s
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда
ФК деб юритилади)нинг 212-моддасига мувофиқ қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.
Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Иморат қурилган ер участкасининг мулкдори бўлган, унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан эътироф этилиши мумкин. Бу ҳолда иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган шахс иморат қурган шахснинг харажатларини суд белгилаган миқдорда қоплайди.
Башарти, ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишига сабаб бўлса, ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 40-моддаси биринчи қисмининг
11-бандига кўра, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга ва (ёки) ўзбошимчалик билан қилинган қурилишга йўл қўймаслик, шунингдек ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасидаги қонунга хилоф қурилишни тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўриш ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдорининг мажбуриятларидан бири ҳисобланади.
Ер кодекси 91-моддасига кўра ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Фикримни Урганчтуманлараро иқтисодий судида кўрилган бир иш мисолида давом эттирсам.
Кадастр агентлигининг Хоразм вилояти Ҳазорасп туман бўлими томонидан Ҳазорасп туманда ерлардан фойдаланиш ҳолати юзасидан назоарт тадбири ўтказилганда, ХХХ фермер хўжалиги томонидан Ҳазорасп тумани, Обод замин маҳалласи ҳудудида тегишли ташкилотлардан руҳсат олмасдан ўзбошимчалик билан 104,0 кв.метр ер майдонида бостирма қурилмаси қурганлиги ҳамда ундан фойдаланиб келинаётганлиги аниқланган ва ва ушбу ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилган. Шунингдек Кадастр органи томонидан фермер хўжалигираҳбарига нисбатан МЖтКнинг 60-моддаси
2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик юзасидан маъмурий жазо қўллаш тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Кадастр агентлиги Ҳазорасп туман бўлимининг масъул ходимлари далолатнома ва ёзма кўрсатма орқали жавобгарга Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90, 91-моддалари талабларига асосан аниқланган қонунбузилиши ҳолатини ўн беш кун муддат ичида ўз ҳисобидан бартараф этиб, ер майдонини бўшатиб, уни аввалги ҳолатига қайтариб қўйишни сўраган, бироқ жавобгар томонидан ушбу огоҳлантириш ва ёзма кўрсатма ижросиз қолдирилган.
Шундан сўнг Кадастр агентлигинингХоразм вилоят бошқармасисудга даъво аризаси билан мурожаат этиб, “ХХХ” фермер хўжалигига нисбатан у томонидан тегишли ташкилотлардан руҳсат олмасдан ўзбошимчалик билан 104,0 кв.метр ер майдонида қурилган бостирмабиносини ўз ҳисобидан бузиш ҳамда ер майдонини дастлабки ҳолатига қайтаришни сўраган.
Маълумки, суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.
Ишдаги мавжуд ҳужжатлар, хусусан далолатнома, даъвогарнинг ёзма кўрсатмаси каби далиллар билан жавобгар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида ҳамдаҳеч қандай ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан бостирма қурилмасини қуриб олиб, ундан фойдаланиб келганлигиҳамда аниқланган ушбу қонунбузилиш ҳолатларни жавобгар бартараф этиш чораларини кўрмаганлиги тўлиқ исботини топган.
Шунга кўра, суд даъво аризани қаноатлантириб, ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, 5кун муддат ичида ўзбошимчалик билан 104,0 кв.метр ер майдонида қурилган бостирма қурилмаси ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, 5 (беш) кун муддат ичида “ХХХ” фермер хўжалигининг ҳисобидан буздириш ҳамда ер майдони унинг ҳисобидан аввалги ҳолатига қайтариштўғрисида тўхтамга келган.
Ў.Мадрохимов, Урганч туманлараро иқтисодий судининг судьяси