s
Бозор муносабатлари шароитида тадбиркорлик фаолияти субъектлари рақобат муҳитида мусобақалашади ва бундай шароитда уларнинг кўпчилиги тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушиб қолади. Ушбу тадбиркорларга нисбатан судлар томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар қўзғатилади ва бундай ишларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада кўпроқ ҳимоя қилиш лозимлиги аён бўлмоқда. Шу мақсадда, 2022 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонунга субсидиар жавобгарлик, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш, истеъмолчи жисмоний шахслар банкротлиги ва бошқа кўплаб янги ҳуқуқий механизмлар киритилди. Бу эса, тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларига адвокатни жалб қилиш заруратини келтириб чиқарди. Айнан ҳуқуқий (иқтисодий эмас) билимлардан фойдаланишга қаратилган иститутлар ва чора-тадбирлар янги қонуннинг моҳиятида акс этди. Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ, олий маълумотга ҳамда камида икки йиллик иш стажига эга бўлган, шунингдек ваколатли давлат органида аттестациядан ўтган шахслар суд бошқарувчилари этиб тайинланиши мумкин. Ушбу талабларга жавоб берадиган, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишга ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган адвокат ҳам суд бошқарувчиси бўлиши мумкин.
Суд бошқарувчиси ким ва унинг асосий вазифаси нималардан иборат?
Суд бошқарувчиси тўловга қобилиятсизлик ишида (олдинги банкротлик иши) асосий ижрочи ҳисобланиб,тўловга қобилиятсизликтартиб-таомилларини ўтказади. Истиқболли ва самарали фаолият юритиши мумкин бўлган корхоналарни соғломлаштириш, паст рентабелли корхоналарни тугатиш бевосита суд бошқарувчисининг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилади.
Суд бошқарувчиси ўз фаолиятини ёпиқ иқтсодий-ҳуқуқий майдонда эмас, балки қонунчилик билан ваколатлар турлича тақсимланган ва манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган шароитда амалга оширади. Суд бошқарувчиси ва иштирокчилар (қарздор ва кредиторлар) ўртасида вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатлар моҳиятини англамасдан туриб, суд бошқарувчиси томонидан қонунчилик нормаларини қўллаш пайтида пайдо бўладиган муаммолар сабабини аниқлаш ва суд бошқарувчиси фаолияти самарадорлигини тўғри баҳолаш мумкин эмас.
Дастлаб, тўловга қобилиятсизлик ҳуқуқи вужудга келган дастлабки даврларда суд бошқарувчиси сифатида фақат тугатиш бошқарувчиси мавжуд эди, кейинчалик унинг янги турлари – муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчилар пайдо бўлди.Замонавий юридик адабиётларда суд бошқарувчисининг ҳуқуқий ҳолатини изоҳлашга қаратилган турли назариялар бор. Ушбу назариялар тўловга қобилиятсизлик муносабатлари субъекти бўлмиш суд бошқарувчисининг юридик табиатини тушунтиради.
Ш.Е.Эрлих ёзадики, ҳозирги кунда суд бошқарувчисига нисбатан қўлланиладиган вакиллик назарияси кенг тарқалган. Унга кўра, суд бошқарувчиси қарздорнинг ёки кредиторнинг вакили ёхуд бир вақтнинг ўзида қарздор ва унинг кредиторлари вакили сифатида намоён бўлади, шунингдек қарздор мол-мулки эгаси, таъсисчилари вакили бўлиши ҳам мумкин[1].
В.Ф.Попондопуло таъкидлашича, суд бошқарувчиси ҳеч кимга вакиллик қилмайди (на қарздорга, на кредиторга, на судга), у қонун билан белгиланган ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар доирасида ўз номидан ҳаракат қилади. Фанда суд бошқарувчилари билан боғлиқ бошқа назариялар ҳам бор. Масалан, қарздор мол-молкини ишончли бошқариш назарияси, меҳнат шартномаси назарияси, ашёвий ва оммавий назариялар.
