s
USD: Rub: Eur:
2024-08-23 829

Ер – даромад манбаи

 Бугунги кундаги шароит ва имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланган юртдошларимиз ўзларининг томорқасини оиласининг асосий даромад манбаига айлантиришга ҳамда ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто, шундай хонадонлар борки, йиллар давомида ўзига тегишли ерларни оиласининг асосий даромад манбаига айлантирган.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва соҳага бозор механизмларини жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.Айниқса, шоли, пахта ва ғалладан қисқартирилаётган ер майдонларида боғдорчилик, узумчиликни ривожлантириш, полиз ва сабзавотчилик, дуккакли ва мойли экинларни етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолига аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 23.11.2021 йилдаги ПҚ-20-сонли қарорига асосан қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш “e-ijara” ахборот тизими орқали амалга оширилиши, қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари “e-auksion” электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилиши, бундан Ер кодексига мувофиқ ер участкаларини Вазирлар Маҳкамаси томонидан ижарага бериш ҳоллари мустасно,ҳамда деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, айниқса ёшларга, рўйҳатда турган эҳтиёжманд оилаларга ҳамда 2022 йил 

1 март санасидан кейин хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига алоҳида устуворлик берилиши белгиланди.

Президентимиз томонидан аҳолини турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг моддий фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ер майдонлари 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга, очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилди. Бунда, асосий мезон – ердан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари этиб белгиланди.

Хоразм вилоятида ҳозирги кунга қадар 184 маҳаллада 6 мингдан ортиқ лотлар фуқароларга ижарага берилган ҳамда фуқаролар мазкур ерлардан даромад қилишмоқда.

Маълумки, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага олиш учун ўтказилган очиқ электрон танловда иштирок этган талабгорлар томонидан кўпроқ балл тўплаш мақсадида ернинг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда, ер участкасининг ижара муддатига ҳисобланадиган қўшимча тўловлар ихтиёрий равишда тўланиши белгиланган.

Бугунги кунда қўшимча тўловларнинг ҳисобини юритиш, уларни ундириш муддатлари ва сарфлаш тартибини аниқ белгилаш зарурати юзага келганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"2022 йил 24 августдаги ПФ-198-сон Фармони қабул қилинганлиги муносабати билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланганер участкаларининг ижарасига доир қонуности ҳужжатларини ушбу Фармонга мувофиқлаштириш талаб этилганлиги сабабли,Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 апрелдаги 137-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида" 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сон қароригақуйидагиўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини очиқ электрон аукцион орқали ижарага олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун тўланиши зарур бўлган қўшимча тўловларнинг энг юқори чегараси ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда ер участкасининг ижарага олиш муддатига ҳисобланадиган қўшимча тўловлар ставкалари белгиланди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш бўйича очиқ электрон танлов ғолиби томонидан қўшимча тўловнинг 5 фоизи ижара шартномаси тузилгунига қадар, қолган қисми эса ижара муддатида, ҳар бир йилга тенг бўлган ҳолда тўланиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун тўланадиган қўшимча тўловларнинг ҳисобини юритиш, уларни ундириш муддатларини ва сарфлаш тартиби белгиланди.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб танловларда қўшимча тўловнинг 5 фоизини тўламаган ёки шартнома имзолашни рад этган (муддатида имзоламаган) танлов ғолиби ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари ҳисобланган шахслар - савдо қоидасини бузган иштирокчи деб эътироф этилиши ва улар ушбу ҳолатни биринчи марта содир этган тақдирда, рад этган санадан бошлаб ўн икки ой муддатга, иккинчи марта такрорлаганда эса муддатсиз даврга танловлардан четлатилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Зеро, давлатимиз томонидан берилаётган мазкур имкониятлар аҳолининг кенг қатламларини меҳнат билан банд қилиш, аҳолининг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

О.Мадрахимов, Хоразм вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси 

Мавзуга оид