Сизнинг ҳолатингизда меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса, демак, МКнинг 155-моддаси 1-қисми бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш деганда МКда назарда тутилган асослар бўйича ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни тугатиш тушунилади.
Демак, бу ерда энди магистратурани тамомлагандан сўнг ходим ишга ҳеч қандай танловларсиз, кафолатли тарзда ишга қайта қабул қилиниши мумкин, холос, лекин бу ходимга меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини бермайди. Ходимга МКнинг 227-моддаси тартиби қўлланилади ва умумий тартибда янги ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб, олти ойдан сўнг меҳнат таътили олиши мумкин ёки меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ходимга ишлаган олти ой ўтгунига қадар ҳам меҳнат таътили берилиши мумкин.
Агар буйруқ меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида эмас, балки фақат магистратурада ўқиш даврида лавозимдан озод қилиш ҳақида чиққан бўлганда эди, гарчи иш ҳақи тўланмасада меҳнат муносабатлари давом этаёган бўлар эди ва ходимга МКнинг 226-моддасига асосан меҳнат таътили олиш ҳуқуқи сақланиши мумкин бўларди.
Тавсия: ходим таътилга чиқишни хоҳласа МКнинг 227-моддаси бўйича иш берувчи билан келишган ҳолда меҳнат таътили олиши ёки МКнинг 241-моддасига мувофиқ иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиши мумкин. XIVA TUMAN YURIDIK XIZMAT KO`RSATISH MARKAZI BOSH YURISKONSULTI M.BOYJONOV