s
Одил судловнинг мустақиллиги ва холислиги нафақат қонунларнинг мукаммаллиги, балки шу қонунларни қўлловчи суд тизимининг маънавий етуклиги ва поклиги билан ўлчанади. Суд органларида коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг замонавий механизми бўлган комплаенс назорат тизими бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Президентимиз томонидан 2026 йил 8 июнда қабул қилинган “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-106-сонли Фармони тизимда қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва суднинг нуфузини оширишга қаратилган энг муҳим концептуал ҳужжатдир.
Табиийки савол туғилади, бу ҳужжат нима учун айнан шу вақтда қабул қилинди, фармоннинг мазмуни, аҳамияти ва зарурияти нимадан иборат? Бу саволларга жавоб бериш учун аввало, мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш ва суд ислоҳотларининг умумий траекториясига назар ташлаш зарур.
Дунё бўйлаб коррупцияга қарши курашиш ва унинг даражасини ўрганишга ихтисослашган халқаро нодавлат ташкилот Transparency International ташкилотининг 2026 йилда эълон қилинган маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилда Коррупцияни даражаси индексида 182 та давлат орасида 124-ўринни эгаллади. Коррупцияга қарши курашиш кўрсаткичида эса 100 дан 31 балл олди. Бу кўрсатгич ўтган йилгига нисбатан 3 поғона пастлаш ва 1 балл камайиш (31 балл) демакдир. Янада ташвишлироқ томони шундаки, бу кўрсаткич икки йилдан бери кетма-кет ёмонлашмоқда. Гарчи 2012 йилдан бошлаб 11 йил давомида индексдаги ўрнимиз барқарор яхшилаб келган бўлса-да, сўнги икки йиллик регрессия мамлакатимиз учун жиддий огоҳлантириш сигнали бўлиб турибди.
Минтақавий таққослашга келганда, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларининг ўртача кўрсаткичи 34 балл бўлган бўлса, Ўзбекистон 31 балл билан ушбу ўртача натижадан пастроқ. Қозоғистон, Украина, Молдова, Арманистон ва Грузияга давлатларига қараганда, мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида янада кўпроқ ислоҳотлар амалга ошириш зарурияти мавжуд.
Ана шундай шароитда мазкур Фармоннинг қабул қилиниши, унинг замирида қуйидаги объектив ва тизимли заруриятлар мавжудлигини англатади:
1) Манфаатлар тўқнашувини тизимли жиловлаш эҳтиёжи яъни суд жараёнларида судьялар, суд аппарати ходимлари ва процесс иштирокчилари ўртасида қариндошлик, шахсий ёки молиявий манфаатдорлик каби ҳолатларни анъанавий текширув усуллари билан аниқлаш қийинчилик туғдирганлиги сабабли бу борадаги хавфларни инсон омилисиз, автоматик равишда олдиндан прогноз қилиш зарурияти;
2) Ички назорат ва профилактиканинг етарли эмаслиги яъни илгари судларда коррупцияга қарши курашиш кўпроқ “хато содир бўлгандан кейин жазолаш” принципига таянар эди. Ваҳоланки, халқаро тажриба коррупцияни жазолашдан кўра, унинг юзага келиш имкониятларини, бўшлиқларни бартараф этиш анча самарали эканлигини кўрсатмоқда;
3) Халқаро рейтинглар ва инвестициявий жозибадорлик яъни мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мавқеини ошириш бевосита суд тизимининг ҳалоллик даражасига боғлиқ бўлиб, хорижий инвесторлар учун суд тизимида комплаенс назоратнинг мавжудлиги — уларнинг ҳуқуқлари адолатли ҳимоя қилинишининг бош кафолатидир.
Ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат ўз-ўзидан бирдан пайдо бўлиб қолмаганидек, Фармон қабул қилиниши ортида ҳам ижтимоий-сиёсий жараёнлар, жамият тараққиётига таянган пухта тайёргарлик босқичларидан ўтганлигини кўришимиз мумкин.
Бинобарин, 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун давлат органларида, шу жумладан судларда коррупцияга қарши курашишнинг умумий ҳуқуқий асослари ва принципларини белгилаб берган бўлса, кейинги йилларда қабул қилинган бир қатор қарор ва фармонлар билан судларда комплаенс назорат учун шаффоф муҳит тайёрланди, хусусан Судъялар олий кенгаши ҳузурида судялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича ички хавфсизлик тузилмалари яратилди, суд қарорларини онлайн эълон қилиш тизими йўлга қўйилди ва бошқалар.
Янги Фармон олдинги ҳужжатлардан фарқли ўлароқ, тарқоқ назорат чораларини ягона ва мажбурий "Суд комплаенс назорати" вертикал тизимига бирлаштирди. Илгари фақат тавсия сифатида кўрилган комплаенс стандартлари эндиликда ҳар бир суд раиси ва судянинг фаолиятини баҳолашда устувор мезон этиб белгиланди.
Фармоннинг энг катта аҳамияти шундаки, суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва тартибга солиш учун масъул бўлган Комплаенс назорат хизматининг ташкил этилиши. Бу хизматнинг ўзига хослиги шундаки, у суд тизимининг ички тузилмасида жойлашади, аммо унинг функциялари бошқа бўлимлардан мустақил.
