s
“Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–278, 15.08.2023 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, республикадаги чегаралари белгиланмаган кўп квартирали уйларнинг туташ ер участкалари чегаралари белгиланиб, “YERELEKTRON” ахборот тизимига киритилади.
2024 йил 1 январдан:
кўп квартирали уйлардаги кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан мулкдорнинг мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги текширилгандан кейин тасдиқланади;
мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг энг кам миқдори Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланади;
агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган (дарахт ва бута шох-шаббалари, барглари) ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни тозалашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларида ёки чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш операторлари билан келишилган махсус жойларда йиғишга рухсат этилади.
Ширкатлар ва бошқарувчи ташкилотларнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари олдидаги қарздорлиги ва улар учун ҳисобланган жарималарнинг тўлов муддати 2024 йил 1 октябргача кечиктирилади.
Қарор билан шунингдек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилади:
кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ва жойлар мулкдорлари томонидан иссиқлик таъминотидан фойдаланишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулк ва уларга туташ ер участкаларида амалга оширилган таъмирлаш-тиклаш ишларининг қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш белгиланган.
Хонка туман адлия бўлими