Юқорида таъкидланган назарияларда суд бошқарувчисининг ҳуқуқий ҳолатини белгилашда унинг турларига етарлича эътибор қаратилмайди. Замонавий ҳуқуқий тизимда тўловга қобилиятсизлик институти олдингидай институт эмас. Ушбу институт икки субинститутга ажратилади: реабилитация ва банкротлик. Шунга асосан, суд бошқарувчилари икки хил бўлиши мумкин: реабилитация қилувчи бошқарувчи ва тугатиш бошқарувчиси.
Адвокат – суд бошқарувчисига қўйиладиган талаблар
Адвокатлар суд бошқарувчиси вазифасини бажаришга ваколатли органдан – Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентилигидан аттестациядан ўтганидан сўнг киришиши мумкин бўлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 сентябрдаги 765-сон қарори билан Суд бошқарувчилари, уларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш ва малака аттестатини бериш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланган. Ушбу Низомнинг 10-бандига асосан, суд бошқарувчиси Агентликда аттестациядан ўтиши керак. Аммо, адвокатларга Низомнинг 11-бандида кўрсатилган қўшимча талаблар (ўрта бўғин раҳбари сифатида ва раҳбарлик лавозимида ишлаганлик) тадбиқ қилинмайди.
Қарздорга ёки кредиторларга нисбатан манфаатдор шахслар, илгари суд бошқарувчиси вазифасини бажараётганда қарздорга, кредиторларга зарар етказган ва бу зарарнинг ўрнини қопламаган шахслар, аттестатининг амал қилиши тугатилган (бекор қилинган) ва (ёки) вақтинча тўхтатиб турилган шахслар суд бошқарувчилари этиб тайинланиши мумкин эмас. Бу қоидалар адвокатларга ҳам тааллуқли бўлиб, адвокатлар ишга тайинланишларидан олдин ушбу шартлар билан яқинда танишиши лозим, акс ҳолда ишда иштирок этувчи шахсларнинг далиллари асосида ўз вазифасидан озод қилиниши мумкин.
Адвокат – суд бошқарувчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Тўловга тўғрисидаги ишда адвокатлар ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаб олиш муҳим аҳамиятга эга. Агар адвокат суд бошқарувчиси сифатида тайинланадиган бўлса, суд томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ижросини таъминлайди, кредиторлар талабларини қаноатлантириш чора-тадбирларини кўради, қарздор мол-мулкининг ўзга шахслар томонидан эгаллаб олинмаслиги учун ҳаракатларни амалга оширади, иш якунига етгунга қадар қарздор фаолиятини бошқаради. Демак, адвокатлар фаолиятида суд ҳужжатларини ижро этиш билан боғлиқ янги функциялар пайдо бўлмоқда.
Тўловга қобилиятсизлик ишида адвокатнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Қонуннинг 23-моддасида тўлиқ кўрсатилган. Махсус ҳуқуқлар ва мажбуриятлар ҳар бир тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларига бағишланган нормаларда ҳам мавжуд. Мисол учун, ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари жорий қилингандан сўнг, адвокат (суд бошқарувчиси) уч кун ичида корхона раҳбарини лавозимдан четлаштириши лозим.
Адвокат – суд бошқарувчисини тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишга тайинлаш тартиби
Адвокат – суд бошқарувчисиномзоди кредиторлар ёки ваколатли орган таклиф этган номзодлар орасидан суд томонидан тайинланади ва суд ишни қўзғатиш ҳақидаги ажримда ким тайинланганлигини кўрсатиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 27 январдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини хўжалик судлари томонидан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 142-сон қарори 8-бандига кўра, аразида номзод кўрсатилмаган бўлса, у ҳолда суд ваколатли органдан тегишли номзодни талаб қилади. Фикримизча, амалдаги қонунчиликдан суднинг номзодни сўраб олиши билан боғлиқ қоидаларни чиқариш ва номзод тақдим қилиш мажбуриятини ариза берувчилар зиммасига юклаш мақсадга мувофиқ. Агар аризада суд бошқарувчининг номзоди кўрсатилмаса, ариза тегишли тартибда қайтарилиши керак. Буни амалга ошириш келажакда қарздор ва кредиторлар томонидан адвокатларни ишга жалб қилиш имкониятларини оширади.
