s
Мамлакатимизда ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини эркин тасарруф этиши, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириши, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши белгиланган.
Мажбурий меҳнат бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади. (Ўз. Рес. Меҳнат кодексининг 5-моддаси)
Демак, ходимни зўрлаш ёки қўрқитиш, жазо қўллаш, меҳнат фаолияти ва рағбатлаштиришни чеклаш каби усуллар орқали бевосита мансаб вазифасига кирмайдиган ҳар қандай ишга жалб қилиш мажбурий меҳнат деб топилади.
Мажбурий меҳнатнинг жабрланувчиси ўз ихтиёрига хилоф равишда ўзининг хизмат вазифасига кирмайдиган ёки ҳақ тўланмайдиган иш ёки вазифаларни бажаради.
Шунингдек, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 5-моддасига мувофиқ мажбурий меҳнат ҳисобланмайдиган ишлар рўйхати ҳам келтирилган, буларга:
- ҳарбий хусусиятга эга бўлган ишларни ёки «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуниасосида муқобил хизматни ўташ билан боғлиқ ишларни бажариш;
- бажарилишига фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий этилиши сабаб бўладиган ишлар;
- суд қарорларини ижро этиш чоғида қонунчиликка риоя этилиши учун масъул бўлган давлат органлари назорати остида суднинг қонуний кучга кирган қарори бўйича жазо сифатида бажариладиган ишлар.
Шу билан бирга, мажбурий меҳнатга жалб қилинганлик учун жавобгарлик мавжуд.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 51-моддасига мувофиқ меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш - базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
1482-моддасида меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Худди шундай ҳаракат вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Дилшод Наимов, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судьяси