s
USD: Rub: Eur:
2024-05-27 593

Маъмурий суд ишларини юритишда солиқ органлари мансабдор шахсларининг қарорлари, хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га оид ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусий сектор, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошиб боришига олиб келмоқда. Буни маъмурий судларда солиқ органларининг қарорлари ёки солиқ органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан берилаётган ариза (шикоят)ларнинг ортиб бораётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 4-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шундай бўлса-да, солиқ органларининг қарорлари, хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд.

Солиқ низолари судга тааллуқлилик ва судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига асосан туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.

Солиқ қарздорлигини ундириш, солиқ тўловчиларнинг бюджетдан пул суммаларини қайтариш, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар тегишлилигича иқтисодий судлар ва фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судловига, солиқ органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), солиқ органи томонидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказишни рад этиш устидан ариза (шикоят) маъмурий судларнинг судловига тааллуқли, бундан солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича қабул қилган қарорлари мустасно.

Солиқ органининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар МСИЮтК 23-боби тартибида кўриб чиқилади.

Солиқ органининг сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарори устидан берилган шикоят юқори турувчи солиқ органи томонидан қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаганлиги, солиқ тўловчининг белгиланган муддат ўтгандан кейин солиқ органининг қарорини судда низолашиш ҳуқуқини истисно қилмайди.

Шу билан бирга, солиқ тўловчи судга юқори турувчи солиқ органи мансабдор шахсининг шикоятни муддатида кўриб чиқмасликда ифодаланган ҳаракатсизлиги устидан ариза (шикоят) билан мурожаат қилиши мумкин.

Солиқ кодекси 231-моддасининг тўққизинчи қисмида солиқ органларининг қарорлари, мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилиши қайд этилганлиги сабабли, бундай аризалар (шикоятлар) МСИЮтК 186-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган муддатда берилиши мумкин.

Солиқ тўловчи низолашилаётган қарор ҳақида билган пайт деганда, қарор белгиланган тартибда топширилмаган бўлса-да, у низоли қарордан амалда хабардор бўлган вақт (масалан, солиқ органининг қарори асосида солиқ тўловчидан солиқни ундиришга қаратилган ҳаракатлар ва ҳоказо) тушунилади.

Юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганида солиқ органининг қарорлари устидан судга шикоят қилиш муддати, қуйи турувчи солиқ органининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан ўта бошлайди (Солиқ кодексининг 234-моддаси тартибида кўрмасдан қолдирилган шикоятлар бундан мустасно).

МСИЮтК 186-моддасининг учинчи қисмига кўра, суд ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабларга кўра, ўтказиб юборилган муддатини тиклашга ҳақли.

Судга мурожаат қилишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги масалани ҳал қилишда, аризачининг низолашилаётган қарор ёки ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳақида билган ёхуд билмаганлиги, аризачи ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида қандай чоралар амалга оширганлигига эътибор қаратилади.

Масалан, фавқулодда ҳолатлар, карантин, фуқаронинг оғир ва давомли касаллиги, шахснинг солиқ қарори ҳақида бехабарлиги судга мурожаат қилишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар сифатида ариза беришнинг муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб топилиши учун асос бўлиши мумкин.

Ҳар бир иш бўйича аризачи томонидан қонун билан белгиланган судга мурожаат қилиш муддатларига риоя қилинганлигини аниқлаш, мазкур муддатлар бузилганда эса, манфаатдор шахснинг муддатни ўтказиб юборилишига сабаб сифатида келтирилган важларини муҳокама қилиш лозим.

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига асосан солиқлар ва йиғимларни белгилаш, жорий этиш ва бекор қилишга, ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашга доир муносабатлар жамоатчилик назоратининг объекти ҳисобланмаслиги, МСИЮтКнинг 23-боби тартибида солиқ органларининг индивидуал характерга эга бўлган қарорлари (мансабдор шахснинг ҳаракати, ҳаракатсизлиги) низолашиши мумкинлигидан келиб чиққан ҳолда судга юқорида қайд этилган Қонун асосида мурожаат қилган жамоатчилик назорати субъектининг аризаси МСИЮтК 134-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан қайтарилади.

МСИЮтКнинг 79-моддасида кўрсатилган масалалар юзага келганда, суд томонидан экспертиза тайинланиши мумкин.

