Салкам қирқига кирган, оилалик, бир фарзанднинг отаси бўлган Ж.Сетназаров якка тартибда қассобчилик билан шуғулланиб келади. У аҳоли хонадонларида боқаётган ҳўкиз ва бошқа қорамолларни эгалари билан келишган ҳолда сотиб олиш жараёнида “Пулини гўштни сотгандан кейин бераман”, деб ваъдани қуюқ қилишга ўрганиб қолган экан. Мисол учун уддабуррон қассоб Урганч туманида яшовчи фуқаро И.Матсапоевнинг икки бош қорамолини 30 миллион сўмга оғзаки келишиб, пулларини фалон муддатда тўлиқ беришни ваъда қилади-ю аммо ўша муддатда 6 миллион 200 минг сўмни бермасдан ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади.
Фирибгар қассобнинг ширин ваъдаларига ишонганлар орасида туманимиз фуқаролари ҳам бор. “Знахос” маҳалласида яшовчилар: Холмурот Машарипов ва Жавоҳир Жуманиёзовлар, “Нурафшон” маҳалласи фуқароси Ўткирбек Бойжоновлар ҳам не машаққатлар билан боққан қорамол ва ҳўкизларини қассобга икки қўллаб топшириб, келишган пулларини ўз вақтида ололмай қанча вақт сарсон бўлишган. Учар қассобдан оғзи куйгач ниҳоят ҳуқуқ органларига мурожаат қилишган.
Суд мажлисида Ж. Сетназаров барча айбларини бўйнига олди, тергов жараёнида олган қорамоллари учун келишган пулларни тўлиқ тўлаганини айтиб, ўзига енгилроқ жазо беришларини сўради.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасининг 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги исботланган Ж. Сетназаровга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланди. Суд жазо тайинлашда унинг муқаддам судланмагани, пушаймонлиги, даъвогарларга пулларни тўлиқ тўлаганини инобатга олиб, нисбатан енгил жазо қўллади.
Шу ўринда айрим фуқароларимизнинг фирибгарлар тузоғига ўзларининг ишонувчанлиги оқибатида тушишлари, кўп йиллар катта харажатлар эвазига боққан чорва молларини пулини олмасдан қассобларга тутқазиб юборишлари каби ҳолатлар учраб туришини айтиб ўтиш ўринли. Кўпинча насия савдо ортида алдамчилик, фирибгарлик бўлишини унутмаслик керак! Юқоридаги ишонувчан фуқаролар буни ўз таналарида синаб кўришди.
Иномжон ШАРИПОВ,
Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман судининг раиси.