s
Mahalla raisligiga nomzodlar Hokimyat tavsiyasiga ko‘ra qo‘yilami yoki xalq tavsiyasiga ko‘ra qo‘yilami yoki Hokim tavsiya berami?
ЮРИСТ ЖАВОБИ:
Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисидаги қонун 16-моддаси Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар кўрсатиш тартиби белгиланган.
Ушбу норманинг биринчи қисмига кўра фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.
✅ Демак, маҳаллада раислика номзодларни тасодифий одамлар эмас, балки махсус тузилган ишчи гуруҳ кўрсатади.
Ишчи гуруҳ бу ишни қилишда шу маҳаллада доимий яшайдиган фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиши керак. Яъни, маҳалла аҳолисининг хоҳиш-истаклари эътиборга олиниши шарт.
Шунингдек, мазкур норманинг иккинчи қисми мазмуни далолат берадики, ишчи гуруҳ номзодлар ҳақидаги барча керакли ҳужжатларни тайёрлаши ва сайлов ўтказилишидан камида 10 кун олдин туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун махсус комиссияга топшириши керак. Бу ҳужжатлар орасида ҳар бир номзоднинг "мен розиман" деган мазмундаги ёзма розилиги бўлиши шарт. Яъни, номзод ўз хоҳиши билан сайловда қатнашиши кераклигини тасдиқлайди.
Бунда ҳоким тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқади ва ҳар бир номзод бўйича ўз хулосасини беради. Бу хулосалар асослантирилган бўлиши, яъни аниқ сабабларга таяниши керак. Ҳоким ўз хулосаларини комиссияларга юборади, улар эса бу хулосаларни ишчи гуруҳга етказади.
Эътибор беринг! ҳоким хулосасини олгандан кейин, ишчи гуруҳ келишилган (яъни ҳокимлик тасдиқлаган) номзодлар ҳақидаги маълумотларни сайловга камида 5 кун қолганида фуқароларга танишиш учун эълон қилади.
Бу эълонлар маҳалла биноси ва гузарларда (маҳалла марказлари ёки одамлар тўпланадиган жойларда) осиб қўйилади. Бу билан одамларга номзодлар ҳақида олдиндан маълумот берилади ва сайловга тайёргарлик кўриш имконияти яратилади.
✅Хулоса қиладиган бўлсак, маҳалла раислигига номзодлар жараённинг халқ фикри асосида танланиши керак, шундан сўнг улар ҳокимият тавсияси (ёки тасдиқ-хулосаси) орқали номзодлар рўйхатига қўшилади. Кейин фақат ҳокимият билан келишилган номзодларгина расмий сайловга қўйилади.
Хива туман ЮХКМ бош юрисконсулти М.Бойжонов