s
USD: Rub: Eur:
2023-08-25 981

Урганч шаҳрида никоҳдан ажрашишларнинг олдини олишга қаратилган тадбир ўтказилди

Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича судларга ажрашмоқчи бўлиб келаётган эр-хотинлар сони ортмоқда. Оилавий муносабатлардаги келишмовчилик, моддий эҳтиёжларни қондира олмаслик, учинчи шахс аралашуви, уқувсизлик ва бошқа. Бу сабабларни кўриб оила қуришда бўлажак эр-хотиндан ҳеч қандай масъулият талаб этилмаётгандек кўринади.

Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Урганч шаҳрида ўтказилган “Оила – муқаддас қўрғон” тадбирида судьялар оила қуришда айнан, бўлажак эр-хотинларнинг масъулиятини ошириш кераклигини айтишди.

Вилоят суди раисининг фуқаролик ишлари бўйича ўринбосари Атабек Маткаримов, вилоят суди судьялари Мавсума Йўлдошева ва Анвар Раҳимовлар ҳамда Оила ва хотин-қизлар бўлими вакиллари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, ёшлар ва низоли оилалар иштирокида ўтказилган тадбирда дастлаб судьялар томонидан кўрилган оилавий масалалар юзасидан маълумот берилди.

– Жорий  йилнинг январь-июнь ойларида жами 1418 (1150) та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар кўрилган бўлиб, бу тоифадаги низолар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 268 тага ошган. Шундан, судлар томонидан 894 та ишлар бўйича никоҳдан ажратиш ҳақидаги оила батамом бузилганлиги ва уни тиклашнинг имкони йўқлиги сабабли даъволар қаноатлантирилган, 373 та даъволар оилани сақлаб қолиш имконияти борлиги, оила барбод бўлмаганлиги асосида рад қилинган, 125 таси кўрмасдан қолдирилган, 26 таси иш юритувдан тугатилган, дейди Хоразм вилоят суди раисининг фуқаролик ишлари бўйича ўринбосари Отабек Маткаримов. – Ачинарлиси ажралишларнинг катта қисми фарзандли оилаларга тўғри келмоқда.

Албатта, юзта эмас, битта никоҳдан ажрашиш ҳолати ҳам кўп аслида. Шу сабабли мулоқотларда оилавий ажримларнинг олдини олишда маҳаллалардаги яраштирув камиссияларнинг фаолияти ва таъсирини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Иштирокчилар судларда кўрилаётган оилавий низолар билан боғлиқ ишларнинг Урганч шаҳри мисолидаги таҳлил билан таништирилиб, масъуллар қайси ўйналишда кўпироқ ишлаши кераклиги аниқ мисоллар билан кўрсатилди.

Мулоқотларда оила қуриш арафасидаги ёшлар, низоли оила аъзолари билан суҳбатлашиб, никоҳдан ажралишнинг салбий оқибатлари тушунтирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббуси билан суратга олинган “Фарзанд-омонат”, “Ота” номли тарбиявий аҳамиятга эга қисқа метражли фильмлар намойиш этилди.

Оилавий ажримлар ортидан бир қатор хусусан, мулкий, алимент ва ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби низоларни юзага келиши, фуқаролик ишлари тоифаларини ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Шунинг учун суҳбат давомида, судьялар томонидан оилавий низолардаги энг долзарб мавзулардан бири алимент ҳуқуқига ҳам тўхталинди. Иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилиши ота-онанинг бурчи эканлиги қатъий белгилаб қўйилгани, бу мажбуриятни ҳар бир ота-она англаши ва амал қилиши лозимлиги тушинтирилди. Шунингдек, алимент тайинлаш бўйича судга мурожаат қилиш тартиби ва болалар учун қўшимча моддий ёрдам ундириш каби масалаларда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Бунёдбек Ҳусинов, Хоразм вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти

Мавзуга оид