Тўловга қобилиятсизлик ишида адвокатнинг жавобгарлиги ва уни ҳимоя қилиш
Қонуннинг 25-моддасида суд бошқарувчисининг фуқаролик жавобгарлиги келтирилган бўлиб, яъни суд бошқарувчиси вазифаларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда қарздорга, кредиторларга ва учинчи шахсларга зарар етказилганда, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шартлиги кўрсатилган. Ишда асосий ижрочи бўлган суд бошқарувчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кредиторлар талабларини қаноатлантиришда уларнинг ҳаракатларини қонун билан муҳофаза қилиш асосий бўшлиқлардан биридир. Адвокат – суд бошқарувчилари фаолиятига тўсқинлик қилган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши лозим ва шу мазмундаги жавобгарлик чоралари маъмурий ва жиноят қонунчиликда акс этиши мақсадга мувофиқ. Назаримизда, ушбу жавобгарлик чоралари тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларнинг сифатли олиб борилишига хизмат қилади.
Адвокатга ҳақ тўлаш
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонуннинг 26-моддасига кўра, адвокат – суд бошқарувчисига ҳақ қуйидаги тартибда тўланади:
- агар иш умумий тартибда кўрилаётган бўлса (қарздорнинг мол-мулки мавжуд бўлса), бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда кредиторларнинг йиғилиши томонидан белгиланади, суд томонидан тасдиқланади ҳамда, агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан тўланади. Бу ерда сумма аниқ кўрсатилмаган, кредиторлар йиғилиши қарори билан ҳақ белгиланади;
- агар иш соддалаштирилган тартибда кўрилаётган бўлса (қарздорнинг мол-мулки мавжуд бўлмаса), қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берган аризачи томонидан қопланади. Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг еттибаравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади;
- жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза берган аризачи томонидан молиявий бошқарувчига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан пул маблағлари ўтказилади.
Бундан ташқари, кредиторлар йиғилишининг қарори билан суд бошқарувчисига унинг фаолияти якунларига кўра қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳақ белгиланиши мумкин, агар:
кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган кредитор қарздорлик тўлиқ тўланган бўлса, ушбу тўланган қарздорликка доир талаблар суммасининг беш фоизигача миқдорда;
кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган кредиторларнинг етмиш беш фоизидан кўпроғи қаноатлантирилган бўлса, мазкур кредиторлар талаблари суммасининг уч фоизигача миқдорда;
кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган кредиторларнинг эллик фоизидан кўпроғи қаноатлантирилган бўлса, мазкур кредиторлар талаблари суммасининг бир фоизигача миқдорда.
Адвокат – суд бошқарувчиси фаолияти устидан назорат
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича ваколатли орган (Давлат активларини бошқариш агентлиги) томонидан суд бошқарувчилари аттестациядан ўтказилади, уларнинг реестри юритилади, шунингдек иқтисодий суд томонидан белгиланган вазифаларни бажаради. Улар иккита давлат органи олдида ҳисобдордир.
Нима учун тўловга қобилиятсизлик ишида адвокатлар хизматидан фойдаланишга зарурат пайдо бўлди?
Хулоса
Адвокатларнинг тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда иштирок этиш ҳуқуқи ҳар доим мавжуд бўлган, суд бошқарувчилари томонидан ишга мутахассислар сифатида ёки бошқача шаклда жалб қилиниб келинган. Эндиликда бўлса, адвокат барча тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларни амалга оширувчи асосий ижрочи сифатида майдонга чиқади. Ўйлаймизки, адвокатлар тўловга қобилиятсизлик ишида иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, манфатлар тўқнашувини адолатли ҳал қилишда ўз ҳиссасини қўшади.
Махмуд Казаков, Урганч туманлараро иқтисодий суди судьяси