s
Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки
USD:10472.67 Rub:137.47 Eur:12335.76
2023-11-13 571

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ва уларнинг котибиятлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари: муаммолар ва ечимлар

Ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим белгиларидан бири ҳокимиятнинг бир-бирини тийиб туриш тамойилидир. Яъни Парламент ҳукумат тийиб туради ва фаолиятини назорат қилса, қуйи вакиллик органлари маҳаллий ижро ҳокимияти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан тийиб турилади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Ушбу институт фаолиятини тартибга солувчи энг асосий ва муҳим ҳужжатлардан бири – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (“Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари” боби 120-127 моддалар), шунингдек 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига оид “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуни ҳисобланади.

Мазкур қонун хужжатларида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар олдида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳисобдорлиги ва улар устида депутатлик назоратини амалга оширишга оид нормалар, қатор ваколатлар белгилаб қўйилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, тўғри ва таъсирчан қарорлар қабул қилиш ҳамда депутатлик назорати институтини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2020 йил 11 декабрдаги КҚ-161-IV-сонли қарори билан Кенгаш котибиятлари ташкил этилди. Натижада, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида фаоллик сезилди, қарор лойиҳаларининг ишлаб чиқилиш ва назоратида сифат кўрсаткичлари ошди, ўз навбатида ҳудуддий муаоммоларни ўрганиш ва ҳал этишда маҳаллий Кенгаш депутатларининг роли сезила бошлади.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларида жами 440 та депутатлик ўринлари бўлиб, амалда 426 нафар депутатлар фаолият олиб бормоқда. 16 та депутатлик ўрни бўш. Хусусан, бугунги кунда Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашида 7 та, Урганч шаҳар кенгашида 2 та, Боғот туман кенгашида 2 та, Янгиариқ туман кенгашида 2 та, Хива шаҳар кенгашида 1 та,  Гурлан туман кенгашида 1 та,  Хива туман кенгашида 1 тадан депутатлик ўринлари вакант.

2023 йилнинг 10 ойида халқ вакиллари бўлган депутатлар томонидан муайян ижобий ишлар қилинган. Хусусан, депутатлар томонидан сайловчилар билан 850дан ортиқ учрашувлар ўтказилган. Ушбу ўтказилган учрашувларда ҳудуддаги долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва аҳолини безовта қилаётган 1000га яқин мурожаатдан 750дан ортиғи ўз ечимини топган.

Ўтган давр мобайнида вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида 1600 маротабадан ортиқ ОАВда чиқишлар қилинган.

Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатларининг фаоллиги асосан сиёсий партиялар томонидан партияни дастурий мақсадларини амалга оширишга қаратилган тадбирларда яққол сезилмоқда.

Мисол учун, ўтган 10 ой давомида вилоят, туман(шаҳар) кенгашларида жами 174 та сессия ўтказилган бўлиб, уларда сиёсий партия гуруҳлари томонидан 35 та масала сессия кун тартибига киритилган ва ижобий ҳал этилган.

Ўтган давр мобайнида вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари томонидан 2023 йил давомида 770 та депутатлик сўровлари юборилган бўлиб, шундан 673 тасига жавоб берилган.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида маҳаллий кенгаш сессияларида депутатлар томонидан мансабдор шахсларнинг 524 маротаба ҳисоботи ва 447 маротаба ахборотлари эшитилган. Берилган ахборот ва ҳисобот натижалари бўйича мансабдор шахслар фаолиятига баҳо берилган.

Бундан ташқари доимий комиссиялар томонидан ҳам аҳоли муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш ва ҳудудий дастурлар ижросига оид масалаларда депутатлик назорати бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган.

Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиылигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик, назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлдар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармонида белгиланган бўлишига қарамасдан, бугунги кунда кўпчилик Кенгаш сессиялари онлайн трансляция қилинмаяпти. Натижада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар, доимий комиссиялар ва депутатлар фаолиятидан сайловчилар мунтазам хабардор бўлишмаяпти.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ва уларнинг котибиятлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида сайловчиларнинг депутатга электрон мурожаат йўллаш, ўз навбатида депутатлик сўровларини электрон амалга ошириш тизимини жорий қилиш, котибият ходимлари учун ҳар чоракда ўқув-семинарлари ташкил қилиш лозим.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари ўзларига берилган “депутат” деган шарафли ном ва депутатлик ҳуқуқий мақомидан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент ва ҳукумат қарорлари, фармойишлари ижросини таъминлашда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фаолият юритадилар. Шу билан бирга айтиб ўтиш жоизки, халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги доимий комиссиялар ва партиялар гуруҳлари ҳам ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида, мавжуд муаммоларни ҳал этишдаги роли каттадир.

 

Зайнаб МАШАРИПОВА,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

Хоразм вилояти худудий бўлинмаси етакчи мутахасиси

Мавзуга оид