Солиққа оид низолар юзасидан тайинланадиган экспертиза турини аниқлашда судлар эксперт текшируви объектининг хусусиятидан келиб чиқиши лозим (масалан, суд-солиқ, суд-бухгалтерия ва ҳоказо).

Солиқ органи қарори, мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан берилган ариза (шикоят)ни кўришда маъмурий судлар қуйидагиларни текшириши керак:

солиқ текширувини ўтказиш ҳақидаги қарор ваколатли шахс томонидан қабул қилинганлиги;

солиқ текширувини ўтказишда қонунчиликда белгиланган тартиб-таомилларга амал қилинганлиги;

текширув рўйхатга олинганлиги ҳолатлари.

Қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш бекор қилинганлиги натижасида ҳисобланган солиқ суммасини ундириш тўғрисидаги қарорни низолашиш бўйича ишларни кўришда Солиқ кодексининг 267-моддасида назарда тутилган асосларни тасдиқловчи далиллар мавжудлигига қаратилиши лозим (масалан, солиқ тўловчи томонидан енгил автомобиллар, мотоцикллар, вертолётлар, моторли қайиқлар, самолётлар, шунингдек моторли воситаларнинг бошқа турлари ва улар учун ёқилғи сотиб олинганда, ушбу товарларнинг юридик шахс амалга ошираётган фаолият турига боғлиқлигига аниқлик киритиш учун фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензиялар, транспорт воситасини бошқариш учун ҳайдовчини (пилотни) бириктириш ҳақида буйруқ, транспорт воситасини бошқарувчи шахсга берилган суғурта полиси, транспорт воситаси эксплуатациясига оид ҳужжатлар ёхуд алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиб олинганида, уларга акциз маркаси мавжудлиги ва ҳоказо).

Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) билан боғлиқ низоларни кўришда, солиқ тўловчининг ҳаракатларида Солиқ кодексининг 223-моддасида назарда тутилган, солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб баҳоланадиган ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигига эътибор қаратиш лозим.

Солиқни (йиғимни) нотўғри ҳисоблаб чиқариш деганда — солиқ суммасини ҳисоблашдаги хатоликлар тушунилади (масалан, солиқ суммасини ҳисоблашда солиқ тўловчи томонидан солиқ ставкаларининг нотўғри қўлланилиши).

Солиқ кодексининг 223, 226 ва 227-моддаларида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аломатлари солиқни (йиғимни) нотўғри ҳисоблаб чиқариш сифатида баҳоланмайди.

Солиқ текшируви жараёнида инвентаризация ўтказилганда, инвентаризацияни ўтказиш учун солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) буйруқ чиқариши, инвентаризация ўтказиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган «Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом 5-бобининг 11-параграфи ҳамда 6-бобининг 7-параграфида белгиланган қоидаларга мос бўлиши керак.

Солиқ органи қарори ҳақиқий эмас, мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган тақдирда, МСИЮтК 189-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ, тегишли солиқ органи ёки мансабдор шахснинг зиммасига солиқ текшируви материалларини қайта кўриб чиқиш ёхуд шахснинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни тиклаш учун қонунда назарда тутилган ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклаш масаласи муҳокама қилиниши лозим.

Масалан, солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишнинг тартиб-таомилининг муҳим шартларини (солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида солиқ тўловчи шахсан ва (ёки) ўз вакили орқали иштирок этиш имконияти таъминланмаганлиги, солиқ тўловчига тушунтиришлар бериш имкони яратилмаганлиги, солиқ текшируви материаллари ваколатсиз шахс томонидан кўрилганлиги) бузилишига йўл қўйилганда, солиқ текшируви материалларини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юкланиши лозим.

Солиқ низолари юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳақиқий эмас деб топилган солиқ органи қарори ҳақида батафсил маълумотлар, жумладан қарорнинг номи, санаси, рақами, банди ҳамда мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) нимада ифодаланганлиги аниқ акс эттирилган бўлиши лозимлигига қаратилади.

Солиқ муносабатларида юзага келаётган низоларни тўғри, холисона, қонуний ва адолатли ҳал қилишда маъмурий судлар томонидан қонун нормаларига, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, соҳага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва бошқа соҳага тааллуқли қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда қарорлар қабул қилиниб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари тикланмоқда.

 

Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси

                               Юсупов Дилмурод Бахтиярович

Мавзуга оид