s
2025 йил 25 апрель куни жиноят ишлари бўйича Гурлан туман суди томонидан оилавий зўравонлик билан боғлиқ жиноят иши юзасидан ҳукм эълон қилинди. Судланувчи сифатида иштирок этган фуқаро Ш. Раҳматов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўз турмуш ўртоғи ва фарзандларига нисбатан зўравонлик қилганликда айбли деб топилди.
Маълумотларга кўра, жиноят 2025 йил 1 январь куни содир бўлган. Судланувчи Ш. Раҳматов байрам муносабати билан спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда турмуш ўртоғи ва икки қизига нисбатан қўпол муомалада бўлиб, уларга енгил даражада тан шикастлари етказган. Ҳодиса юзасидан тиббий экспертиза тайинланиб, жабрланувчиларга етказилган жароҳатлар 6 кундан ортиқ давом этмайдиган енгил тан жароҳатлари тоифасига кириши тасдиқланган.
Суд жараёнида жабрланувчиларнинг кўрсатмалари, гувоҳлар баёнотлари, ҳодиса жойидаги фотосуратлар, видеоязув ва тиббий хулосалар асосида судланувчининг айби исботини топди. Судланувчи қилмишини тан олди ва содир этган жиноятидан афсусдалигини билдирди.
Таъкидлаш лозимки, у аввал ҳам оиласи билан жанжаллашгани учун 2024 йилда маъмурий жавобгарликка тортилган ва 3 сутка маъмурий қамоққа олинган. Суд, ушбу ҳолатга қарамай, унда ижобий ўзгариш кузатилмаганини ҳисобга олди.
Гурлан туман суди томонидан Ш. Раҳматовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 2-қисми бўйича айблов қўйилиб, унга 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари, ойлик даромадининг 20 фоизи давлат даромадига ундирилиши шарти билан жазо тайинланди. Суд унинг қилмишидан афсусдалиги, оилавий шароити ва аввал судланмаганлигини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида инобатга олди.
Шу билан бирга, суд жабрланувчиларга етказилган моддий ёки маънавий зарар бўйича алоҳида даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлигини тушунтирди.
Ушбу иш мисолида кўринишича, оилавий зўравонликка нисбатан жамиятда муросасиз муносабат шаклланмоқда. Қонун олдида ҳар ким жавобгар ва ҳар қандай зўравонлик ҳуқуқий баҳо олиши шарт. Суд инсонпарварлик принципларидан келиб чиққан ҳолда, жиноят содир этган шахсни жамиятдан ажратмасдан, уни ахлоқий жиҳатдан тузатишга қаратилган жазо қўллади.
Жасур Аҳмедов, Жиноят ишлари бўйича Гурлан туман суди раиси