаллар билан электрон шаклда танишиши мумкин бўлади;
Ижро варақалари автоматик тарзда юборилади;
Суд ҳужжатлари ва баённомалари сунъий интеллект орқали шакллантирилади.
Бу жараёнлар суд тизимини инсон омили таъсиридан ҳоли қилиш, одил судловни тезкор ва аниқ таъминлашга хизмат қилади.
Ислоҳотларнинг аҳамияти шундаки, Президент томонидан қабул қилинган мазкур фармон “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар билан ҳамоҳанг. У, аввало, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, судларга ишончни кучайтиришга қаратилган.
Таъкидлаш жоизки, 2025 йил якунига қадар Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган замонавий суд заллари фаолият бошлайди. Ушбу тажриба муваффақиятли якунланса, 2026–2027 йилларда бутун республика миқёсида жорий этилиши режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда “Рақамли суд” концепциясининг амалга оширилиши суд тизимини тубдан янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Энг муҳими, бу ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилади, фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш жараёнини енгиллаштиради ва адолатни таъминлашда янги имкониятлар эшигини очади.
Бунёд Якубов, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судьяси