s
USD: Rub: Eur:
2024-08-23 316

Оила мустаҳкамлигини таъминлаш йўлида

Оила жамиятнинг асоси деб бежизга айтилмаган. Энг муҳими, оилада эртанги кунимизнинг ҳақиқий эгалари — фарзандларимиз ўсиб-улғайиб, камол топади. Шу маънода оилаларнинг мустаҳкамлиги ва тинч-тотувлигини таъминлаш, юксак маънавий муҳитни қарор топтириш долзарб вазифа ҳисобланади. 

Туманимизда аҳоли сонининг ошиб бориши оилавий низолар билан боғлиқ ишларнинг сони ошишига сабаб бўлмоқда. Улар орасида ажрашиш мақсадида берилган даъволар ҳам талайгина. Бошқа мутасадди ташкилотлар қатори судлар томонидан ҳам маиший низолар оқибатида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни сақлаб қолиш чоралари кўриб келинмоқда. Буни эр-хотин Маҳмуд Эшназаров (исм-фамилиялари ўзгартирилган) ва Ойгул Шоназаровалар (исм-фамилияси ўзгартирилган) иши мисолида кўриш мумкин.

Туманимизда яшовчи фуқаро Ойгул Шоназарова эри Маҳмуд Эшназаров томонидан калтакланиб, ўзига тан жароҳати етказганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган ва натижада М.Эшназаровга нисбатан оилавий-маиший зўравонлик моддаси билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Судда жиноят тафсилотлари, шунингдек эр-хотинларга оид маълумотлар синчиклаб таҳлил қилиниб, низони бартараф этиш чоралари кўрилди. Жабрланувчи ва айбланувчига ўрталаридаги келишмовчиликнинг салбий оқибатлари тушунтирилди. Натижада Маҳмуд Эшназаров ўз айбини тан олди. Чин дилдан пушаймонлигин айтиб, жабрланувчи Ойгул Шоназаровадан кечирим сўради. Ўз навбатида Ойгул Шоназарова турмуш ўртоғига нисбатан бўлган жиноят ишини ярашув асосида тугатишни сўраб шу ҳақда ўзи томонидан ёзилган аризани судга тақдим қилди.

Натижада, суд, судланувчининг айбига тўлиқ иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини, қилмишининг оқибатларини тушуниб етганлигини, жабрланувчи билан ярашганини, келтирилган зарар тўлиқ қоплаганлигини, жабрланувчининг судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини инобатга олиб, жиноят ишини тугатишни лозим топди. 

Ниятимиз амалга ошди, яна бир оила сақлаб қолинди. 

Мақсадимиз оилада юзага келадиган низоларни оқилона ва қонуний ҳал этиш, бир сўз билан айтганда, ушбу масканни том маънода жамиятимизнинг мустаҳкам асосига айлантиришдан иборатдир. 

 

Ҳикмат САИДОВ, Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди раиси.

Мавзуга оид