Олий суд аппаратида Олий суд раисига тўғридан-тўғри бўйсунувчи 3 та штат бирлигидан иборат марказий бўлинма ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида эса жами 15 та штат бирлигидан иборат комплаенс назорат бўйича инспектор лавозимлари жорий этилади. Бу тузилма «вертикал» принципига асосланган — инспекторлар ўзлари жойлашган судда фаолият юритади, аммо тайинлаш ва озод этиш Олий суд раиси томонидан амалга оширилади.
Лавозим статуси жиҳатдан Комплаенс назорат хизмати раҳбари Олий суд департамент бошлиғига, инспекторлар эса Олий суд бош консультантига тенглаштирилади. Бундан ташқари, Олий суд раисига хизмат ходимларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаш ҳуқуқи берилади. Бу лавозимнинг статусининг юқорилигини таъминлайди ва уни сиёсий ёки маъмурий босимлардан ҳимоялайди.
Кадрлар сиёсати жиҳатдан хизмат лавозимларига олий юридик маълумотли, суд-ҳуқуқ соҳасида камида 5 йиллик иш стажига эга, ҳалол, пок ва бенуқсон обрў-эътиборга эга номзодлар тайинланади.
Фармон суд тизимида коррупциянинг олдини олишни икки йўналишда:
- судьялар корпусига нисбатан Судъялар олий кенгашининг Судъялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси томонидан;
- суд аппарати ходимларига нисбатан Олий суднинг Комплаенс назорат хизмати томонидан амалга оширишни белгилайди.
Бу ажратишнинг ҳуқуқий мантиғи шундаки, судьялар мустақиллик принципига эга бўлиб, уларга нисбатан назорат судьялар ҳамжамиятининг органи томонидан амалга оширилади. Суд аппарати ходимлари эса мамлакатнинг умумий бюджет тизимига киритилган давлат хизматчилари бўлиб, уларга нисбатан Олий суднинг ички назорати жорий этилади.
Шунингдек, Фармонга асосан судьялар ва суд аппарати ходимлари учун манфаатлар тўқнашуви, даромадлар ва мол-мулк тўғрисидаги декларацияларни тақдим этиш, текшириш ва таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизимларини жорий этиш режалаштирилган бўлиб, судьялар учун тизим 2026 йил 1 сентябрга қадар, суд аппарати ходимлари учун эса 2027 йил 1 майга қадар ишга туширилиши лозим.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 майга қадар суд аппарати ходимлари фаолиятидаги коррупция, шубҳали схемалар ва интизом бузилишларига олиб келувчи бўшлиқларни аниқлаб, уларни бартараф этиш, суд аппарати ходимлари фаолиятини мониторинг қилиш имконини берувчи коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш электрон ахборот тизими ишга туширилади.
Шу билан бирга, Фармонда таълим соҳасида қуйидаги ҳам муҳим ўзгаришлар назарда тутилган:
- 2026 йил сентябрга қадар Одил судлов академиясида судьялар ва суд аппарати ходимлари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг бошқа кўринишларининг олдини олиш бўйича «реал кейслар»га асосланган ўқув-амалий модул жорий этилади;
- Судьялар олий кенгаши ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги 2026 йил якунига қадар суд тизимида коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказади;
- Одил судлов академиясида номзодларни судьялик касбига тайёрлашда қўшимча равишда шахсий-профессионал ва коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш амалиёти жорий этилади;
- Судьялар ва суд аппарати ходимларининг ҳар уч йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув курсларида малакасини ошириш ташкил этилади;
- 2027 йил 1 июнга қадар Одил судлов академиясини ISO 37001 коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими халқаро стандарти бўйича аудитдан ўтказиш чоралари кўрилади;
- Судьяларнинг «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси»да тегишли йўналишлар бўйича махсус ўқув курсларида малакасини ошириш ташкил этилади;
- Суд аппарати ходимларининг «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси»да тегишли йўналишлар бўйича махсус ўқув курсларида малакасини ошириш босқичма-босқич ташкил этилади.
Фармондаги яна бир муҳим янгилик бу суд аппарати ходимлари касб масъулиятини янада чуқур ҳис этишлари мақсадида мансаб даражасига эга бўлган суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимини жорий этиш белгиланганлигидир. Ушбу чора-тадбир 2027 йил июнга қадар амалга оширилиши, кийим намуналари ва кийиш тартиби тасдиқланиши кўзда тутилган. Бир қарашда бу техник чора-тадбир бўлиши мумкин, аммо унинг психологик аҳамияти юқори бўлиб, хизмат кийими суд аппарати ходимининг касбий имиджини шакллантиради, фуқароларга уларнинг ваколатлари ва масъулиятининг оширилганлигидан далолат беради.
Хулоса қилиб айтганда, Фармон халқаро стандартларга мос бўлиб, ISO 37001 аудити, коррупцияга қарши барқарорлик диагностикаси кабиларнинг барчаси халқаро тажрибада синовдан ўтган усуллар ва бу Ўзбекистоннинг Transparency International, Rule of Law Index каби халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга, суд тизимида коррупция омилларини бартараф этишга, қонун устуворлигини мустаҳкамлашга ва халқимизнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Боғот туманлараро суди судья
Ғ.Жуманиёзов