s
Ҳакамлик суди (доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ёки муваққат ҳакамлик суди) — фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этувчи нодавлат тузилма.
Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонуни фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни муқобил ҳал этиш мақсадида қабул қилинди.
Мазкур Қонуннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида ҳакамлик судларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Шундан келиб чиққан ҳолда, кейинги йилларда иқтисодий судларда бошқа туркумдаги ишлар билан бир қаторда ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ ишлар ҳам анчани ташкил қилади.
Статистик маълумотларга кўра, Хоразм вилоят иқтисодий судлари томонидан 2024 йил давомида ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ 476 та ишлар кўриб чиқилган бўлиб, шундан 436 таси қаноатлантирилган, 36 таси рад этилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган бўлса, 2 таси бўйича иш юритиш тугатилган.
2025 йил мобайнида ушбу туркумдаги ишлардан 76 таси кўриб чиқилган бўлиб, шундан 74 таси қаноатлантирилган, 2 тасини қаноатлантириш рад этилган.
2026 йилнинг 1 чораги мобайнида 17 та иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан 16 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад этилган.
Эндиликда, 2026 йил 24 июлдан кучга кириши белгиланган “Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан ҳакамлик судлари фаолиятини ташкил қилишнинг қонуний асослари ва улар томонидан қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат механизмлари такомиллаштирилди, ҳакамлик судларига қўйиладиган талаблар аниқлаштирилди, ҳакамлик судлари фаолияти ҳамда ҳакамлик муҳокамаси халқаро стандартларга мослаштирилди десак асло муболаға бўлмайди.
Мазкур Қонун билан ҳакамлик судларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш, давлат органларининг, ташкилотларининг ва муассасаларининг, давлат иштирокидаги корхоналарнинг, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳакамлик битими тарафлари бўлиши, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса ҳамда давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонунга хилоф равишда ҳакамлик суди қарорларининг ихтиёрий ижро этилиши ҳолатлари бўйича маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди.
Шунингдек, ушбу Қонун билан доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг низоми янги таҳрирда баён қилиниб, унга кўра, ҳакамлик судини ташкил этган нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан тасдиқланадиган локал ҳужжат бўлиб, у доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг ҳуқуқий мақомини, ташкил этилишини, фаолиятини тартибга солади, шунингдек унинг мазкур ҳакамлик судини ташкил этган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда бошқа юридик шахслар билан ўзаро муносабатларини белгилайди.
Шу билан бирга, бундан буён юридик шахслар эмас, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳакамлик судларини ташкил этиши мумкин бўлди.
Амалдаги “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддаси иккинчи қисмига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳакамлик судларини ташкил этиши ҳамда ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмас.
Янги Қонунга мувофиқ, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуни
5-моддаси иккинчи қисмига янада аниқлик киритилиб, унга кўра, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳакамлик судларини ташкил этиши ҳамда ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуни 9-моддаси иккинчи қисми янги таҳрирда баён қилиниб, ҳакамлик судлари маъмурий, оилавий ва меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, ер билан боғлиқ, бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш, бюджет тизими бюджетларидан ҳамда давлат органларидан, ташкилотларидан ва муассасаларидан, давлат иштирокидаги корхоналардан, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан пул маблағларини ундириш билан боғлиқ низоларни, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа низоларни ҳал этмайдиган бўлди.
Бу билан, кўплаб мунозара ва муҳокамаларга сабаб бўлган бюджет тизими бюджетларидан ҳамда давлат органларидан, ташкилотларидан ва муассасаларидан, давлат иштирокидаги корхоналардан, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан пул маблағларини ундириш билан боғлиқ низоларни айнан ҳакамлик судлари томонидан кўриб чиқилмаслигига аниқлик киритилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бюджет соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилиб, унга кўра, бюджет тизими бюджетларидан пул маблағларини ундириш билан боғлиқ суд муҳокамаларида қонунда белгиланган тартибда иштирок этиши ҳамда бюджет манфаатларини кўзлаб судларга аризалар, даъво аризалари ва шикоятлар киритиши, жиноят аломатларини кўрсатувчи маълумотлар аниқланган тақдирда, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши белгиланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилмаган ёки рўйхатдан ўтказилиши рад қилинган, товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш тўғрисида тузилган шартномаларга, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчаларга асосан товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилиб олиши - бюджет интизомини бузиш ҳисобланиши аниқ қилиб кўрсатиб қўйилди.
Хулоса қилиб таъкидлаш жоизки, ҳакамлик судлари фаолиятининг такомиллаштирилиши ҳамда янги тартиб ва талабларнинг белгиланиши билан бюджет тизими бюджетларидан ажратилган пул маблағларининг мақсадли сарфланишига, бюджет интизомига риоя этилишига ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ортиқча оворагарчиликларини олдини олишга ва пировардида уларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Баходир Давлатов, Хоразм вилоят суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси