s
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан никоҳ фуқаролик далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
Никоҳ тузиш ихтиёрий бўлиб, никоҳ тузиш учун бўлажак эр ва хотин ўз розиликларини эркин ифода қилиш қобилияти ва имкониятига эга бўлишлари шарт, ушбу шахсларни никоҳ тузишига ундаш ёки мажбур қилиш тақиқланади.
Маълумки, эр ва хотин ўртасида оиладаги мулкий муносабатларда ўзаро келишмовчилик юзага келиши мумкин.
Шу сабабли, миллий оила қонунчилигимиз - Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида эр-хотиннинг мулкий муносабатларини тартибга солувчи қоидалар белгиланган.
Ушбу қонун талабларига асосан, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
Эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир.
Эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкини тасарруф этиши билан боғлиқ битим тузилганда бу ҳаракат бошқасининг розилигига кўра амалга оширилаётганлигини англатади.
Эр-хотинлар келгусида оилавий турмушлари давомида мол-мулкка оид низоли вазиятларга дуч келмасликлари учун никоҳ шартномасини тузишлари ва оиладаги мол-мулкларга бўлган ҳуқуқларини тақдирини аниқлаб олишларини ҳаётни ўзи тақозо қилади.
Зеро, никоҳ шартномаси ҳар бир эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатиларини кафолатловчи ҳуқуқий ҳимоядир.
Хоразм вилоят суди судьяси М.Йўлдошева