s
USD: Rub: Eur:
2025-09-18 941

Суд тизимидаги ислоҳотлар: Иқтисодий судлар вилоятлар марказида бўлади

Янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом этмоқда. Мамлакатимизда давлатчилик анъаналари ва демократия принциплари билан уйғун ҳолда амалга оширилаётган ўзгаришлар суд тизимининг замонавий талабларга мос ривожланишига хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармон имзоланди. Унга кўра, суд тизимида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, ишларни электрон тарзда юритиш, суд мажлисларини масофадан ўтказиш ва суд ҳужжатларини автоматик равишда шакллантириш каби кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. Бу эса, аввало, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайлик яратиб, суд муҳокамаларининг тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлайди.

Фармонда 2026 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судлар тизимини қайта ташкил этиш белгиланган. Унга кўра, туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари тугатилиб, Қорақолпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолият юритади. Бу ислоҳот тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, суд ишларини самарадор ташкил этиш ва ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.

Суд тизимида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар судьялар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шу билан бирга, уларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш учун кенг имкониятлар яратади. Энг муҳими, бу жараёнлар орқали фуқароларнинг судларга бўлган ишончи ортиб, одил судловга эришишнинг кафолатлари янада мустаҳкамланади.

 

Умид Бердиев, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро

судининг судьяси

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид