s
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги, никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши кафолатланганлиги боис никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Ҳозирги кунда судлар томонидан кўриб чиқилаётган ишларнинг аксарият қисми никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъволарни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 40-моддасига кўра, Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъволар, қоида тариқасида, жавобгарнинг доимий яшаш жойидаги судга, ФПК 34-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, даъвогарнинг хоҳиши бўйича тақдим этилади. Хусусан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво:
жазо муддатидан қатъи назар, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс билан (агар иш суднинг судловига тааллуқли бўлса) — мазкур шахснинг судлангунга қадар охирги яшаш жойида;
яшаш жойи номаълум бўлган шахс билан-унинг маълум бўлган охирги яшаш жойида ёки унинг мол-мулки турган жойда, даъвогар вояга етмаган болалари борлиги ёки саломатлиги туфайли жавобгарнинг яшаш жойига боришга қийналган ҳолларда эса,-даъвогарнинг яшаш жойида;
Ўзбекистон Республикасида яшаш жойига эга бўлмаган ёки мамлакатдан чиқиб кетган шахс билан унинг мол-мулки турган жойда ёки Ўзбекистон Республикасида маълум бўлган охирги яшаш жойида тақдим этилиши мумкин.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалар судга келиб тушганда судья ҳар бир даъво ариза бўйича тарафлар билан медиация кўринишидаги суҳбат ўтказиши кераклигига судьяларнинг эътибори қаратилсин. Бунда судья муайян ишнинг ҳолатларини муҳокама қилмасдан, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатларини, жумладан, фарзандларнинг тарбиясига таъсирини, моддий ва ҳуқуқий ҳолатларни тушунтириши, эр ва хотинни яраштириш чораларини кўриши лозим.
Шунингдек, суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли
Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.
Судлар оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозим
Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.
Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган масалалар бўйича эр ва хотин ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, шунингдек ушбу келишув болалар ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид эканлиги аниқланган тақдирда суд:
никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши;
вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши;
эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши;
эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.
Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади.
Суд никоҳдан ажратиш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқариш пайтида никоҳдан ажратиш тўғрисидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг гувоҳномаси берилаётганда эр-хотиннинг ҳар иккаласи ёки улардан бири тўлайдиган давлат божи миқдорини белгилаши лозим. Агар суд бу божни эр-хотиннинг ҳар иккаласидан ундиришни лозим деб топса, уларнинг ҳар бири тўлайдиган бож миқдорини белгилайди.
Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин.
Дурдона Солаева, Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси