s
Сайлов тизимидаги янгиликлар
Халқаро тажрибада сайлов тизимининг бир нечта шакллари мавжуд, жумладан мажоритар, пропорционал ва аралаш тизимлари.
Мажоритар тизимида сайловчилар тўғридан тўғри айни бир номзодга овоз беради ва энг кўп овоз олган номзодлар сайланган деб топилади.
Пропорционал тизимда эса сайловчилар муайян номзодга эмас, партияларга овоз беради. Партияларнинг парламентдаги ўрни улар тўплаган овозга мувофиқ тақсимланади.
Кейинги тизим эса аралаш сайлов тизими бўлиб унда депутатларнинг бир қисми мажоритар тартибда, иккинчи қисми эса пропорционал тартибда сайланади.
Эндиликда Ўзбекистонда парламентга сайловлар айнан аралаш – мажоритар-пропорционал тизим асосида бўлиб ўтади. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 75 нафари одатдагидек можаритар сайлов тизимига асосида, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида сайланади.
Шунга кўра, Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутатини мажоритар тартибда сайлаш учун 75 та ҳудудий сайлов округи тузилади, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида қолган 75 нафар депутат сайлови учун Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Cайлов округларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда, қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда белгиланади.
Расулбек Ибрагимов
Вилоят адлия бошқармаси шўба бошлиғи