s
USD: Rub: Eur:
2026-05-26 981

Суд орқали фарзанд билан учрашиш тартибини белгилаш

Ажрашган ёки алоҳида яшаётган ота-оналар ўртасида энг муҳим масалалардан бири — фарзанд билан учрашиш тартибидир. Агар ота ёки она болани кўришга тўсқинлик қилса, бу масала суд орқали ҳал этилиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида ҳар икки ота-онанинг ҳам фарзанд тарбиясида иштирок этиш ҳуқуқи ҳимоя қилинади.

 

Фарзанд билан учрашиш ҳуқуқи нима?

 

         Ота-она никоҳда бўладими ёки йўқми, бола билан мулоқот қилиш ва уни тарбиялашда қатнашиш ҳуқуқига эга. Бола бир ота-она билан яшаётган бўлса ҳам, иккинчи томон фарзанд билан кўришиш ҳуқуқидан маҳрум қилинмайди.

         Агар томонлар ўзаро келиша олса, учрашув тартиби ёзма ёки оғзаки келишув орқали белгиланади. Келишув бўлмаса, масала суд томонидан кўриб чиқилади.

Суд қандай тартиб белгилайди?

 

Суд ишни кўриб чиқишда:

  • боланинг ёши;
  • соғлиги;
  • психологик ҳолати;
  • ота-онанинг яшаш шароити;
  • боланинг қайси ота-онага кўпроқ боғланганлиги;
  • васийлик ва ҳомийлик органининг хулосаси каби омилларни инобатга олади.

Суд қарорида одатда қуйидагилар белгиланади:

  • ҳафтанинг қайси кунлари учрашиш;
  • учрашув давомийлиги;
  • дам олиш кунлари ва таътил пайтидаги тартиб;
  • телефон ёки видеоалоқа қилиш имконияти;
  • болани вақтинча олиб кетиш мумкинлиги.

 

Даъво аризасига нималар илова қилинади?

 

Судга қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

  1. даъво аризаси;
  2. боланинг туғилганлик гувоҳномаси нусхаси;
  3. никоҳ ёки ажрим ҳақидаги ҳужжат;
  4. яшаш жойи маълумотномаси;
  5. бошқа далиллар (ёзишмалар, аудио/видео, гувоҳлар ва бошқалар).

 

 

Бола манфаатлари - энг устувор тамойил

 

         Суд ҳар доим ота-оналар манфаатидан эмас, аввало боланинг манфаатидан келиб чиқади. Агар учрашув бола руҳияти ёки хавфсизлигига салбий таъсир қилса, суд чекловлар қўйиши мумкин.

 

Хулоса

 

         Фарзанд билан учрашиш ҳуқуқи - қонун билан ҳимояланган муҳим ҳуқуқдир. Можарони имкон қадар тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадга мувофиқ. Бироқ келишувнинг имкони бўлмаса, суд орқали аниқ учрашув тартибини белгилаш мумкин. Бу нафақат ота-онанинг ҳуқуқини, балки боланинг ҳар икки ота-она билан алоқада бўлиш манфаатини ҳам ҳимоя қилади.

 

Элёр Рўзимов, Хоразм вилоят судининг судьяси

 

Мавзуга оид