s
USD: Rub: Eur:
2023-11-02 884

КЕЛАЖАК АВЛОД ОЛДИДА ҚАРЗДОРМИЗ

Ўзбекистон аввалги тузумдан Орол денгизининг қуриб бориши билан боғлиқ экологик инқироз билан бирга аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган, сув ва ер ресурсларини йўқотган ерларни мерос қилиб олди. Шу сабабдан Экологик хавфсизлик соҳасида давлат бошқарувини тубдан яхшилаш мақсадида ва республикада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик шароитни яхшилаш, чиқиндиларнинг атроф-муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш ва аҳоли саломатлиги, аҳоли турмуш тарзи сифати ва даражасини ошириш учун қулай шароит яратиш, чиқиндилар билан ишлаш тизимини  яхшилаш борасида бугун кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Аммо баъзида  халқимизнинг бугуни ва келажагини яхшилашга қаратилган бундай чора-тадбирларга беписандлик билан қарайдиганлар ҳам топилади. 

Яқинда Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ҳудуднинг Табиат ресурслари бошқармаси ҳамда яна бир саноат корхонаси ўртасидаги можароли вазият юзасидан суд иши кўриб чиқилди.  Аниқроғи, ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар ҳисобланган Корхона томонидан берилган апелляция шикояти асосида суд мажлиси бўлиб ўтди.

 

Атроф-муҳитни ифлослантиришга қарши қонунда қандай чора бор?        

 

 “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандига кўра, атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар ташламаларини ва оқоваларни норматив ва нормативдан ортиқча чиқарганлик ва оқизганлик, шунингдек, чиқиндиларни белгиланган лимит ва лимитдан ортиқча жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари мавжуд.

Хавфлилик даражаси I (юқори даражада хавфли), II (ўртача даражада хавфли) ва III (паст даражада хавфли) тоифаларга мансуб компенсация тўловчи субъектлар учун тўловлар миқдори лаборатория таҳлиллари асосида, агар атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбаларда назоратнинг автоматик тизими жорий этилган бўлса, бу ҳолатда компенсация тўловлари ушбу тизимнинг маълумотлари асосида ҳисобланиши мумкин.

Ушбу низом талабларидан келиб чиқиб, жавобгар ҳисобланган хусусий  корхона  томонидан III тоифага мансуб компенсация тўловчи субъект сифатида электрон шаклдаги ҳисоботларни даъвогар ҳудудий Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига тақдим қилиб борган. Тақдим қилинган ҳисоботлар даъвогар томонидан текширилиб, асосий қарздорлик ва пеня ҳисоби юритилиб келинган ва жавобгар жами 3 262 086 сўм асосий қарз, 936 856 сўм пенядан қарздорликни вақтида тўламаган.

Ушбу қарздорликларни тўлаш бўйича даъвогарнинг жавобгарга  юборган огоҳлантириш хати эса жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Шундан кейин даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгардан 3 261 686 сўм асосий қарз, 936 856 сўм пеня жами 4 198 542 сўм ундиришни сўраган ва суднинг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар томонидан апелляция шикояти берилиб, унда корхона атроф муҳитни ифлослантирмаслиги, метал маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланишини, даъвогар билан шартнома тузмаганлиги, бирон марта ҳам оғзаки ёки ёзма огоҳлантирмаганлиги кўрсатилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида баён этилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб,  ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Сабаби жавобгар III тоифага мансуб компенсация тўловчи субъект ҳисоблансада, белгиланган компенсация тўловларини ўз вақтида тўлаб бормаганлиги ҳолати иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатлар билан ўз тасдиғини топган. Ушбу ҳолатлар суд мажлисида иштирок қилган жавобгар вакили томонидан ҳам инкор қилинмади. Шу сабабли суд апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

“Агар дунёда чанг бўлмаганида, инсон минг йил умр кўрарди”, деб айтган эди улуғ аллома, тиб илмининг асосчиси Абу Али ибн Сино. Бугун атроф-муҳитга бизнинг қилаётган муносабатимиз эртага ўзимизга ё яхши, ёки ёмон кўринишда жавоб сифатида қайтиши муқаррар. Шундай экан, шу юртни севиш ва унинг табиатини келажак авлодга гўзал ҳолатда тақдим этиш бугун ҳар биримизга боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз керак.  Келажак авлод бизни афсус билан эмас, фахр билан эътироф этишсин. Зеро, барчамиз келажак авлод олдида қарздормиз.

 

Музаффар Бобоназаров, Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

 

 

 

Мавзуга оид