s
USD: Rub: Eur:
2024-03-28 296

Сайёр суднинг афзаллиги

2017 йил 13 июнь кунидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Республика судьялари билан бўлган тарихий учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Республикамиздаги барча судларга улар томонидан кўриладиган ишларнинг 30 фоизи сайёр суд мажлисиларида кўриб чиқилиши лозимлиги ҳақида зарурий кўрсатма берилган эди.

Сайёр суд мажлисларида судларимиз фаолиятининг очиқлиги, шаффофлигини намоён қилиш билан биргаликда, фуқаролик ишларини кўриш жараёнларида жамоатчилик иштирокини таъминлаш, халққа қонунларимиз мазмун-моҳияти ҳақида етарлича тушунтиришлар бериш, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялаш, қонун устуворлигини таъминлашнинг самарали ва амалий шакли бўлиб, ҳозирги кунда ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Буни биргина суд амалиётидан мисол билан изоҳлайдиган бўлсак, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судига 2020 йил ноябрь ойининг 14 кунида даъвогар Х.Д. (ўзгартирилган) томонидан жавобгар Р.Р. (ўзгартирилган)га нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризаси келиб тушган.

Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ва Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 06-сонли Қарори талабларига мувофиқ тарафларни ярашиб, оилани тиклашлари учун 6 ой муҳлат берилган ва суднинг яраштириш учун муҳлат бериш ҳақидаги ажрими ижро қилиш ҳамда тарафларни яраштириш чораларини кўриш мақсадида Шовот туман Хотин-қизлар қўмитаси ва тарафлар яшайдиган туманга юборилган.

Мазкур фуқаролик иши Шовот туманлараро суди ва Шовот туман Хотин-қизлар қўмитаси иштирокида сайёр суд мажлисида МФЙ биносида кўрилиб, иш бўйича даъвогар Х.Д. ва жавобгар Р.Р.ларнинг оилаларини сақлаб қолиш мақсадида ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида низоли оилалар билан ишлаш ва улардаги ечилмай қолган муаммоларни судга қадар тинч йўл билан ҳал этиш масалалари кўрилиб, иш юзасидан тарафларнинг ярашувига эришилиб, фуқаролик иши даъвогарнинг ўз даъвосидан воз кечиши ҳамда фуқаролик иши иш юритувдан тугатилиши билан якунланди.

Мухтасар қилиб айтганда, суд томонидан амалга оширилган айнан сайёр суд мажлиси ўтказиш натижасида жамиятнинг кичик бир бўғини бўлмиш яна бир оиланинг ярашувига, яъни оиланинг тикланишига эришилди.

Бундан кўриниб турибдики, ишларни сайёр суд мажлисларида кўрилиши судлар томонидан амалга оширилган ишларнинг самадорлиги, қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги, судларнинг холислиги ва одиллигини аҳолининг кенг қатламига намойиш этиш орқали уларнинг ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш ҳамда низоларни судга қадар жойида бартараф этишга, низолар сонининг камайишига олиб келади.

Дониёрбек Эшчанов, Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси                    

  

 

Мавзуга оид