s
Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим босқичи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.11.2025 йилдаги “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-227-сонли Фармонининг
13-бандида суд-ҳуқуқ соҳаси ходимларининг касбий фаолиятини эътироф этиш мақсадида “Судьялар ва суд ходимлари куни”ни таъсис этиш вазифаси белгиланди. Касбий байрамнинг жорий этилиши Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, суд мустақиллигининг глобал стандартларига мослашувини намойиш этиш ва фуқароларнинг суд тизимига ишончини оширишнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Миллий-тарихий ёки бошқа ҳуқуқий саналарни танлаш имкониятлари мавжуд бўлса-да, улар 17 июль санаси тақдим этадиган стратегик афзалликларга эга эмас. Масалан, 8 декабрь (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинган куни) ёки 23 декабрь (собиқ совет даври ҳуқуқий меросига оид саналар) каби миллий саналар кучли сиёсий юкламага эга бўлиб, мамлакатнинг халқаро ҳуқуқ ва глобал адолат тамойилларига изчил содиқлигини тўла акс эттирмайди. Шунингдек, 25 июль (Судьяларнинг соғломлиги куни) ёки 25 октябрь (Европа адлия куни) каби муқобил саналар ҳам муносиб бўлса-да, уларнинг таъсир доираси чекланган. 17 июль - “Халқаро жиноий адлия” куни сифатидаги глобал эътирофи ва Ўзбекистоннинг Рим Статутига “Халқаро жиноий суднинг асосий тамойилларини ва халқаро жиноий адлияни универсал қўллаб-қувватлаш” мантиғидан келиб чиқиб, ушбу санани “Судьялар ва суд ходимлари куни” сифатида белгилаш энг мақсадга мувофиқ ечим ҳисобланади. Европа адлия куни таҳлиллари ушбу сананинг фуқаролар билан мулоқотни кучайтиришини кўрсатганидек, 17 июль санасининг умумжаҳон характерлилиги Марказий Осиё минтақаси учун ҳам мос келади. Ушбу санани нишонлаш, минтақавий ҳамкорликни, хусусан, CASC (Марказий Осиё Судлар Кенгашлари) каби тармоқлар доирасидаги адолат ва ҳуқуқ устуворлиги тамойилларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Хулоса ўринида, Ўзбекистон Республикасида “Судьялар ва суд ходимлари куни”ни 17 июль санасида белгилаш, ПФ-227-сонли Фармонининг мақсадларига, халқаро ҳуқуқ нормаларига ва глобал адлия стандартларига тўлиқ мос келадиган энг оптимал ва асосланган танлов ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш ва ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида қуйидаги таклифлар билдирилади:
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони ёки Олий Мажлис Қонуни орқали “Судьялар ва суд ходимлари куни”ни 17 июль деб белгиланса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Иккинчидан, ушбу ҳужжатларнинг асослантирувчи қисмида сананинг “Рим Статути” билан узвий боғлиқлигини ва Ўзбекистоннинг глобал адолат ва жавобгарлик тамойилларига содиқлигини аниқ акс эттирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Учинчидан, байрам дастурига халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд мустақиллиги мавзуларидаги илмий-амалий конференциялар, очиқ эшиклар кунлари, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган, “Одил судловда очиқлик ва масъулият” мавзусидаги оммавий ҳуқуқий таълим тадбирларини кенг қамровли ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Тўртинчидан, 2026 йилдан бошлаб “Халқаро жиноий суд” (ХЖС) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) тузилмалари билан ҳамкорликдаги қўшма тадбирларни режалаштириш, шунингдек, судьяларнинг судьяларнинг “Ҳалқаро жиноят ҳуқуқи” ва “Инсон ҳуқуқлари стандартлари” бўйича ихтисослашган тренингларини доимий равишда ўтказиш тизимини йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Махмудов Жахонгир, Хоразм вилояти маьмурий суди судья катта ёрдамчиси